Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№13 дан: 28.03.2013

27 МАРТ - ХАЛҚАРО ТЕАТР КУНИ

ТЕАТР - МАЪНАВИЯТ ЎЧОҒИ

1961 йилда ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институтининг 9-конгрессида 27 март - Халқаро театр куни деб эълон қилинган. Мана, 53 йилдирки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам Халқаро театр куни кенг нишонланиб келинади.

Шу сана муносабати билан вилоятимизнинг бош театри - Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги мусиқали драма ва комедия театри тарихи хусусида қисқача тўхталиб ўтсак.

Маълумки, Андижонда зиёлилар томонидан октябрь инқилобидан аввал театр труппаси тузилиб, фаолият кўрсатган. Инқилобдан сўнг бу ижодий жамоа анча кенгайди. Ўтган асрнинг 20-йилларига келиб, театр жамоаси фаолияти янги босқичга кўтарилди. Тўхтасин Жалилов, Абдуваҳоб Азимов, Исҳоқ Қори Каримов, Беркинбой Файзиев, Муҳиддин ҳожи Нажмиддинов сингари санъаткорлар давраси Мирзажон Каримов, Сайфи Зияев, Бурхон Машрабий, Аъзам Исроилов, Қозоқжон Иброҳимов сингари санъаткорлар билан кенгайди.

Театрнинг халқ оммасига кириб бориши ва шаклланишида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий асарларининг саҳнага қўйилиши халқнинг санъатга бўлган қизиқишини янада кучайтирди.

Йиллар давомида труппа ўз репертуарини бойитиб борди. Айниқса, маҳаллий драматурглар асарларининг саҳналаштирилиши халқ оммаси орасида театрга бўлган қизиқишни янада оширди.

Театрнинг юксалиб, тараққий этиб боришида, инсонлар қалбини забт этиб, уларнинг маънавиятини юксалтиришда устоз санъаткорларнинг хизматлари катта, албатта. Андижон театрида узоқ йиллар меҳнати сингган ташкилотчи-раҳбар Муҳиддин қори Ёқубов умрини шу соҳага бахшида этган, десак муболаға бўлмайди. У театрни юқори поғоналарга олиб чиқиш билан бир қаторда, иқтидорли актёрларни илғай олди. Уларни руҳлантира билди.

1960 йилларда театр санъатига бўлган талаб ва қизиқиш янада кучайди. Томошабинлар ҳар бир театр репертуарини интиқлик билан кута бошлади. Айниқса, классик саҳна асарлари уларнинг севимли асарига айланди. Драматург Хошимжон Раззоқовнинг 1962 йили саҳналаштирилган "Нодира" мусиқали драмасининг йил давомида 300 марта қўйилишининг ўзиёқ томошабинларнинг санъатга, маънавиятга қай даражада чанқоқлигини билдиради. Бу эса театр жамоасининг катта ютуғи ҳисобланади.

Театрни ўзининг ёрқин роллари билан томошабинлар қалбида бир умрга муҳрланиб қолган устоз санъаткорлар Ўзбекистон Халқ артистлари Жалил Раҳимов, Айсар Иброҳимов, Малоҳат Исақова, Азиза Аминова, Маърифат Убайдуллаева, Қамара Бурнашева, Асад Исматов, хофиз ва актёр Маткарим Болтабоевларсиз тасаввур қилиш қийин.

Театр жамоаси айни пайтда истеъдодли актёрлар, янги асарлар билан бойиди. Айниқса, мустақиллик йилларида катта муваффақиятларга эришди.

Шу кунларда театр жамоасининг репертуаридаги янги, замонавий асарлари намойиш этилмоқда. Жумладан, ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг "Қуёшни сен уйғотасан", Нурилло Аббоснинг "Танҳо юлдуз" спектакллари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, тажрибали режиссёр Валижон Умаров томонидан саҳналаштирилди. Бир сўз билан айтганда, театр жамоаси айни пайтда юксалиш йўлидан дадил одимлаб бормоқда.

Биз барча ҳамкасбларимизни, ижодкорларни Халқаро театр куни билан муборакбод этиб, барчаларига юксак ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

Олтинбой ҚУВВАТОВ,

театршунос.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди