Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№21 дан: 19.05.2011

СИЗ КУТГАН УЧРАШУВ

"ЗУЛФИЯ МОМО ОБРАЗИ МЕНИНГ ЭНГ ЯХШИ РОЛИМ"

- ДЕЙДИ ХАЛҚИМИЗНИНГ СЕВИМЛИ АКТРИСАСИ ЁРҚИНОЙ ҲОТАМОВА.

Ўзбекистон халқ артисти, мумтоз ва лирик қўшиқларнинг моҳир ижрочиси Ёрқиной Ҳотамова билан 9 май - "Хотира ва қадрлаш куни"га бағишлаб Асака туманида ўтказилган "Қадр" кечасида учрашдик. Опа шу куни асакалик мухлислари эъзозида бўлди ва уларга жонли ижрода ўзи севган қўшиқлардан куйлаб берди.

Фурсат топиб, опани икки оғиз суҳбатга тортдик.

- Ёрқиной опа, Сизни Асака туманида бўлиб ўтаётган "Қадр" кечасида кўриб, тўғриси, "Опани Асака билан нима боғлаб тураркин?" деган хаёлга бордик. Ўша туташ жиҳатлар нима?

- Мени Асака билан боғловчи нарса - бу мухлисларим. Гарчи, фарғоналик бўлсам-да, бугун мени Андижон заминига, Асакага таклиф қилишди. Бундан чексиз фахрланаман. Демак, мухлисларим санъатимни, қўшиқларимни ёқтирган кишилар кўп экан.

- Балки мухлисларингиз Сизга шунчаки тингловчи бўлишмагандир? Қайсидир маънода уларнинг кўнглидан жой олган бўлишингиз мумкин?

- Албатта. Мен асакаликларнинг тўйларида, яхши кунларида, байрамларида доим хизматда эдим. Шу боис, мени бу юрт кишилари ҳурмат қилишади.

- Ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз?

- Асли фарғоналикман. Санъаткор оилада туғилганман. Отам Ғанижон Ҳотамов мусиқачи бўлганлар. Умрининг 40 йилдан кўп вақтини санъатга бағишлаб, Фарғона театрида ишлаганлар. Онам Қаноатхон Ҳотамова ҳам санъаткор эдилар. 45 йилдан ортиқ санъат соҳасида ишлаган ва "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвони билан тақдирланганлар.

Оилада 5 фарзандмиз. Акам Санъатбек, опам Донохон ва мен ота-она изидан кетдик. Биз танлаган йўлга ота-онамиз хайрихоҳ эдилар.

- Сизни кўпчилик ўшлик деб ўйлашарди. Чунки Сиз анча йиллар Ўш театри артистлари билан гастролларга келиб юрардингиз.

- Тўғри, Ўш театрида ишлаганман. 1960-1970 йилларда мени ўзаро шартнома асосида Ўш театрига ишга юборишган. У ерда ҳам обрў топиб, санъатимни элга манзур қила олганман. Менга "Қир-ғизистонда хизмат кўрсатган артист" унвонининг берилиши ҳам шундан.

- Кейинги пайтларда Ўзбекистон телевидениеси томонидан намойиш этилаётган қатор видеофильмларда кўриниб қоляпсиз. Бу роллар Сизни толиқтириб қўймаяптими?

- Артистни руҳлантирадиган ва ижодга йўналтирадиган нарса - бу ишонч. Ишонч бўлсагина, артист ҳеч қачон толиқмайди. Менга ҳам режиссёрлар ишонч билдиришиб, роль таклиф этишганда, ғоят руҳланганман.

- Ҳаётингиз давомида қувончли воқеалар, шодликлар қуршовида кўп бўлгансиз. Ҳар бир ижро этган ролингиз Сизга бир қувонч бўлса керак?

- Санъат соҳасида 40 йилдан ортиқ вақт ишлаяпман. Ҳамон ишда, ижоддаман. Фахрланаманки, мен театрда асосан, бош ролларни ижро этиб келдим. Айниқса, томошабинга манзур роллар ижро этолганимдан, ўзимни бахтли сезаман.

- Ижодкорнинг "Шоҳ асари" бўлади. Сизнинг "Шоҳ асарингиз" қайси ролингиз?

- Мен 2008 йили Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё халқларининг адабиёт ва санъат форумида қатнашиш шарафига эришдим. Форум доирасида алоҳида театр фестивали ўтказилди. Театримиз жамоаси фестивалга "Кампир топайми, дадажон?" комедиясини тайёрлаб борди. Унда мен Зулфия момо образини яратганман.

Ана шу ролим менинг "Шоҳ асарим"дир. Чунки мен шу ролим учун фестивалнинг "Энг яхши аёл образи" номинацияси ғолиби бўлганман. Энг қувончлиси, мен фестивалда берилган мукофот пули эвазига 2009 йили муборак Ҳаж сафарига бориб келдим. Санъаткор учун бундан улуғ бахт бўлмаса керак...

- Ёрқиной опа, Сиз умрингизнинг 40 йилини санъатга, эл ишига бахшида этган аёлсиз. Иш ва оила ташвишларини бира тўла кўтара олганмисиз?

- Аёл учун энг биринчи галда оила зарур. Оила мустаҳкамлигига эришган аёлнинг ташвиши бўлмайди. Мен ишни ҳам ташламаганман, оиламни ҳам барқарор ушлаганман. Уч фарзандим ҳаётда тўғри тарбия топишди. Баҳромжон, Баҳодиржон, Барнохонлар ўзимдек санъаткор бўлиб етишишган. Оиламиз санъаткорлиги бевосита уларни шу йўлга солди, назаримда.

- Андижон аҳлига, хотин-қизларига тилакларингиз?

- Андижон аҳли - азалдан санъатсевар. Бу диёр ўз юлдузлари билан маш-ҳурдир. Истагим, Андижоннинг ҳар соҳада юлдузлари бўлсин. Ўша "юлдузлар"ни дунёга келтираётган аёллари, оналари омон бўлишсин!

- Суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош:

Маҳфуза НОРБОЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди