Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№27 дан: 04.07.2013

САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ

БИР-БИРИМИЗНИ АВАЙЛАБ ЯШАЙЛИК

Орамизда шундай инсонлар борки, қилаётган ишлари билан кўпчиликни ҳайратга солиб келади. Баъзан кўп нарсаларга улгуролмаётганимиздан нолиганимиз ҳолда ёнгинамизда кимдир кўплаб ишларни бажаришга улгураётгани ва муваффақият қозонаётганини кўриб ҳайрон қоламиз. Уларнинг омадлари сирини билишга қизиқамиз. Бугун ана шундай инсонлардан бири, севимли она, рафиқа, уй бекаси, буви ва халқ муҳаббатига сазовор бўлган истеъдодли актриса, Ўзбекистон халқ артисти Меҳри БЕКЖОНОВА билан суҳбатлашиб, у кишининг ижод ва ҳаёт йўлларида эришган ютуқлари хусусида фикрлашдик.

- Меҳри опа, ҳар бир санъаткор, ҳар бир аёл орзу қиладиган муваффақиятларга эришдингиз. Бугун сиз оилада ҳам, ишда ҳам бирдек фаолсиз. Айтинг-чи, бунинг уддасидан чиқиш осонми?

- Тўғриси, ўзим ҳам бу кунларга етишиш учун қандай ва қаердан куч топдим экан деб ўзимга ўзим савол бераман. Шундай хулосага келаманки, инсон босиб ўтган йўлларига тез-тез қараб, ўтган умрини сарҳисоб қилиб бориши лозим. Ана шунда қилган хатоларини англаб етади. Натижада хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилади, омад калитини маҳкамроқ ушлаб қолишга интилади. Мен ҳам босиб ўтган умр йўлимга кўп назар ташлайман. Ва ўзим учун керакли сабоқни оламан.

Бугун менинг бир аёл учун керакли бўлган ҳамма нарсам бор. Ҳеч қачон ҳаётимдан, ўтаётган кунимдан нолимаганман. Ҳар бир ишга масъулият билан киришганман. Иложи борича, ҳамма нарсани тенг ва мукаммал даражада уддалашга ҳаракат қилганман. Оила деб ишни, иш деб оилани ташлаб қўймаганман. Чиндан ҳам агар инсонда кучли хоҳиш бўлса, у ҳамма нарсага улгуради ва орзуларига эриша олади.

Ҳар доим турмуш ўртоғим менинг рўзғор тутишимда, фарзандлар тарбиясида, пишир-куйдирларим, умуман, бекалик ишларимда бирор камчилик топмаслигининг пайида бўламан. Чунки уйни уддаламай туриб, ишга ошиқадиган аёллардан бўлишни хоҳламаганман. Доимо фарзандларимга тўла-тўкис ва меҳр билан қарашга интилганман. Чунки оналик аёлликнинг энг катта ютуғидир. Мен аввало, оиламни қадрлайман. Ишхонада ҳам устозларнинг ўгитларига амал қилишга, уларнинг дуоларини олишга интилганман. Зиммамга юклатилган ҳар бир вазифа ва топшириқни масъулият билан бажаришга ҳаракат қилганман. Мен бугун нимага эришган бўлсам, бунинг замирида бир ўзимнинг эмас, барча яқинларимнинг ҳам катта ёрдамлари бор деб биламан.

- Меҳри опа Фарғона водийси фарзандисиз. Шу ўринда водий, айниқса, андижонликлар ҳақида қандай фикрлар билдирасиз?

- Водий, биласизми, жаннатмонанд маскан, қолаверса, бу замин менинг туғилган масканим. Менинг қадам изларим шу юрт тупроқларида муҳрланган, илк орзуларим, мақсадларимнинг барчаси водийда пишиб етилган. Билмадим, агар мен бошқа вилоятда туғилиб ўсганимда санъаткор бўлармидим. Лекин бугунги тақдиримга айнан санъатсевар гўшада туғилиб ўсганим сабаб бўлгани рост. Ҳар доим водийнинг муаттар ифорини, тўпори халқини, меҳмондўст ва оқкўнгил инсонларини севиб яшайман.

Андижонда кўп бўлганман. Негадир менга санъатсевар, самимий, меҳмондўст андижонликлар жуда ёқади. Шунинг учун ҳар гал Андижонга борганимда яйраб, севиниб кетаман.

Яна бир гап, балки шу муҳаббатим сабаб бўлса керак қизим Дилдорахонни ҳам айнан Андижон ўғлонига турмушга бердик. Ўзим севган гўша, ўзим севган одамлар орасига қизимни ишониб топширганман. Худога шукур, бугун уларнинг бахти бекам. Илоҳим, кўз тегмасин. Барчага ҳам шундай ҳаёт насиб этсин дейман.

- Халқимизда қиз бола келин бўлганда бир марта, она бўлганда бир марта, қудали бўлганда яна бир марта улғаяди, деган гап бор. Сиз ҳам қудали бўлганингизда улғайганингизни ҳис этганмисиз?

- Албатта. Гарчи кўнглингиз, кўринишингиз аввалгидай қолганга, ўзгармаганга ўхшаса-да, аслида ақлан улғаяркансиз. Мен ҳам фарзандимни турмушга узатаётган пайтда ўзимда катта масъулият ҳис қилдим. Бу масъулиятнинг ҳеч ўхшаши йўқ. У кунларда мени ғалати туйғулар қуршаб олди. Қудали бўлдиму, бир неча ўн ёшга улғайиб қолгандек сездим ўзимни. Ишонсангиз, қалбимни, хаёлимни, бутун вужудимни ширин ҳислар, орзу-ҳаваслар қамраб олди.

"Невара кўраман, энди мен ҳам буви бўламан", деган ширин ўй хаёлимни банд этар, ўзимни дунёдаги энг бахтли инсон ҳисоблардим. Мана, яхши ниятим ушалиб, неварали бўлдим. Мухлисахон исмли ширингина қизалоқнинг бувисман.

Қудали бўлиш инсонни ўзгаришга мажбур қиларкан. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ўзгариб, ўзингизни тутишингиз ҳам бошқача, ибратомуз бўлиб қоларкан. Ёшларга намуна бўлишга интиларкансиз.

- Санъат катта масъулият талаб этадиган касбдир. Бу ҳақда жуда кўп гапирилади. Сиз ҳам фаолиятингиз давомида бунга амин бўлганмисиз?

- Албатта, касбимиз жуда ҳам масъулиятли ва шу билан бирга шарафлидир. Мен мана шу шарафли ва улуғ касбни танлаганим, у орқали эл-юрт ҳурматига сазовор бўлаётганим, фарзандларимга ҳалол луқма бериб катта қилаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтаман. Биз халқнинг кўз ўнгидаги, эътиборидаги одамлармиз. Шунинг учун адашмасликка, хатога йўл қўймасликка интиламиз. Бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз нафақат ўзимиз, балки жамоамиз ва фарзандларимиз ҳаётига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Халқ ҳурматига, муҳаббатига сазовор бўлишнинг ўзи катта бахт. Бу бахт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.

- Бугунги кун аёллари ҳақида гап кетганда кўнглингиздан нималар ўтади?

- Биласизми, бугун менга негадир аксар эркакларимиз кўп оғирликни аёлларнинг зиммасига ташлаб қўяётгандай туюлади. Бундан ташқари, аёлларимиз турли соҳаларда катта-катта ишларни муваффақият билан амалга оширишмоқда. Фирмалар очаётган, қишлоқ хўжалигида ҳам, илм-фан ва маданият соҳасида ҳам юқори поғоналарни забт этаётган аёлларимиз талайгина. Тўғриси, буларни кўриб дилим яйраб кетади. Аммо эркак кишининг йўриғи бошқа. Уларнинг ҳарид қилган нарсаларида ҳам, топган пулларида ҳам барака бор. Эркаклар барибир, бизнинг ҳимоячимиз, бизнинг паноҳимиздир.

Биз аёллар илғорлашиб кетганимиз билан барибир аёлмиз, заифамиз. Ҳаётда қандай чўққиларга, марраларга эришмайлик, барибир эркак кишининг кўмаги, мадади ва ҳимоясига муҳтожмиз. Агар улар ёнимизда бўлсагина, қўллаб-қувватласагина биз юқори чўққиларни забт этишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар бир аёлнинг ёнида суянгувчи эркаги бўлишини хоҳлайман. Ҳеч кимни жуфтга зор ва хор қилиб қўймасин. Инсонларга ҳамиша бир-бирини суйиб, суяб, асраб-авайлаб яшаш бахти насиб этсин! Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди