Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№13 дан: 28.03.2013

2013 ЙИЛ - ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ

"ФАРЗАНДИМНИ БАХТСИЗ ҚИЛДИМ"

ЁХУД ЭРТА НИКОҲ ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ ХУСУСИДА

"Никоҳнинг вақти-соати қачон?" Эл ичида бу гап тез-тез такрорланади. Айниқса, ўғил-қизларимиз кўзга кўриниб, ҳавас ҳақида гап кетдими, бу жумла қулоғимизга чалинади. Хўш, икки ёшнинг оила қуриши, никоҳдан ўтиш вақти қачон бўлади?

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида никоҳдан ўтиш ёши қизлар учун 17, йигитлар учун эса 18 ёш қилиб белгиланганлиги барчамизга маълум.

Бугун бу мавзуда фикр юритишимизга таҳририятимизга келган бир мактуб сабаб бўлди. У шундай жумлалар билан бошланади:

"Қайнонам оғир бетоб бўлиб ётиб қолган эди. Бош набирамнинг тўйини кўрмай туриб ўтиб кетмай, тезроқ уйлантиринглар, деявериб қўймагани учун, эндигина 17 ёшга тўлган ўғлимни бир танишимнинг 16 ёшли қизига унаштирдик. Иккаласи ҳам никоҳ ёшига етмаганлиги боис, шаърий никоҳ ўқитиб, тўйини ўтказдик. Қайнонам набира келинли бўлди. Лекин...

Тўйдан бир йил ўтмай келиним икки марта ҳомиласидан айрилди. Анча-мунча даволашлар, муолажалардан сўнг у яна ҳомиладор бўлди. Бир кун уйда бўлса, ҳафталаб касалхонада умри ўтарди. Ниҳоят, қизчали бўлди, аммо кўп укол-дори олавериб, бола етилиб кетган экан. Туғруқ асоратли кечди. Шифокорларнинг айтишича, энди у бошқа бола кўролмас экан. Келиним ҳам нимжон бўлиб қолди.

Бу борада иккала ёш келишолмай ажрашиб кетишди. Қанча ялиниб-ёлвормай, ўғлим барибир "яшамайман", деб кўнмаяпти.

Ўғлим ва келинимнинг бахтсизлигида ўзимни айбдор деб ҳисоблайман. Агар ўғлим ёши улғайиб, ҳаётда оқ-қорани таниб, ўзи пул топиб, кейин турмуш қурганида, балки оила ва фарзанднинг қадрига етган бўлармиди? Келиним ҳам турмуш қуриш ёшига етиб, ҳам жисман, ҳам маънан етилганида ҳозирги бу ташвишлар бошимизга тушмасмиди?

Бекорга Конституциямизда никоҳ ёши белгилаб қўйилмаган экан-да, ҳамма нарсанинг ҳам вақти-соатида бўлгани яхши экан".

Шифокорларнинг айтишича ушбу мактуб сабаб, газетамиз саҳифасида фаол аёлларимиз иштирокида давра суҳбати ташкил этдик.

Илтифотхон опа

БОЛТАБОЕВА -

вилоят

қайноналар

мактаби раиси.

- Катталарда гап кўп. Ҳали ҳаётда пишмаган, ақлий салоҳияти етилмаган қизларни келин қилишни истаганлар, афсуски, орамизда йўқ эмас. Уларнинг нияти нима? Аввало, ёш келинни уйдаги барча таомилларга бўйсундиришни хоҳлайди. "Ёш қизни келин қилсам, ҳамма айтганларимни сўзсиз бажаради", деб ўйлашади. "16 ёшли қизга уйлансам, менинг ҳам, онамнинг ҳам айтганини қилади", дейдиган йигитлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Лекин маълум вақт ўтгач, ёш келинчакнинг уқувсизлиги, тажрибасизлиги кўзга ташланади. Қайнона бошқа келин қилишни, йигит бошқасига уйланишни хоҳлаб қолади. Бундай оилаларда низолар нимадан келиб чиқади? Овқат қилишни билмас эмиш, боласини соғлом туғолмаган эмиш. Шуни важ қилиб, уни уйидан ҳайдаб юбораётган қайноналар ҳам орамизда бор. Бу қиз боланинг нафақат маънавий, ҳатто жисмоний жиҳатдан ҳам оилавий ҳаётга тайёр эмаслигини кўрсатади. Қолаверса, қиз чиқараётган оналарнинг ўзи ёш. Шунинг учун қайнона бўлаётган оналарнинг ўзларини ҳам тар-биялаш керак.

Барнохон

РАСУЛОВА -

Андижон шаҳар

ФҲДЁ бўлими

мудираси.

- Юқоридаги мактубда баён қилинган муаммоли воқеага ўхшаш ҳолатга шахсан мен ҳам гувоҳ бўлганман. ФҲДЁ бўлимимизга уч боланинг онаси ёрдам беришимизни сўраб, мурожаат қилди. Маълум бўлишича, унинг ота-онаси ҳали ўн етти ёшга тўлмаган, коллежни ҳам тамомламаган қизини турмушга узатган. Қиз ҳам ота-онасининг раъйини қайтармай, улар раво кўрган йигитга турмушга чиқиб, кетма-кет уч фарзандли бўлган. Етти-саккиз йилдан кейин у қайнонасига, эрига ёқмай қолган. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ бўлиб, уйдан ҳайдашган. Биз унинг қайнонаси билан суҳбатлашганимизда минг хил баҳона қилди. Муроса-ю мадора ҳақида эшитишни ҳам истамади. Ҳатто, набиралари ҳам кўзига кўринмади.

Ниҳоят сўнгги чора сифатида 24 ёшли, уч боласи бор аёлга суд томонидан пул ундириб беришга қарор чиқарилди. Тасаввур қилинг, ўша арзимаган пулга на уй сотиб олиб бўлади, на бошқа нарса.

Қиз болани вояга етганда тезроқ турмушга узатиб юбориш билан муаммо ҳал бўлмайди-ку? Хўш, бу муштипар аёл ва унинг ёш фарзандлари ҳаёти учун ким жавоб беради? Бу ҳам биз бугун мулоҳаза юритаётган эрта турмуш қуриш билан боғлиқ муаммонинг бир кўриниши.

Равшаной

ЖЎРАБОЕВА -

Андижон

индустриал

педагогика

коллежи

директори.

- Бизда ўзбекчилик деган гап бор. Бу бекорга эмас. Чунки ана шу битта сўзнинг ўзида қанча фазилат, улуғворлик яширин. Ва шунга яраша соддалик ва айрим ҳолларда қусурлар ҳам бор.

Баъзи ота-оналар қизларини оилавий ҳаётга тайёрлашга етарлича эътибор бермайди ёки бу улар учун жиддий ҳаётий масъулият эканлигини унутиб қўйишади. Кўпчилик оналар билан суҳбатлашганда биз эртадан кечгача ишдамиз, қизимизни коллежга ишониб топшириб қўйганмиз-ку, лекин негадир қизиқиши сустроқ, битирсин-чи, жойи чиқса турмушга бериб юборамиз-да", деганлари ҳам бўлади. Бундай қарашда юрганлар ўзлари кўра била туриб, шунча йил авайлаб ўстирган фарзандларининг келажагига бефарқ эканликлари билан бирга уларнинг орзу-ҳавасларини ҳам сўндириб юборишади. Ҳатто айрим ота-оналар орасида қизларини қандайдир ўткинчи хою-ҳаваслар ва бойликлар қурбонига айлантириб юбораётганлари ҳам афсуски, учрайди.

Ота-оналар қизларини эрта турмушга беришни эмас, уни оилавий ҳаётга тайёрлашлари, маълумот ва бирор касб-ҳунар эгаси бўлишига кўмаклашишлари шарт.

Никоҳ ёши масаласида менинг ўз шахсий фикрларим бор. Ҳозир айниқса, ёш оилаларни кузатганимизда қизлар 21-23, йигитлар эса 24-26 ёшлар орасида қурилган оилаларда собитлик сезиляпти. Чунки, шу ёшда қизлар маълумотли, касб-ҳунарга эга бўлади, қолаверса, рўзғор мактабида ҳам яхшигина "саводи" чиқади. Тежамкорлик, покизалик, анъаналар, қадриятлар ҳаммасига фаҳми етади. Йигитлар ҳам бу ёшда "тинади". Ўткинчи ҳою-ҳаваслардан узоқлашади. Энг асосийси, у мустақил равишда оила боқишга қурби етади.

Ашурхон опа

ҚЎЗИБОЕВА -

Андижон тумани, "Бўрибой"

МФЙ раиси.

- Динимизга қайтганимиз, урф-одатларимизнинг тикланаётгани - бу қизларимизни ўн олти ёшдан турмушга чиқаравериш дегани эмас-ку? Ахир, улар она бўлишга, қайнона, қайнотанинг ҳурматини жойига қўйишга, рўзғор юмушларини уддалашга тайёр бўлганлари йўқ.

Болаликнинг беғубор дамларидан кўз юмолмаган қизалоқлар ота-она бағридан ўзга хонадонга эрта учирма бўлишга оналик бахтини туйиб-туймай чақалоқ кўтаришга ҳали бор-ку.

Турмушнинг аччиқ-чучугига чидолмай болаларча тасаввури билан ажралиб кетаётган ёшлар, бир йил кейин никоҳдан ўтиш шарти билан қовуштирилган келин-куёвларнинг бир йилга етмай янги рўзғорни бузишлари, туғилган фарзандларнинг ҳаёти, наҳотки сизни ўйлантирмайди, оналар, дегим келади.

Бизнинг маҳалламизда 2 минг 900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан бир минг 408 нафари хотин-қизлар. Ҳудудимизда ажрим ҳоллари йўқ. Сабаби, қизларни ҳаётга тайёрлашга эътибор кучли. Эрта турмушнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларимиз мунтазам олиб борилади. Қиз чиқармоқчи ёки ўғил уйлантирмоқчи бўлган оила, албатта, фуқаролар йиғинимизга келиб ўша оиланинг туриш-турмуши, йигит ёки қизнинг касб-кори сўраб-суриштирилади. Чунки бу ишда шошмаслик керак. Айбини яширмаслик лозим.

Юқоридаги мактубга қайтсак, кекса буви набирасининг тўйини кўриб қолиши учун 17 ёшли ўспиринни уйлантиришлик - бу худбинликдан бошқа нарса эмас. Оила кимнингдир хоҳиш-истаклари, арзимас ўткинчи ҳаваслари учун вақтинча қурилиб, ўхшамаса бузилиб кетадиган ўйинчоқ эмас. Унинг ортида инсонлар тақдири, фарзандлар келажаги ётибди. Буни ҳаммадан кўра биз - катталар кўпроқ ҳис қилишимиз керак.

Саодатхон

АҲМАДЖОНОВА -

Андижон шаҳар

2 - туғруқ

комплекси бош

шифокори.

Юртимизнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, 16-17 ёшдаги аксарият қизларимиз ҳали физиологик жиҳатдан она бўлишга тайёр эмас. Эрта турмуш қурган қизларда ҳомиладорлик даврида токсикоз жараёни оғир кечади, гипертензия кўрсаткичи юқори бўлиб, ҳомила ташлашлар, боланинг чала, нимжон туғилиши, онанинг саломатлиги ёмонлашиши бу каби ҳолатлар кўпинча, эрта турмушга чиққан қизларда кузатиляпти.

Шу билан бирга, аёл ҳомиладорлик даврида, кўп ҳолларда камқонлик, йод етишмаслиги каби хасталикларни бошидан кечиради. Айниқса, йод етишмаслиги сабабли туғилажак болаларда бош мия аномалиялари каби ногиронлик белгилари кўпроқ учрайди. Эрта турмуш қурган қизларда ҳомиланинг 20 ҳафталик давридан бошлаб, тушиш хавфи нисбатан кўп рўй беради.

Бундай пайтда биз тиббиётчиларга ҳам жиддий масъулият юкланади. Чунки ота-оналар ва бўлғувси келин-куёвлар, яъни ёшлар ўртасида уюштирилаётган учрашув, мулоқот жараёнларида айнан никоҳ ва саломатликнинг ниҳоятда муҳим омил эканлигини таъкидлашимиз шарт. Бу жиддий мавзу хусусида деярли ҳар куни кенг жамоатчилик орасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, касб-ҳунар коллежларида бу борада кўпроқ давра суҳбатлари ўтказиляптики, бу ўз самарасини бермоқда.Лекин хавотирли жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Бундай нохуш ҳолатларнинг келиб чиқишига кўпинча фарзандининг эртанги кунини эмас, аксинча, ўзларининг ўткинчи хою ҳавасларини ўйлаган, дабдабага ўч кишилар сабаб бўлишмоқда.

Ҳар бир ҳудуднинг фаоллари, маҳалла етакчилари бор. Улар ўз вақтида бу каби ҳолатларга эътироз билдирганларида эди, бундай кўринишларнинг олди олинарди. Хўш, уларга қайси имом никоҳ ўқияпти? Бу масалага ҳам жиддий ёндошилса, оилада келиб чиқадиган кўплаб салбий ҳолатларнинг олди олинган бўларди?

Хожиакбар ЯХЁЕВ - Андижон

шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом"

масжиди имоми.

Никоҳланувчи мўмин мусулмон бўлишидан ташқари, балоғат ёшида бўлиши никоҳнинг асосий шартларидан биридир. Қизларни турмушга бергунга қадар уларни бирор касб - ҳунар эгаси қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-она зиммасидаги муҳим вазифа ҳисобланади. Амалдаги қонунларга асосан бизга мурожаат қилган ёшларга ФҲДЁ гувоҳномаси асосида шаръий никоҳ ўқилиб, бу ҳолат Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан берилган никоҳни қайд этиш дафтарига ёзилади. Шунингдек, ёш оилага масжид томонидан никоҳ ўқилгани тўғрисида никоҳнома тақдим этилади.

Баъзан шундай ҳоллар ҳам учраб турадики, шаръий никоҳ ўқитишга келган ёшларимиз ФҲДЁ гувоҳномасини олишга улгурмаганини, ҳаттоки, фуқаролик паспортини унутиб қолдиришганини баҳона қилишгача боришади. Табиийки, биз бундай узрсиз ҳолатларда барибир никоҳ ўқимаслигимизни маълум қиламиз. Ана шундагина шошқалоқ қудалар келинининг ҳали 16 ёшда эканини айтиб, ортга қайтишади.

***

Шарқда қадим-қадимдан оила шаъни, оила шарафи улуғ саналган. Ўзбек қизлари ҳаё, вафо, садоқат илмини, ўғлонлар мардлик, ватанпарварлик илмини қаердан ўрганган? Албатта, оиладан.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек: "Ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар энг аввало, оилада шаклланади".

Шундай экан, фарзандларимизни уйлаб-жойлашда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Буни тўла англаган оилаларимиз ёш-роқ, ғўрроқ келиндан кўра, ўқиган, ҳунарли, оқ-қорани ажрата оладиган, оила билан боғлиқ билимларни биладиган қизларни келинликка танлаганлари маъқул. Қолаверса, ёшларнинг ўзларида ҳам никоҳ ёшига бўлган муносабат аниқ шаклланган бўлиши керак.

Ҳа, ҳаммамизнинг ниятимиз битта: Жамиятимизда орзу-умидлар билан қурилаётган ҳар бир оила мустаҳкам, тинч-тотув бўлсин. Ҳеч кимнинг оиласи бевақт бузилмасин.

Суҳбатни

Зумрадхон

АБДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди