Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№40 дан: 29.09.2011

ОВҚАТЛАНИШ ОДОБИ

Мўмин кишининг таом истеъмол қилиши учун риоя қилиши лозим бўлган маълум одоблар бор. Қуйида мусулмон киши дастурхон атрофида ўзини қандай тутиш, овқатланиб то туриб кетгунга қадар қилиниши лозим бўлган амаллар тўғрисида қисқача баён қилиб ўтамиз. Ана шу одоблар бизга ҳамроҳ бўлса, ҳам Аллоҳнинг раҳматига, ҳам эл-юрт орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўламиз.

Биринчидан, мусулмон киши бутун оила аъзоларини ҳалол ризқ билан таомлантиришга эътибор бериши зарур. Зеро, Тангри таоло каломида марҳамат қилади: "Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз" (Моида сураси, 88-оят).

Демак, бировни алдаб, хиёнат қилиб ёки зулм қилган ҳолда бойлик орттиришга уринмаслик лозим. Айни кунда ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ана шундай йўллар билан бойлик орттирган кимсалар, шу дунёнинг ўзидаёқ жазо олмоқда. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, уларнинг оиласида на халоват бор, на вояга етган фарзандларидан рўшнолик кўриш бор...

Иккинчидан, таом истеъмол қилишдан аввал қўлни ювиш хусусида Расули Акрам(с.а.в.) марҳамат қилганлар: "Таомланишдан олдин қўлни ювишда бир савоб бўлса, таомланиб бўлгач ювишдан икки ҳисса савоб бор". Шу мазмундаги яна бир Ҳадисда эса: "Таомланишдан олдин ва ундан кейин қўл ювилиши фақирликни кетказади ва бу амал пайғамбарлар суннатидир" (Тоброний ривоят).

Учинчидан, дастурхон атрофида қулай ҳолатда ўтириб, яъни, ётиб олмай ёки ёнбошламай овқатланиш одобдандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бундай ишларни қатъиян маън қилганлар. Ваҳоланки, бу ҳолатлар фақат одобсизлик кўриниши бўлмай, балки, соғликка ҳам зарар келтиради.

Мисол учун, япон олимлари тик турган ҳолда овқатланишга ёки суюқлик ичишга одат қилган киши, албатта, ҳаёти давомида кўричак касалига мубтало бўлиши аниқ, деб хулоса беришган. Ҳадис шарифда Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Албатта, мен ҳам оддий бир бандаман, бандадек овқатланаман, бандадек ўтираман", дея марҳамат қилганлар.

Тўртинчи, овқатланишда ҳаддан зиёд тўйиб ейиш ҳам яхши одат ҳисобланмайди. Чунки қорин қанча тўқ бўлса, хоҳ ибодат масаласида бўлсин, хоҳ риёзат ишида бўлсин, одам шунча дангасаликка берилувчан бўлади. Аслида, қориннинг учдан бир қисми овқат учун, бир қисми суюқлик учун ва яна бир қисми нафас олиш учун керак. Шу қоидаларга амал қилувчи кишиларнинг табибга мурожаат қилишларига ҳожат қолмайди. Қолаверса, Жаноб Расули Акрам (с.а.в.) ҳеч қачон тўйиб овқат емаганлар.

Бешинчидан, оилада ҳамма жамулжам бўлиб овқатланса, таом баракали, хонадон файзли бўлади. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.): "Таомнинг яхшиси кўпчилик билан баҳам кўрилганидир", - деганлар.

Албатта, мусулмон киши ҳар бир ишни "бисмиллоҳ" билан бошлагани каби таомга қўл чўзганида: "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм" дейиши керак. Расули Акрам (с.а.в.) : "Қайси бир мўмин таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин, агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйган бўлса, "бисмиллаҳи аввалуху ва ахириху" десин", - деб марҳамат қилдилар. Дарвоқе, ўнг қўл билан овқатланиш эса суннат амаллардандур.

Ибн Умардан ривоят қилинган Ҳадисда: "Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Қайси бир мўмин таом еса, ўнг қўл билан есин, сув ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки Шайтон чап қўл билан еб, чап қўл билан сув ичади", дедилар.

Яна бир муҳим амаллардан бири: таомни ҳеч қачон камситмаслик лозим. Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) ҳеч қачон овқатни айбламас эдилар. Мобода, кўнгилларидек бўлмаса, емай қўярдилар, холос. Аммо "Овқат яхши бўлмабди" ёки "Бундай овқатни хуш кўрмас эдим" каби сўзларни асло айтмасдилар. Бир Ҳадиси шарифда: "Нон эъзозланган, чунки у Аллоҳ таолонинг осмон барокатларидан бўлишлиги билан бирга, ернинг барокатли неъматларидан ҳам саналади" деб марҳамат қилинади.

Шунингдек, овқатланишда таомни қайноқ ҳолда емаслик ҳам тавсия этилади. Чунки ошқозон учун бу қийинчилик пайдо қилади. Овқатланиб бўлингач, дуо қилиш эса суннат амаллардан ҳисобланади. Бундан таш-қари, киши исрофгарчиликнинг олдини олишга ҳаракат қилмоғи лозим. Боиси, Аллоҳ таоло исрофгарчиликка йўл қўйган кишини асло дўст тутмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, тўй-тўркин ва турли маросимларда имкон борича ризқ-рўзнинг увол бўлишига йўл қўймаслик лозим.

...Яратган барчаларимизни ҳалолдан таомланишимиз учун ҳалол меҳнат қилишни насиб айласин. Зикр қилинган Ҳадиси шарифларга амал қиладиган саодат аҳлидан бўлишлигимизни муваффақ айласин.

Абдуғулом АБДУЛАҲАТОВ,

Избоскан тумани Мойгир қишлоғидаги

"Катта" жоме масжиди имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди