3 МАЙ - ЖАҲОН МАТБУОТИ ЭРКИНЛИГИ КУНИ
МАТБУОТ ЮКСАЛИШ БОСҚИЧИДА
Инсоният тафаккурининг юксалишида оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ўрни ва роли каттадир. Матбуот энг узоқ тарихга эга, у орқали инсонлар дунё янгиликларидан хабардор бўлган. Шу билан бирга у одамларнинг дунёқарашини ўсиб боришига хизмат қилган восита сифатида шаклланди.
Турли даврларда матбуотдан кейин ОАВнинг радио, телевидение каби турлари, айниқса, интернет пайдо бўлгач, инсоният онги ва дунёқараши тубдан ўзгарди. Улардан тўғри фойдаланиш ва ахборотларни таҳлил қилиш эса кишидан мустақил фикр, билим ва тафаккурни талаб этди.
Биз ОАВ ичида ўз ўрнига эга бўлган матбуот ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Матбуот бу - барча босма маҳсулотлар мажмуидир. Тор маънода даврий нашрлар, асосан, газета ва журналларни ифодалайди. Матбуот ижтимоий онгнинг ўткир ва таъсирчан воситаси сифатида кишилик жамияти ривожида муҳим роль ўйнайди, воқеа-ҳодисаларга фаол таъсир кўрсатади, жамоатчилик фикрини шакллантиради, омма онгига муайян қарашларни сингдиришда қудратли ғоявий омил ҳисобланади.
Матбуотнинг илк кўринишлари XV асрнинг ўрталарида Европада юзага келган, қарийб беш аср мобайнида яъни, - радиоэшиттириш ва телевидение пайдо бўлгунга қадар кишилар ўртасида оммавий мулоқотнинг, билим ва ғоялар тарқатишнинг асосий воситаси саналган. Дастлабки босма нашрлар китоб, рисола ва варақалардан иборат бўлган, XVII асрнинг бошларида газеталар, кейинроқ эса журналлар нашр этила бошланган.
XIX асрнинг ўрталарида ахборот агентликлари вужудга келди.
Матбуот қарор топган дастлабки пайтларда Европада черков диний мафкурани тарғиб қилишда китоблардан, варақалардан кенг фойдаланган. Жамият ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётига черков таъсирининг тобора чекланиши натижасида дунёвий матбуот таркиб топди ва ривожлана бошлади.
Газета ва журналларнинг пайдо бўлиши билан "журналис-тика" атамаси ҳам шаклланди. XIX асрнинг ўрталарида вақтли матбуотнинг ривожланиши билан журналистиканинг мазмун доираси кенгайиб, кўп қиррали журналистик фаолиятни англата бошлади. Кейинги асрларга келиб қатор журналистик уюшмалар тузилди. Халқаро Журна- листлар ташкилоти (1906), хал-қаро Журналистлар Федерацияси(1952), Ҳамдўстлик мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ва бошқалар. Африкада эркин матбуот ролини ошириш мақсадида ноширлар, муҳаррирлар, журналистлар томонидан Виндхукс деклерацияси ишлаб чиқилган. ЮНЕСКО томонидан 1991 йил 3 май Жаҳон матбуоти эркинлиги куни деб эълон қилинган ва деклерация қабул қилиниб, шу кунни байрам сифатида нишонлаш белгиланган.
Матбуот кишилик жамиятидаги ўрни ва мавқеини тобора кенгайтириб бормоқда, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларига фаол таъсир кўрсатмоқда.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг, матбуотнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий, қонунчилик базаси мукаммал шаклланди. Шунингдек, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилди. Бундан ташқари, Миллий матбуот маркази, Республика маънавият тарғибот маркази сингари хизматлар ҳам шаклланди.
Бир сўз билан айтганда, айни кунда ОАВ аҳолига тезкор ахборот етказиш, уларнинг тафаккур доираси, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ниҳоятда катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Айниқса, бугунги ахборот асрида матбуотга бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бораётганлигини очиқ эътироф этиш жоиз.
Алишер МАМАТҚУЛОВ,
АДУ хорижий тиллар факультети талабаси.
|