Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№20 дан: 03.05.2012

ЭҲТИРОМ

ЖАНГГОҲЛАРДА ЖАСОРАТ КЎРСАТГАН ЛИДИЯ

Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларг амеҳр-оқибат кўрсатиш қадрият, қолаверса, ҳар бир кишининг инсонийлик бурчи саналади. Мана шу эзгу фазилатлар "Хотира ва қадрлаш" куни муносабати билан янада ёрқин намоён бўлади.

Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи ва иштирокчиси бўлган кишилар сафи тобора камайиб бормоқда. Маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятимизда 436 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Уларнинг 6 нафари эса нуроний онахонлардир. Ана шу табаррук инсонларни йўқлаш, қадрлаш биз авлодларнинг бурчи ҳисобланади.

Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. Фашизм устидан қозонилган ғалабага бу йил 67 йил тўлади. Қонли уруш даҳшатлари, уруш даврининг оғир кунлари ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун инсоният хотирасидан ҳали ўчгани йўқ.

Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласи, Юксалиш кўчасида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Лидия Гуляева бу йил 84 ёшни қаршилади. Уруш йиллари ҳақида гап кетганда, онахон ўша даврларни кўзларида ёш билан хотирлайди. 1941 йил, фронт чизиғидаги оилаларни мамлакат ичкарисига эвакуация қилиш бошланган пайтлар. 13 ёшли қизалоқ партизан отрядига қўшилади. Бир қанча қўпорув ишларида қатнашади. 1942 йилнинг охирига келиб Лидияни ҳарбий қисмга ўтказишади. У 3-Украина фронти таркибидаги ҳарбий қисмда хизмат қила бошлади. Десантчи-танк полкининг 2-корпусида санинструкторлик қилди. Жанговор сафдошлари қаторида Бухарест, Будапешт, Вена ва Прагани озод этиш учун мардонавор курашди.

Қаҳрамон онахоннинг кўксини безаб турган 25 та орден ва медалларнинг ҳар биттаси алоҳида бир достон. Биз "Жасорат учун" медалининг тарихи билан қизиқдик. 1944 йил. Лидия хизмат қиладиган полк Венага кириб борди. Шундоққина шаҳарга кираверишда уйларнинг томида немисларнинг назорат пости қўйилган экан. Ана шу жойдан бирданига ўқ ёғила бошлади. Бир тарафда пиёда жангчилар, яна бир тарафда эса қурол-аслаҳа тўла юк машиналари эшелони. Агар битта машина портласа борми, нақд қиёмат қойим бўлиши аниқ. Зуввиллаб ўтаётган пулемёт ўқлари ёғилиб турса-да, Лидия ўзини йўқотиб қўймади. Мард ва жасур қиз қурол-аслаҳа юкланган машиналардан бирига шундоқ ўтирди-да, юргазиб, хавфсиз жойга келтириб қўйди. Жасур жангчи қизнинг қаҳрамонлиги анчагача сафдош дўстларининг тилидан тушмади. Дивизия қўмондони генерал Свиридов "Жасорати учун" медалини шахсан ўзи унинг кўксига тақиб қўйган. Ўшанда Лидия 16 ёшда эди.

Лидия Константиновна ғалабани Чехославакияда кутиб олди. Урушдан кейин Ўзбекистонга келади. Украиналик қиз бу ерда ўзбек йигити Мамажон Халилов билан умр йўлларини боғлайди. Турмуш ўртоғи механика заводида ишларди. Лидия опа аввалига 12 йил савдо соҳасида меҳнат қилди. 1992 йилдан то нафақага чиққунига қадар "Андижон-2" депосида ишлади. Иш фаолиятида ҳам сидқидилдан меҳнат қилиб, ҳукуматимиз томонидан кўп бор муносиб тақдирланган.

Дарвоқе, қаҳрамонимиз Мамажон ота билан ўзларининг 6 нафар ва боқиб олган 2 нафар фарзандларини оқ ювиб-оқ тараб вояга етказдилар. Светлана, Евгений, Людмила, Любовь, Владимир, Елена қаторида Лидия ва Наташалар ота-онаси орзу қилгандек яхши фарзандлар бўлишган, ўзларидан кўпа-йишган. Айни пайтда, Лидия Константиновна 13 нафар невара ва 6 нафар чеваранинг меҳрибон бувижониси. Афсуски, Мамажон отага уларнинг камолини кўриш насиб этмади.

Шу кунларда давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 400 минг сўмдан пул мукофотлари тантанали равишда топширилмоқда. Жамоат ташкилотлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳлари томонидан уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига бориб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

- Биз, фахрийларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва меҳрдан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда, - дейди Лидия Константиновна. - Минг шукр, бугун ҳаётимиз фаровон, юртимиз тинч. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг ободлиги, дастурхонимизнинг тўкинлиги ана шу тинчлик туфайлидир.

Биз - ёш авлод дунёда ҳамиша тинчлик барқарор, осмонимиз мусаффо бўлишини тилаган ҳолда, уруш қатнашчиларининг мардлиги, жасорати олдида доимо таъзимдамиз.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.

Суратда: Л.К.ГУЛЯЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди