Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№40 дан: 29.09.2011

БИЗНИНГ СУҲБАТ

АЁЛ - ЎҚИЛМАГАН КИТОБ

Аёлни кўпинча Қуёшга менгзайдилар. Ҳақиқатдан ҳам унинг қалбида ҳарорат, қувват яшайди. Бу қувват катта мақсадларга йўналтирилганда, жамият юксала бошлайди.

Аввало, жамиятни ҳамда унинг бир қисми бўлган оилани бирлаштириб, унга файз-барака киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, гўзаллик, нафосат, эзгулик билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида аёллардир. Улар билан тиллашиш, бир мақсад сари йўналтиришдек масъулият бугун хотин-қизлар қўмитаси зиммасига улкан вазифаларни юклайди.

Бугунги кунда хотин-қизларимиз иштирок этмаган биронта соҳани топишимиз қийин. Гўзал, оқила, тадбиркор аёлларимиз ўзларининг ғамхўрликлари, меҳрибонликлари, шижоатли меҳнатлари билан оиладаги, қолаверса, жамиятдаги мувозанатни сақлаб турадилар. Бу борада тадбиркор аёлларнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссалари салмоқли.

Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Матлубахон Ҳалилова билан суҳбатимиз айнан ана шу мувзуда, бўлди.

***

Туман хотин-қизлар қўмитаси ҳар нафасда Президентимиз ва ҳукуматимизнинг аёлларга баланд эътиборини, ишончини ҳис этиб, шу эътибордан рағбат топиб келяпти. Айнан шунинг учун ҳам бугун - Мустақиллигимизнинг йигирманчи йилида қадамларимиз яна ҳам дадиллашмоқда.

Аёл табиатан серҳаракат, мулоҳазали, тежамкор... Унинг ўз оиласи, яқинлари, фарзандлари билан муносабатида намоён бўладиган бу фазилатларини жамиятда юзага чиқариш, уни фаол фуқаро, курашчан шахс даражасига кўтариш муҳим вазифадир. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз замирида ана шу ният бор.

Улуғ файласуф Афлотун фикрича, инсон руҳини покизалай бориб, ўзини камол топтиради. Руҳнинг соғломлиги - ақл-идрок бутунлиги. Ақл-идроки бутун одамда Ватан, халқ, миллат тушунчалари олий қадрият даражасига кўтарилади. Бугунги кунда туманимизда 175 минг аҳоли истиқомат қилади. Шундан 78 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. 9 та қишлоқ, 61 та МФЙ мавжуд. Жорий йилнинг биринчи ярмида туманимизда 533 нафар тадбиркор аёлларга имтиёзли кредитлар берилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

Хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, бандликни таъминлаш, аёллар тадбиркорлиги ва касаначилигини ривожлантириш йўлида мутасадди идоралар билан ҳамкорлигимиз кўлами кенгайди. Натижада, "Оққўрғон", "Гулистон" МФЙ ҳудудида тадбиркорларнинг 90 фоизини аёллар ташкил этди.

2011 йил - "Кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорлик йили"да бу борада олиб борилаётган ишларимиз янада кучайди. Ҳар бир маҳаллада 10 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Хотин-қизларни "Уста-шогирд" усулида ўқитиш ва шу асосда ҳунарманд аёллар сафини кенгайтириш ҳамда уларга микрокредитлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 20 нафар ҳунарманд хотин-қизларга имтиёзли кредитлар берилди.

Амалга оширилган самарали ишлар натижасида жорий йилда хотин-қизлар учун кўплаб ишчи ўринлари яратилди. Охунбобоев ҚФЙ, Омариқ МФЙ ўрамида "Файз-плюс" шифохонаси қурилиб, 43 та янги иш ўринлари яратилди. Доимий ишга эга бўлганларнинг 38 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

Оққўрғон маҳалласи азалдан ҳунармандлар маскани саналади. Чунки маҳалла ҳудудида ҳунарманд оилалар кўп. Ҳомиджон Тўхтамирзаев оила аъзолари билан мебель тайёрлашади. Қосимжон Пўлатов эса дурадгорлик билан шуғулланади. Ўспирин болалардан 15 нафари бўш вақтларида ҳунар ўрганишади. Гўзалхон Тошбоева ўнлаб қизларни ёнига олиб, тўн тикишни ўргатади. Тўқувчи қизлар Дилноза ва Шаҳнозаларнинг 20-30 нафардан шогирдлари бор. Уларга туман тадбиркорлар палатаси ва туман меҳнат бўлими томонидан имтиёзли кредитлар берилган.

- Дунё пайдо бўлибди-ки, қайнона-келин ўртасида зиддиятлар мавжуд. Шу зиддиятларни бартараф этиш, оилада соғлом муҳитга эришиш учун қўмита томонидан маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Аслида аёлни ўқилмаган китобга қиёслайман. У сир-синоатга тўла бир мўъжиза. Қачонки, унинг қалбига кириб бормас эканмиз, уни тушуниш, ёрдам бериш мушкул. Яқинда қабулимга бир келинчак кириб келди. Умр йўлдоши билан бир-бирини ёқтиришиб, турмуш қуришган экан. Қайнона ўзи ёқтирган бадавлат оиланинг қизини олиб беришни мўлжаллаб юрганида ўғли "Шу қизга уйланаман", - деб туриб олган. Бу келиндан ўзи истагандай орзу-ҳавас кўролмаганидан қайнона унга зуғум ўтказа бошлаган. "Сен бизнинг тенгимиз эмассан", деган гапни айтишгача борган. Келин бу хўрликларга чидолмай, онасиникига кетиб қолган.

Улар яшайдиган МФЙ фаоллари билан биргаликда бу оилага кириб бордик. Қайнона-келин муносабатларига ойдинлик киритдик. Охир-оқибат қайнона келинини уйига олиб келди.

Шундай нохушликларнинг олдини олиш мақсадида туман хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" жамғармаси, Балиқчи туманлараро фуқаролик суди ходимлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда қайнона-келин муносабатлари бўйича туркум учрашувлар, "Ибратли келин", "Қайнона ҳам она" сингари кўрик-танловлар ўтказяпмизки, бу ўз натижасини беряпти.

- Аёлнинг кўзида нам бўлмаслиги учун эркакларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

- Эътибор берган бўлсангиз, тераклар бир-бирига суяниб бўй кўрсатади. Шунингдек, биз аёллар ҳам эркакларга суянамиз. Ҳар қадамда уларнинг тафтини ҳис этгимиз келади. Эркакларга маслаҳатим эса: аёлларни асранг, севинг, қалбига муҳаббат уруғларини сочинг. Меҳр билан кўнглини олинг. Токи, улар аёллигини ҳис қилсин. Аёл қалби муҳаббатга тўлсагина, оламни гулга буркайди.

Суҳбатдош:

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди