Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№27 дан: 04.07.2013

МУЛОҲАЗА

БИТИРУВЧИ ФАРЗАНДИНГИЗ НИМА УЧУН ПУЛ СЎРАЯПТИ?

Умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида ўқув йили якунланганига кўп вақт бўлгани йўқ. Куни кеча мактаб ўқувчилари устозлар бағрини тарк этган бўлса, бугун коллеж талабалари уч йиллик ўқиш сарҳисобини қилмоқда.

Хўш, мактаб ва коллежларни тамомлаётган ёшлар "хайрлашув тантанаси"ни қай тариқа, қаерда нишонладилар? Битирув тантаналарини кузатган кўплаб юртдошларимиз ана шу кечалар дабдабага айланиб кетмаяптими, деган мулоҳазага борганлари бор гап. Ҳақиқатдан ҳам айрим ҳолларда синфдошлар хайрлашуви, коллежни битирув кечалари катта дабдаба, алоҳида ресторанларда ўтказилиш ҳолатлари бу масалага алоҳида ёндашув зарур эканлигини тақазо этади.

Бу ҳақда устозлар, ота-оналар ва битирувчи ёшларнинг фикрларига қулоқ тутамиз.

Шаҳноза Турдиева (коллеж битирувчиси):

- Уч йиллик таълимни берган устозларимизга ташаккур сифатида коллежимизда байрам кечаси уюштирдик. Чиройли дастурхон тузадик. Албатта, бунинг учун битирувчилар ўртасида пул йиғилди, гуруҳ раҳбаримизга эсдалик совға олдик...

Сардор Бегалиев (коллеж битирувчиси):

- Имтиҳонларни тугатгач, дўстларимиз билан шаҳар марказидаги ресторанда байрам қилдик. Ундан кейин дискотека, дегандай... ахир шу билан ҳаммамиз ҳар томонга тарқалиб кетамиз. Биримиз олийгоҳга, биримиз ўз соҳамиз бўйича ишга... Хуллас, ўқиш ё ишдан аввал маданий дам олдик.

Лазокат Турдиева (Шаҳноза Турдиеванинг онаси):

- Қизим коллежни тамомлаб, унинг улғайганига қувониб юраверибман. Битирув билан боғлиқ машмашалар эса ошиб кетди. Ҳали имтиҳонга, ҳали гуруҳ раҳбарига совғага пул, ҳали байрам кечаси учун ҳаражат, ҳатто битирув тадбирига янги кўйлак ҳам олдик. Дугоналаридан ортда қолса, уят қилармиш. Майли, дея кўнглига қарасам, беҳуда сарф-харажатлар кўпайиб кетди. Ахир оиламизга келадиган қўшимча даромад йўқ, фақат ойлик маошга кун ўтказамиз. Оиламиз эса катта. Менимча, битирув кечалари худди биз каби кўплаб оилаларга ҳам ташвиш келтирган бўлса керак.

Насиба Эсонова (коллеж ўқитувчиси):

- Ҳақиқатдан, битирув учун кетадиган ҳаражатлар, дабдабали хайрлашув кечалари ташкил этишнинг умуман кераги йўқлиги ҳақида кўп гапирилади. Биз педагоглар таълим муассасасидан ташқарида ўтказиладиган бу каби тадбирларга қаршимиз. Лекин мана шундай ҳолатлар содир бўлганда айб ноўрин бизга қўйилиши мени қийнайди. Негаки, устоз ҳеч қачон ўз талабасидан берган таълими учун пул талаб қилмайди, менимча. Шахсан мен ўз битирувчи талабаларимни қатъий назорат остида олиб юрганман. Уларнинг ташқарида ҳеч қандай битирув кечаси ўтказмаслиги ҳақида ўзларидан ва ота-оналаридан ёзма тилхат олганман. Шунингдек, коллежимизда сўнгги давлат имтиҳонидан сўнг, тантаналар залида битирув тадбири ўтказилган. Битирувчи йигит-қизларимиз ҳеч қандай ҳашам ва дабдабасиз, оддий талаба формасида хайрлашув кечасини нишонлаганлар. Бунга биз ўқитувчилар жавобгармиз.

Мана, азиз газетхон, гувоҳ бўлганингиздек, фикрлар хилма-хил. Тўғри, айни пайтда битирувчиларининг реторану кафеларда алоҳида кечалар ташкил этишларига йўл қўймаслик борасида таълим муассасаларида тегишли ишлар, тарғибот-тушунтиришлар олиб борилмоқда. Бироқ, бу ишлар кутилгандай натижа бераётгани йўқ. Шу ўринда таъкидлаш керакки, муаммонинг ечими, шубҳасиз, таълим муассасалари мутассаддилари, ўқитувчилар ва ота-оналарга бориб тақалади. Қўйингки, бу масалада кенг жамоатчилик ҳам четда туриши керак эмас. Тўғри, фарзандлар учун чиройли ҳаёт, бекам турмуш, истакларига эркинлик яратишни ҳар-бир ота-она хоҳлайди. Лекин ҳамма нарсада меъёр бўлиши ва бузилмаслиги катта муаммоларнинг, фожеаларнинг олдини олиши аниқ.

Хўш, битирув оқшомини кафе-барларда, ресторанларда нишонлаган фарзандингиз ўшандай кечаларни, ўйин кулгуни яна қўмсамаслигига ким кафолат беради?! Ёки битирув кечаси баҳона анчагина маблағ сарфлаб, ясан-тусанни ўрнига қўйиб, эгнига сўнгги мода, дея фалон сўмлик кўйлакни кийган қизингиз эртага эпли эмас, сепли келин бўлишини талаб этмаслигига ким кафил бўлади?

Битирув оқшомининг яна бир алоҳида ҳаражати бор: синф ўқитувчиси ёки гуруҳ раҳбари бўлган устозга қимматбаҳо буюм "совға" қилиш. Яхшилаб ўйлаб қаралса, бу оддий пора! Ўқувчилар, баъзи ота-оналар уни силлиқлаб, "кўнгилдан чиқарганимиз" деб қўядилар. Бу билан гўёки ўзларини оқламоқчи бўладилар. Аслида бундай ортиқча ҳашамнинг, кўнгилнавоз ҳадянинг кераги йўқ. Негаки, бундай беҳуда сарфларга кимнингдир қурби етади, кимникидир йўқ. Ахир таълим-тарбия бераётган ўқитувчи, гуруҳ раҳбари давлат томонидан маош оляптику? Талабага касб ўргатиш, таълим бериш муаллимнинг вазифаси, айтиш жоиз бўлса, бурчи! Бундан ортиғини талаб қилишга ҳеч бир устознинг ҳаққи йўқ! Бу борада барчани бирдек айблаш нотўғри, албатта. Ҳалол-пок, ўқувчиларга пухта билим бераётган, айниқса, уларнинг юриш-туриши, тарбиясига алоҳида эътибор қаратаётган ўқутувчиларимиз жуда кўп. Уларга беихтиёр раҳматлар айтгинг келади.

Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, ўқувчилардан "совға"ни талаб қилиб оладиган ўқитувчиларнинг борлиги дилимизни ғаш қилади.

Белгиланган тартибларга зид равишда таълим муассасаларидан ташқарида ўтказилаётган битирув кечалари ҳақида сўз юритишимиз кимларгадир эриш туйилар. Лекин у билан боғлиқ ортиқча харажатлар, кўнгилсизликлар, айрим оилаларда муаммолар келтириб чиқараётганлиги, қолаверса, бу тадбирлар фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.

Биз эса бу борада сизларнинг ҳам мулоҳазаларингизни билишни истардик.

Зилола

РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди