Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№27 дан: 21.06.2012

НУҚТАИ НАЗАР

АЁЛ ЛИБОСИ

ЁХУД УНГА СОДИҚЛИК ХУСУСИДА

Шундай бир афсонани эшитганим бор. Аёл яратилаётганда оламда борики нарсалар мужассам этилибди. Гулларнинг чиройи-ю, елларнинг беқарорлиги, охир-оқибат эса ибо, ҳаё қўшиб, унинг малоҳати зиёда қилинибди. Ва Яратган айтибдики, ким вафони, ибони, оилани азиз билса, ўзи ҳам азиз бўлади...

Бу йил - "Мустаҳкам оила йили". Шу муносабат билан биз ҳам қизларимиз, йигитларимиз, оилалар, ҳаё, ибо, ота-она олдидаги бурч ҳақида қайта-қайта ёзишга чоғланамиз.

Аёллар учун ўша ибо, ҳаёни асраб-авайлаш муҳим эканлигини таъкидлаймиз. Чунки кейинги пайтларда аёлларнинг ўзларига ярашиқлик хислатлари, фазилатлари арзонлашиб кетгандай гўё. Нега дейсизми? Баъзиларимиз аввало, қаноат, сабр деган энг муқаддас хислатни йўқотдик. Уй юмушлари, меҳнатдан қочиб осон йўл билан яхши кийиниш, яхши яшашга уриняпмиз. Тўғри, биз аёллар эркаклар билан тенг ҳолда давлатни бошқариш ишларида иштирок этаётганимиз, жамиятда ўз ўрнимизнинг борлиги бахтимиздир. Лекин бу бахтимиз аввало, оила тебратишимиз, бекалик қилишимизда қўл келиши лозим. Кўпчиликда шундай бўляпти ҳам. Уй-рўзғорини, болаларини ҳамда ўз иш вазифасини муносиб бажараётганлар кўп.

...Маърифат опа нуфузли ташкилотда узоқ йиллар раҳбарлик қилди. Кекса қайнона, қайнотаси, фарзандлар тарбияси, уй-рўзғор ишлари опанинг олдидан бир зум нари сурилмади. Турмуш ўртоғининг: "Аяси, оила ва ишингизни тенг уддалай олсангиз ишланг, бўлмаса, оила, фарзандлар тарбиясининг ўзи сиз учун катта иш. Ўйлаб кўринг..." деганида, ҳеч иккиланмай ишлашга қарор қилганди. Опа ўзидаги қатъият, ишончга суяндими, оилани ишдан, ишдан оилани айро кўрмади. Тунда кир ювилиб, тонгда нон ёпилди. Қайнона, қайнотасининг қаровига ҳам улгурди. Уларнинг дуосини олиб, кам бўлмади. Айниқса, ўғил-қизларининг юриш-туриши-ю кийиниш борасида назоратни қаттиқ ушлади. Уларни бўш қолдирмаслик учун ўқиш ва меҳнатга тенг жалб қилди. Тарбиянинг таъми эса мана энди билиняпти. Бугун Маърифатхон опа ибратли оила бекаси, пиру бадавлат онахон сифатида эл-юрт эъзозида.

Лекин борига қаноат қилмай, бир кўйлак ўрнига бештасини кияман деб, аёл бўлганимдан кейин гўзаллигимдан фойдаланай қабилида иш тутаётганлар ҳам ёнгинамизда юришибди. Уларнинг айримлари ҳатто, ўз манфаатини, фойдасини кўзлаб, ўзгаларнинг бахтига зомин бўлишмоқда.

...Наргиза эрининг у ёғидан ўтиб, бу ёғидан ўтиб, охири таниш дугоналари билан бўладиган гап-гаштакка қўшилиб олди. Ҳамма бало шундан бошланди. Бир-икки бор индамай бор либосини кийиб юрди. Қараса, дугоналари ҳар сафар ҳар хил кўринишда келишига аҳамият берди. Улар таққан зеб-зийнатлар ҳам кўзини олди. Энди Наргизада борига қаноат йўқолди. Маошга кун кўрадиган эридан нафақат "гап"га бериладиган пул балки, бозорда сўнгги русумдаги либослардан ҳам олиб беришини талаб қила бошлади. Шундан уйда ҳаловат йўқолди. Қўлидаги гўдагини боғчага бериб, ишига қайтди. Юриш-туриши, кийиниши ўзгарди. Эрига паст назар билан қарайдиган бўлди. Машинали, давлатманд эрли дугоналарига ҳаваси келди. "Менинг улардан қаерим кам?", дея ҳасад қилишгача борди. Охир-оқибат эса ўша дугонасининг кўзига чўп суқишдан ҳам тоймади...

Наргиза инсоф-диёнатли, садоқатли турмуш ўртоғи ўрнига тагида машина, чўнтаги тўла пул бўлган бойваччаларни афзал кўриб, аёллик ибоси, ҳаёсини оёқ ости қилди. Бундайлар назаримизда, бугунини, эртасини кўради, холос. Ундан олисроқни кўра олишмайди. Нигоҳлари бойлик, давлатга сингиб кетади. Аслида-чи, буни ҳаёт дейдилар, қайтар дунё дейдилар. Аллоҳ ҳисоб-китобда сира адашмайди.

Ёдингизда бўлса керак, йигит ўзининг кекса отасини "борса-келмас"га олиб кетаётганида ҳарсанг тош устида ҳордиқ чиқаришаётган пайт, ота мийиғида кулади. Йигит ҳайрон. Нега кул-япсиз, мен сизни "борса келмас"га олиб кетяпман деса, кекса ота: "Мен ҳам отамни "борса келмас" жойга олиб кетаётганимда худди шу ерда дам олгандим, қайтар дунё экан", дейди. Булар бежиз айтилмаган...

Биз - аёлларни ҳаёт кўрки дейишар экан, шу мақтовга муносиб бўлишимиз лозим. Тош келса кемириб, сув келса симириб яшаганимиздагина, бахт-у камолимизга етишамиз. Биз, аёллар оиламиз учун, бахтимиз, фарзандларимиз учун қалъа бўлишимиз лозим. Аёллик нафосатимиз билан ёмонликнинг олдини олишимиз, қуёшдек иссиқлик билан қоронғу кунларни ёритишимиз, меҳримиз билан иситмоғимиз даркор. Покизалигимиз билан хонадонга қут-барака келтиришимиз, чаққонлигимиз, саранжом-саришталик билан кўнгилларни хушнуд этмоғимиз лозим. Кези келганда ўша хийла-найрангларни ўзгаларнинг оиласини бузишга эмас, балки ўз хонадонимиз осойишталиги учун ишлатсак яхши бўлар эди. Шунда эркакларнинг биз аёллар тўғрисидаги қарашлари янада гўзалроқ, тиниқроқ бўларди. Шундагина ҳаётда ўз ўрнимизга, фарзандларимиз олдида ўз мавқеимизга эришамиз. Бир кун келиб ҳаёт ҳам, фарзандлар ҳам сўроққа тутганда қийналмаймиз.

Билингки, ибо, ҳаёга содиқ қолган аёлларгина бахтлидирлар.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди