Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№41 дан: 06.10.2011

СИЗ НИМА ДЕЙСИЗ?

АЙТИЛСА ТИЛ - АЙТИЛМАСА ДИЛ КУЯДИ

Эндигина ўн еттига қадам қўйган бу қизнинг чарос кўзларидаги шашқатор ёш шундай қуюлиб келардики, уни юпатишга, бирор арзигулик сўз топишга ҳам лол қолган эдим. Ахир, унинг қулоғидаги қимматбаҳо сирғаси тушиб қолганида ёки бирор ноёб буюмни ўғрига олдирганида ҳам мунчалик қайғу ва алам чекмаслиги мумкин эди.

Нари борса, тилла буюм топилар, ноёб буюмсиз ҳам яшаш мумкин, дея таскин бериш ўринли бўларди. Бироқ, Маҳбубанинг (қизнинг исми ўзгартирилган) йўқотгани дуру гавҳар эмас, балки унинг дунёдаги тенгсиз бойлиги ёки ҳеч қачон қайтариб бўлмайдиган бокиралиги, номуси эди...

- Бу қандай бўлган эди? - деб сўрайман қизнинг юзига қарай олмай.

- Ўшанда ўн икки ёшга тўлган пайтим, уйимизда ҳеч ким йўқ, акаларим ўқишда, катта опам, дадам ва онам ҳам ишга кетишган эди. Ўша кунлари тоғамнинг мендан уч ёш катта ўғли бизникига меҳмонга келган эди. У уйда ёлғиз қолганлигимдан фойдаланиб, номусимга тажовуз қилди. Мана, беш йилдирки дардим ичимда, нима қилишимни, кимдан маслаҳат сўрашни билмай, мана, энди охири сизга айтяпман.

- Бу ҳақда ота-онангизга айтмаганмисиз?

- Йўқ, мен ўшанда ёш бўлганлигим учунми, жуда қўрққанман. Қолаверса, тоғамнинг ўғли: "Агар бирортасига айтсанг, сени ўлдираман" - деган эди. Кейинроқ бунинг оқибатини тушуниб етдим. Қиз бола учун номусдан ажралиш, ўлимдан ҳам аччиқроқ бўлишига ақлим етгач, юрсам ҳам, турсам ҳам ўша кунги воқеа эсимга тушаверади. Ҳозиргача ҳам яқинларимга бу ҳақда айтмаганман. Фақат яқинда бир сирдош дугонамга ёрилдим. Чунки дугонам ҳеч кимга билдирмаслигига ишонаман. Ахир, кимгадир ичимдагиларни айтишим керак-ку, деб ўйладим-да...

Мен Маҳбубадан: "Бирор гинеколог врачга учраб кўрмадингизми? Балки аҳволингиз у қадар ёмон эмасдир?" - деб сўраганимда, у: "Йўқ, шу пайтгача гинекологга учрашни, ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганман", - дея жавоб берди.

Буғдойранг юзли, истараси иссиққина қизнинг намланган киприклари уни янада гўзалроқ кўрсатар эди. Ўша лаҳзада қизнинг бошига тушган бахтсизлиги ҳақидаги ҳасратини тинглаб бўлгач, дарҳол нимадир деб йўл-йўриқ кўрсатишдан ожиз эдим. Зотан, Эгам қиз болани она қорнида пайдо этган пайтидаёқ унга номус деб аталган ва у йўқолса зинҳор базинҳор қайтариб бўлмайдиган покликни ҳам бунёд этади. Қиз бўлиб вояга етгач, ўзининг енгиллиги, ҳавойи ҳисларга берилган майли билан ундан мосуво бўлганларни элимиз "номуссиз", деб атайди.

Бироқ, зўрлик ва алдовларнинг қурбонларини-чи?.. Гоҳида "фалончининг қизи номусига фалончининг ўғли тажовуз қилибди", дейишади... Афсуски, бундай қисматга рўпара бўлган қизларнинг бир умрлик турмушларига доғ тушади. Ундан ҳалос бўлишнинг чораси топилмайди. Энг ачинарлиси, ҳар бир қизнинг тақдирида бир мартагина бўладиган тўю-тантана, "чимилдиқ" деб аталмиш элимизнинг муқаддас удуми уларга насиб этмайди. Борингки, бундай шўрпешона қизни бирор бир эркакка никоҳлаб беришганида ҳам у бир умр ана шу тавқи лаънат остида яшаб, виждон қийноғида қовурилади.

...Юқорида суҳбатлашганим Маҳбуба "- Тоғамнинг ўғлидан нафратланаман, ҳозир унинг ўз оиласи, болалари бор. Менинг эса бир умр бахтсиз бўлиб қолишимга сабабчи бўлди", дея кўз ёшларини арта-арта хайрлашиб кетди.

Маҳбуба билан суҳбатлашганимга анча вақт ўтди. У ҳозир нима қиляпти экан? Онасига ўз фожиаси ҳақида айтиб бера олдими? Унинг келажак ҳаёти қандай бўлади экан? Бу каби саволларга жавоб топа олсам қани эди...

Аслида, инсон номусига тажовуз Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида жиноят сифатида шарҳланиб, уни содир этганлар тегишли моддалар асосида жавобгарликка тортиладилар. Шу ўринда ўн икки ёшли, ҳали вояга етмаган бир қизалоқ ўн олти ёшли ўсмир йигит томонидан зўрланиши ҳам жиноятдир. Агар ўз вақтида бу фожеадан катталар хабардор бўлишганида, аниқки, тоғавачча муқаррар суд жавобгарлигига тортилиб ва, албатта, қамоқ жазосига ҳукм этилган бўлар эди. Очиғи, агар шундай қилинганида адолат қарор топгандек туюлар эҳтимол. Аслида эса шу жиноятнинг содир этилишида катталарнинг ҳам айби борлигини инкор этиб бўлмайди. Боиси, хонадонда ўсмир ёшдаги йигитчанинг ўн икки ёшли қизалоқ билан ёлғиз, қаровсиз қолдириб кетилгани, ўша нохуш воқеанинг содир этилишига қулай имкониятни юзага келтирган эмасми?..

Тирикчилик ташвиши билан кўчага отланган отани тушуниш мумкин. Рўзғорнинг камини қилайин деб, икир-чикирларга эътиборсиз бўлади. Аммо Маҳбубанинг онаси уйда ёлғиз қолаётган норасида қизининг тақдирига нега бефарқ қаради экан? Агар ўшанда она қизининг ҳаёти ҳақида ҳар дақиқада қайғурганида аниқки, Маҳбуба бугун аламлар гирдобида кўз ёши тўкиб турмаган бўлар эди, эҳтимол...

Очиғини айтиш керак, Аллоҳ ҳар бир бандасига зурриёт кўришдек бахтни насиб этар экан, унга хавф-хатарни олдинроқ сезиш хусусиятини ҳам ато этади. Рисоладаги ота-оналар ўғил ёки қизини узоқ манзилга кузатар эканлар, шуурларида таъриф қилиб бўлмас безовталикни ҳис этадилар. "Эҳтиёт бўл, болагинам, бало-қазолардан Ўзи асрасин", деб қоладилар. Бундай безовталикни тилу забонсиз жониворларда ҳам кузатиш мумкин.

Айтайлик, уйимиз айвонига ин қурган қалдирғочлар ўз полапонларини келаётган хавфу хатардан безовталик билан асрашга интилишларини, ҳеч йўғи бирор марта бўлсин кўрганмиз, албатта. Минг надоматлар бўлсинки, биз - инсонлар гоҳида ана шу жонивордек ҳам бўлолмай қоламиз. Не-не орзу-ҳаваслар билан вояга етказаётган фарзандларини ҳафталаб, ойлаб, йиллаб ўз ҳолларига ташлаб узоқ сафарларда тижорат қилиб юришлар айрим аёллар учун одат тусига кириб қолган. Ундай аёллардан бунинг сабабини суриштирсангиз "Қизимга бировдан кам қилмай сеп йиғишим керак, яна ўғлимга уй қурилишини бошлаб қўйганман", дейишади. Борингки, минг машаққатлар билан топган пулларига ўзи хоҳлаганидек ўғли учун уй-жой қурарлар, қизига эса бировлардан ортиқчароқ сеп-у сидирға ҳам йиғарлар. Бироқ, оналарининг чеккан заҳматлари эвазига куёвлик мартабасига эришган ўғил кейинчалик рўзғорнинг уддасидан чиқадиган эркак бўла оладими? Аксинча, онасининг топганига керилиб юрадиган "бойвачча" бўлиб қолмайди деб, ким кафолат бера олади?

Қиз эса бўлғуси келиннинг сепидан ҳам муҳимроқ бўлган эпи бўлиши лозимлигини, келажакда назокатли аёл сифатида фарзандига оналик қила олиш фазилатларини кимдан ўрганади? Онаси олиб берган қимматбаҳо сеплари бир умр унинг бахтли-тахтли бўлишига хизмат қилса қани эди?..

Бозор иқтисодиёти шароитини ҳар ким ҳар хил тушуняпти. Кимдир мол-дунё тўплаб, кошона монанд уйларда яшашга интилса, илмли инсонлар фарзандларини замонавий касб-ҳунарга йўналтиришиб, бир неча хориж тилларини ўзлаштиришларига шарт-шароит яратмоқдалар. Очиғи, ҳазина эмас, аксинча, илм истаганлар ҳаётда ўз ўринларини топиб, юрт равнақи ва эл манфаати йўлида хизмат қилиб, кўпнинг дуосини олаётганини ҳам кўриб турибмиз. Аммо қатор-қатор машиналари бор, кўп қаватли уй-жойлари бор тижоратчилар шунга яраша тинч ва ҳавас қилгудек яшаётганлари ҳам йўқ эмас.

Таассуф билан таъкидлаш жоизки, дунёнинг айрим мамлакатларида қизларнинг ярим яланғоч кийинишларига, ўзларини эркаклардек эркин тутишларига кўп ҳам эътибор қилинмайди. Йигитларнинг қулоқларига сирға тақишлари, сочларини турли рангга бўяб юришлари ҳам ғарбда одатий тус олган. Кўча-кўйларда тасодифий танишиш, кейин эса ўша лаҳзанинг ўзида икки нотаниш йигит-қиз апоқ-чапоқ бўлишиб, иккинчи соатда қайсидир меҳмонхонада бир тўшакда ётиши улар учун оддий ҳол. Бундай ҳаёсизлик уларнинг кундалик туриш-турмуши ҳисобланади. Аммо бизнинг Шарқда азал-азалдан қизлар тарбиясига ҳам, йигитларни ориятли қилиб вояга етказишга ҳам жиддий эътибор билан қаралган. Алалхусус, қиз боланинг ор-номусли бўлиши, никоҳ тўйига қадар бўлгувси куёв билан қўл бериб кўришиш у ёқда турсин, бўлар-бўлмасга учрашиб юришлар ҳам гуноҳ ҳисобланган. Афсуски, ҳозирги пайтда ана шундай покиза миллий қадриятларимизга ғубор қўнаётгандай.

"Нега шундай бўляпти?" деган ҳақли савол туғилади. Назаримда, ота-оналар ўғил-қизлари даврасида одоб-ахлоқ бобида суҳбат қуришга вақтлари бўлмаяпти чоғи. Эндигина суяги қота бошлаган ўғил-қизларнинг тарбиясига катталарнинг фурсатлари етмаяптими, деб ўйлаб қоламан. Боиси, эртадан кечгача рўзғор ташвиши билан ишлаб чарчаган ота-она кечки пайт ойнаи жаҳонда кетма-кет кўрсатилаётган севги-муҳаббат, эҳтиросли кўринишларга бой телесериалларга маҳлиё бўлаётганлари сир эмас. Айрим ҳолларда "тадбиркорман" дейдиган аёллар ҳафталаб шаҳарма-шаҳар кезишиб, миллионлар топаман, дейишади-ю энг зарури бўлган таълим-тарбия масъулиятини ҳис қилмайдилар.

Кунлар, ойлар, йиллар шу тариқа ўтаверса, ўғил-қизларимиз комиллик ҳақидаги сабоқларни қачон ва қаерда олсинлар? Йигитларда орият, қизларда ҳаё ва ибо туйғусини шакллантириш - ўзлигимизни асрашдир. Ўзлигимиз эса миллатимизга куч бағишловчи буюк қувватдир. Ана шуни асраш эса бугун Сизу биздан ҳушёрликни талаб қилишини асло унутмайлик.

Феруза МИРЗАОЛИМОВА,

журналист.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди