Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№42 дан: 04.10.2012

ҚИЛМИШ-ҚИДИРМИШ

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ...

17-18 ёш инсон умрининг энг гўзал онлари ҳисобланади. Бу пайтда ҳар қандай йигит коллеж ёки лицейни тамомлаб, бирорта ўзи ёқтирган олий ўқув юртига кириш имтиҳонларини топшириш илинжида китобдан бош кўтармай тайёргарлик кўриш билан овора ёки мустақил ҳаётга илк бора қадам босиб, келажакда ўз йўлини топиш мақсадида бирор ҳунарни ўрганаётган пайти бўлади. Аммо қаҳрамонимиз Илёсбекнинг(исмлар ўзгартирилган) ўй-хаёли тамоман бошқа. Унинг мақсади олий ўқув юртини тамомлаб, диплом олиш эмас, келажакда бир оила бошлиғи бўлиб оила тебратиш мақсадида бирор ҳунарнинг этагини тутиш ҳам эмас. Унинг мақсади текин пул топиш. Меҳнат қилмай туриб катта даромадга эга бўлиш.

Мана, бир неча кундирки, Илёсбекнинг уйқусида ҳаловат йўқ. Чунки у кўз остига олиб қўйган "Пайнет" дўконини ўмариш илинжида. Аввалига бу ишни бир ўзи эмас, дўстлари билан амалга оширишни ўйлади. Шу ниятда 2012 йилнинг 18 март куни ўзи доим қатнайдиган интернет клубига бориб, дўстларини топди. Уларнинг режаси билан таништирди. Бахтга қарши Одилжонни онаси чақириб қолди, Воҳид эса уйида ишлари қалашиб ётганлигини рўйкач қилди.

"Ўзларингдан кўринглар, - деб ўйлади Илёсбек. - Ишим сенларсиз ҳам битаверади. Нима, биттагина "Пайнет"ни бузиш иш бўптими менга. Қайтанга менга яхши бўлди. Ўғирлаган нарсаларим бўлинмайди. Ҳаммаси ўзимга қолади"...

Илёсбек шундай ўй-хаёллар билан Тошкент кўчасини кеза бошлади. Атроф жим-жит. Ора-чура итларнинг аккиллаши-ю узоқдаги машиналарнинг овозини айтмаса, ортиқча шовқин йўқ. Чунки бу пайтда соат миллари ҳам тунги бир яримни кўрсатиб турарди. У мўлжаллаб қўйган "Пайнет"ининг олдига келди. Аввал ён-атрофга олазарак қаради. Яна жим-жит. Илёсбек уста ўғрилар сингари тезда ишга киришди. Аввал дўконнинг қулфини ерда ётган тош билан уриб синдирди ва ичкарига кирди. Бахти бор экан. Ўлжа чакана эмас экан. У 400 минг сўмлик "ЛОС" номли компьютер монитори, нархи 450 минг сўмлик бир дона компьютер процессори, учта модем ҳамда 84 минг сўм нақд пулларни, жами 1 миллион 159 минг сўмлик мол-мулкларни ўмариб, воқеа жойидан ғойиб бўлди.

Илёсбек ҳамма нарсаларни уйига оолиб борди, компьютер монитори ва процессорни эса бир дўстиникига қўйиб турди. Уларнинг ўғирлик мол эканлиги ҳақида эса "чурқ" этмади. "Мана, энди иш пишди,- ўйлади Илёсбек. - Ҳеч ким сезмади. Навбатдаги иш молларни сотиб, изни йўқотиш. Нима қипти, унга қолса арзон-гаров сотиб юборади. Бели қайишибдимики, жон койитса. Унга харидорлар ҳам топилақолди. Модемлардан бирини 22 минг, иккинчисини эса 20 минг сўмга пуллади. Учунчиси ўзида қолди. Компьютер монитори ва процессорини сотишни режалаштирган "йигит"нинг иши анча юришиб қолди. Чунки бу молларга у харидор қидириб ҳам юрмади. Дўсти Умид кечаги нарсаларини сотишини таклиф қилди.

- Шуларни менга сотиб қўя қол, дўстим, - деди илтимос қилиб. - Анчадан бери шунақа компьютер олишни орзу қилиб юрувдим. Агар сотсанг ёмон бўлмасди.

Илёсбек ичида "жон"деб турса ҳам сездирмади:

- Энди, қандоқ бўларкин. Ўзим ишлатсаммикин... Сотса пул бўлади - кул бўлади. Бу ҳам бир буюм ахир.

Дўсти эса қўймади. Ва ниҳоят, савдо пишди. Компьютер 350 минг сўмга баҳоланди.

- Ҳоҳласанг мана бу қиммат телефонимни бериб, устига яна йигирма минг сўм қўшиб бераман,- деди Умид иши осон битганидан қувониб.

Илёсбек "Нокия - 5310" русумли телефоннинг уёқ-буёғини айлантириб кўрди. Ёқди чоғи, қўл чўзди:

- Розиман.

Бир неча кунда анча-мунча даромадга эга бўлган Илёсбекнинг нафси яна ҳакалак отди. Яна янги режа ўйлаб топди. Унга эса эски шерикларини чорлади.

... Шу йилнинг 7 апрель санаси. Тунги соат 22.00. Андижон шаҳри, Мирпўстин кўчасидаги соат минораси олдида учта шарпа кўринди. Бу Илёсбек ва унинг ҳамтовоқлари Одилжон ва Воҳиджон.

- Келдингларми? - деди Илёсбек.

- Ҳа,- деди дўстлари. - Келишганимиздек.

- Бўлмаса пича айланайлик. Одамлар сал сийраклашсин. Уй-уйларига кириб кетишгач, режамизни амалга оширамиз. Зора, шу атрофда бизга мос келадиган ўлжа топила қолса.

Дўстлар рози бўлишди. Улар тунги бирларга қадар айланиб юришди ва охири бир озиқ-овқат дўконинг олдида тўхташди.

- Бўлди-да энди, - деди улардан бири. - Юраверган билан фойда йўқ. Бўладиган ишнинг бўлгани яхши.

- Рост,- деди иккинчиси. - Аммо - лекин мана бу дўкон ҳам чаккимас. Уччовимизга етарли нарса чиқади-ёв.

Улар вақтни беҳуда кетказмаслик мақсадида ишга киришишди. Воҳид киссасидаги отвёрткани олдида, дўконнинг эшигига илинган тепа қисмидаги қулфни осонгина очди.

- Буни йўқот,- деди Илёсга қулфни узатаркан.

Илёсбек ҳам чапдастлик билан қулфни дўкондан сал нарироққа ташлаб келди. Навбат иккинчи қулфга келди. Бу қулфни очиб олганларида-ю, ошиғи олчи эди. Аммо бахтга қарши шоввозларнинг иши юришмади. Чунки шу пайтда аҳолининг тинчлигини ҳимоя қилиб "Матиз" автомашинасида ҳудуд бўйлаб юрган профилактика инспекторлари уларнинг шум ниятидан огоҳ бўлиб, тезда ишга киришдилар.

...Халқимизда бир нақл бор. "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади". Бу шоввозларнинг номаъқул ишлари эса узоққа чўзилмади. Улар устидан жиноий иш қўзғатилиб, қилмишларига яраша жазо тайинланди.

Бир савол туғилади. Юқоридаги қаҳрамонларимиз, яъни эндигина 17-18 ёшдаги йигитларнинг бундай йўлга киришларига сабаб нима? Ахир уларнинг нав-қиронлик пайти, айни кучга тўлган, ишлаб чарчамайдиган даври эмасми? Бу нарса энг аввало, уларнинг оиласидаги муҳитга, дунёқарашига ҳам боғлиқ. Агар бу ёшларнинг оиласида соғлом муҳит ҳукм сурганида эди улар ўз олдиларига нопоклик ила топилган мўмай даромадни эмас, балки пешона тери билан пул топишни, она Ватан олдидаги фарзандлик бурчини адо этишни мақсад қилган бўларди. Эҳтимол шундагина бундай ҳолатлар содир бўлмаган бўларди.

Уларнинг бу қилмишлари бошқа ёшларга ўрнак бўлади, деган умиддамиз. Қолаверса, ота-оналарга ўз фарзандларининг юриш-туришларини назоратсиз қолдирмасликларини маслаҳат берардик.

Сардорбек АБДУСАТТАРОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Андижон шаҳар судининг судьяси,

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,

"Иқбол" мухбири.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди