Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№11 дан: 14.03.2013

ДЕПУТАТ БИЛАН СУҲБАТ

ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛИК МАСЪУЛИЯТИ

Манзурахон Жўраева - Асака туман "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси, туман кенгаши депутати.

- Манзурахон, депутат қилиб сайлаш билан халқимиз Сизга катта ваколат берди, айни вақтда зиммангизга масъулиятли вазифалар юкланди. Шундай эмасми?

- Албатта. Мен 2000 йилдан буён учинчи марта 20 - Улуғбек сайлов участкасидан Асака туман кенгашига депутат этиб сайланганман. Бу участкага "Бирлик" ҳамда "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли киради. Уларнинг муаммолари анчагина. Кўпроқ бу ҳудудларни йўл масаласи қийнайди. Чунки ёғин-сочинли кунлар кўп. Тош-шағал тўшалган йўллар тез-тез яроқсиз ҳолга келади.Шунинг учун ваколатим даражасида уларнинг оғирини енгил қилишга, муаммоларига ечим топишга ҳаракат қиламан. Халқ билан ҳамнафас бўлиш масъулияти доимо мени ҳушёр қилиб туради.

- Депутат сифатида қандай ишларни амалга оширдингиз?

- Сайловчиларимиз билан доимий учрашиб, уларнинг талаб ва истакларини ўрганиб бораман. Энди бу талабларга беш-олти кишининг шахсий талаби деб эмас, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган топшириқ, деб қарайман. Чунки бу талабларнинг бажарилиши жамиятимизнинг ўсиши, равнақига ҳисса қўшади. Шунинг учун қонун ҳар биримизга зиммамиздаги талабларни бажариш учун барча идораларга, корхоналар, ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқини беради. Депутатлик бурчимиз биздан сергак, онгли, дадил, журъатли бўлишимизни талаб қилади. Кейинги йилларда депутатлик сўрови асосида бир қатор муаммоли масалаларни ижобий ҳал этишга эришдик. Юқори Асака ва Исломобод кўчаларига иккита гузар қурилиб, фойдаланишга топширилди. "Дўстлик" МФЙ идораси қурилди. 23 та кўчанинг йўлларини асфальтлаштириш хусусида мурожаат тушган эди. Баъзи бир оқсоқоллар, раҳбарлар билан масалани атрофлича ўрганиб, муаммога ечим топишга уриндик. Зарурий ҳужжатлар йиғдик, мутасадди раҳбарлар билан гаплашдик. Хуллас, ана шу кўчалар текисланиб, асфальт ётқизилди.

- Манзурахон, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида тўхталсангиз?

- Аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, касаначиликни ривожлантириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам сезиларли ишлар қилишга улгурдик. 120 та кам таъминланган хонадонларни газ балонлар ҳамда кўмир билан таъминладик. 11 та оилага оилавий тадбиркорликни ривожлантиришлари учун Микрокредитбанк туман бўлими томонидан кредит маблағлари олиб, иш бошлашларига кўмаклашдик.

- Оила, бекаликдан ташқари, депутатлик, маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасидаги юмушларингиз бор. Ҳаммасига улгура оляпсизми?

- Аёл кишида истак, оиласида хотиржамлик бўлса, ҳаммасини уддалаш мумкин. Халқимизга фойдам тегаётганидан, уларнинг оғирини енгил қилаётганимдан хурсанд бўламан. Маҳалла фуқаролар йиғинимизда олиб бораётган ишларимиз юзасидан ҳар йили юқори кўрсаткичларга эришиб келяпмиз. 2008 йили "Ёшларни энг кўп қўллайдиган раис", 2010 йили "Энг намунали раис", 2011 йили "Қадриятлар бешигисан азиз маҳаллам" кўрик-танловида, 2012 йили эса вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан 9 йил мобайнида ёшлар, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик рўйхатга олинмаганлиги учун "Энг фидойи раис" дея эътироф этилиб, компьютер жамланмаси билан тақдирландик.

- Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун изчил олиб борилаётган ислоҳотларни кузатиб, ҳаёлингиздан қандай ўйлар кечяпти?

- Мустақиллик шарофати билан миллатимиз ўз-ўзини англаб етди. Бугун ўзбек халқи бировлар учун меҳнат қилмайди. Барча ҳақ-ҳуқуқларимиз қонун билан кафолатланган. Шу сабаб турмушимиз кундан-кунга фаровонлашиб, шаҳару қишлоқлар қисқа фурсатда ободонлашиб бормоқда. Депутатлик фаолиятим даврида кўрган-билганларим, ўрганганларим иш жараёнида қўл келяпти. Бугун депутатлик фаолиятимни таҳлил қилиб, сарҳисоб этарканман, кўнглимда ифтихор ва ғурур туйғуларини туйдим. Чунки ишончли вакил сифатида халқ ичида юриш, истиқлол туфайли бошланган улуғ ишларга камарбаста бўлиш нафақат куч-ғайрат, балки катта масъулият ҳам юклайди.

Суҳбатдош:

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди