Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№13 дан: 28.03.2013

МУТОЛАА

"ИШҚСИЗЛАРДАН ШИКОЯТ" ЁКИ БОНУ ФАРЁДИ

Агар ўзбек адабиёти гўзал бир боғ бўлса, Ҳувайдо бу боғда битган азим бир дарахт, Самар Бону шу дарахтнинг бир шохидир.

Биз ҳаётини тилга олмоқчи бўлган шоира Самар Бону ўз даврининг фозила, оқила аёлларидан бўлиб, улуғ шоир Ҳувайдо шажарасига мансуб. Ҳувайдонинг ўғли Ҳолмуҳаммад, Ҳолмуҳаммаднинг ўғли Мавловий Сирожий, Мавловий Сирожийнинг қизи Самар Бону бўлган.

Самар Бону файласуф шоир Ҳувайдога чевара бўлиб, 1837 йилда туғилиб, 1891 йилда вафот этган. Ҳувайдо: "Худо хоҳласа, менинг етти авлодимдан ҳам шоирлар чиқар", - деб лутф қилган эдилар. Шоирнинг нафаслари кетиб ҳанузгача унинг авлодидан шоирлар чиқишда давом этмоқда. Шоира Самар Бону ҳақида таниқли олим Тўхтасин Жалолов кўп изланишлар олиб борган. Ўш, Фарғона, Андижон вилоятларини кезиб, ўзбек шоирлари ҳақида маълумотлар тўплади.

Ана шу маълумотлар жам қилинган "Ўзбек шоирлари" китобида ёзилишича, шоир Сирожий хонадони ўз давридаги кучли бир адабий-фалсафий муҳитнинг маркази бўлган. Бонунинг онаси оқила, фозила аёл эди. Фарзандларининг барчаси дастлаб оналаридан таълим олиб, савод чиқарганлар. Самар Бону илмни, ижод сирларини отаси Сирожийдан ўрганди ва бу борада қиз отанинг заковатли шогирдлари қаторидан ўрин олади.

Бону севган, севилган қиз эди. Аммо отаси Сирожий эски урф-одатларга муккасидан кетган киши бўлган. У қизини зўрлаб, турмушга бермоқчи бўлади. Аммо Бону отасининг истибдодига қарши исён кўтариб:

- Йўқ, ота! Сиз топган киши менинг тенгим эмас. Мен ўзга бир Мажнуннинг Лайлисиман, - деб туриб олади.

Бону савдосида саргардон йигит мингтепалик бир боғбоннинг ўғли, Сирожийнинг шогирди Шарифжон эди.

Лекин дабдабали тўй Бонунинг ота уйидан қочиши билан тугайди.

Бону Мингтепага-Шарифжон ҳузурига қочиб борди. Ота Бонуни оқ қилди, меросидан маҳрум қилди, бутун авлод ундан юз ўгирди.

Бонуга отаси бунчалар зулм қилганда, ота топган бойвачча куёв ҳам жим қараб турмади. Орадан ўн ой ўтар-ўтмас бойваччанинг ёлланган одамлари Шарифжонни ўлдиришди. Бону ўн тўққиз ёшида қўлидаги чақалоғи билан кимсасиз, ёлғиз, ғариб бўлиб қолди.

Бону қирқ йилдан зиёд бадиий ижод билан машғул бўлган.

Ижодини мумтоз шоирларга эҳтиром билан бошлаган шоира аста-секин камол топиб, Навоий, Фузулий ва Ҳувайдо ғазалларига тажнис, татаббуъ ёзиб, бу забардаст шоирлар билан шеърий мусобақага киришади. Катта бобоси Ҳувайдога радифгўйлик қилган.

Ҳувайдо:

Айладим ишқинг аро, эй шўх,

афғон ўзга нав,

Айлағондек эл аро Мажнуни

ҳайрон ўзга нав.

Гул юзингни, ғунча оғзингни

кўриб кўнглум қуши,

Айламас парвойи гулзору

гулистон ўзга нав.

Бону:

Келди бул кун қошима ноз

ила жонон ўзга нав,

Қомати раъноси чун сарви

хиромон ўзга нав.

Айдим: Эй жоним, қадам қўй

дийда гирёним уза,

Хуш келибдурсен дедим

тахти Сулаймон ўзга нав.

Ҳозир Ҳувайдо шажарасига мансуб кишилар Фарғона водийсида жуда кўп. Улардан тўртта соҳиби девон бор. Булар: Ҳувайдо, Сирожий, Соҳиб ва Самар Бону. Уларнинг ўтли юраклари маҳсули бўлган ижодларини теран англаш, ўрганиш ва таҳлил қилиш ёш ижодкорлар олдидаги муҳим вазифалардандир.

Соҳибахон

ҲОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди