Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№30 дан: 25.07.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

ОТА ОИЛА УСТУНИ БЎЛСИН

ЁХУД АЙНИ КУНДА ОИЛА БОШҚАРУВИДА ОТАНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ ХУСУСИДА

Юртимиз азалдан энг гўзал тарбиянинг ўчоғи сифатида эътироф этиб келинган. Оила - муқаддас даргоҳ. Бу даргоҳнинг бунёдкорлари бўлмиш ота ва она мансабидаги улуғ зотлар қўйган пойдевор, яратган қаср эса ҳамиша эъзозга лойиқ бўлиши лозим.

Бунда, аввало, оила устуни ҳисобланмиш оталарнинг ўрни беқиёсдир. Тарих ҳар бир кунимизни бағрига олар экан, кеча ва бугуннинг тафовути яққол намоён бўлаверади. Бу назаримда, оиладаги ота ва онанинг ўрнига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгандай. Бугун биз фикр юритмоқчи бўлганимиз ҳам отанинг оиладаги мав-қеи ва ўрни хусусида. Кўрганларимиз, кузатганларимиз, эшитганларимиз бу мавзуга янада ойдинлик киритар.

Фарангиз УСМОНОВА (мактаб ўқувчиси):

- Оиламизда ҳамма муаммони дадам ҳал қилади. Ҳеч биримиз уларнинг сўзларини икки қилолмаймиз. Дадамнинг рухсатлари билангина бирор байрам ёки оромгоҳларга боришимиз мумкин. Оиламизнинг қатъий қонуни бу.

Дилшод АКБАРОВ (олийгоҳ талабаси):

- Дадам хорижда ишлаши боис, улар билан кам мулоқотда бўламан. Онам билан ҳамма ишни бамаслахат қиламиз. Ҳатто, отам ҳам олисда бўлса-да, ҳамма муаммонинг ечимини осонгина онамга юклайди. Ўқишим тугагач, онам мени уйлантирмоқчи. Кўнглимдаги қизни келин қилишни истамаяптилар. Дадам билан маслаҳатлашсам, "онангнинг сўзини қайтарма, у нима деса шу" дейди. Шундай вақтларда отамнинг қатъиятсизлигидан ўкиниб кетаман. Оилада онамга ўз ўрнини бўшатиб бергандай гўё.

Муяссархон УМРЗОҚОВА (психолог, коллеж ўқитувчиси):

- Тарбияда отанинг роли жуда катта. Эътибор берсангиз, ота устун бўлган оилада улғайган болалар билан она устун бўлган оилада вояга етган болалар ўртасидаги фарқ яққол сезилади. Отасининг даккисидан ҳадик туйган ва шу ҳадик ортидаги ҳурмат қўрғонида тарбия олаётган фарзандлар мулоҳазакор, ҳамма ишга сидқидилдан ёндошувчан бўладилар. Бу болалар кейинчалик ҳам оиласига ғамхўр, ота-онасининг қадрига етадиган бўлиб улғаядилар. Ота ўғил учун сирдош, она қиз учун дилдош бўлиши лозим. Отанинг ҳар бир ҳаракати фарзандга ибрат бўлишини унутмаслик керак. Чунки аксар болаларда "отам - менинг идеалим" деган тушунча шаклланиб улгурган бўлади. Шу ўринда бу тушунчанинг яхшилик устига қурилган бўлиши болаларда юксак ғурурни уйғотади.

Мадинахон ЭГАМОВА (Андижон шаҳридаги "Шифокор" МФЙ котиби):

- Оилада ота тарбияси алоҳида ўрин тутади. Ажралишлар бу борада жиддий муаммо келтириб чиқариши табиий. Негаки, ажрим туфайли кўп ҳолларда бола тарбиясидаги "ота" деган жой бўш қолади. Бунинг натижасида эса жамиятимизнинг қайсидир нуқталари, хусусан, одоб-ахлоқ мезонларида кўпинча, ноқислик вужудга келади. Отага бўлган ҳурмат фарзандларда, аввало, ота ва она ўртасидаги ўзаро муносабат, эътибор орқали шаклланиб боради. Жанжалкаш ёки алкоголга ружу қўйган айрим одамларнинг фарзандларида (оталари туфайли бўлаётган оиладаги келишмовчиликлар, тинимсиз жанжал оқибатидаги уйдан, ота-онадан зада бўлиш сабабли) атрофдагиларга нисбатан ишончсизлик, меҳрнинг йўқолиши, отадан ҳайиқмаслик ва ҳатто, ёмон кўриш ҳолатлари юзага келади. Шунинг учун ҳам биз "маҳалла - оила - мактаб" ҳамкорлигини йўлга қўйганмиз. Шу асосида бошқа муаммолар қатори оилада ота-онанинг ўрни ҳақида ҳам тарбиявий ишлар олиб боряпмиз. Бу билан бугунги илдам ёшларимиз онгида оила, ота-онага ҳурмат деган муқаддас тушунчаларни янада мустаҳкамлашга уриняпмиз.

Санобархон КАРИМОВА (уй бекаси):

- Баъзи сабабларга кўра турмушим бўлмади. Бир ўғил, бир қизим билан ота уйимга қайтиб келганимда, фарзандларим ҳали бола эдилар. Қизимни узатдим, ўғлим олийгоҳда ўқийди. Қизим келинлик либосида остонамдан кетаётганда ўксидим. Сабаби, ота дуосини ололмади. Фарзандга барибир ота керак экан. Ёлғиз яшаб буни кўп бор ҳис қилдим. Тўғри, фарзандларим моддий томондан камчилик билмади, аммо улар қалбидаги бўшлиқни дўстлари, дугоналарининг дадаларига ҳавас билан қараганларида, юрак-юрагимдан сездим. Улар учун ҳеч нарса ота ўрнини босолмаслигини англадим. Ўғлим ҳам кўп муаммоларини менга айтолмайди. Шундай вақтларда "отаси бўлганида, фарзандларим нигоҳида бекам бахт, қалбида тўкис меҳр, қувонч барқ урган бўлармиди?! - дея ўйлаб қоламан.

Дарҳақиқат, оила тарбиянинг, ўзаро ҳурматнинг ўчоғи экан, унда қайнаётган ҳаётнинг гўзал бўлиши учун ота-оналар масъулдирлар. Бугун оиласига, фарзандларига етарлича вақт ажратолмаётган оталар эртага ўзларига нисбатан бемеҳр бўлиб улғайган фарзандларидан қадр кутганларида, қандай жавоб оларкинлар?!...

"Эртага ота-оналар мажлиси. Шу сафар сиз бора қолинг, дадажон. Ўртоқларимнинг дадалари ҳар доим келишади...", дея кўзингизга жовдираган фарзандингизни "онанг боради, вақтим йўқ" дея жеркиб ташлайсиз. Бу билан ўзингизни сиз беҳуда деб ҳисоблаган "юмуш"дан фориғ этасиз. Оилангиз, болаларингиз олдидаги масъулиятдан қочаётганингизни идрок этмайсиз. Бу билан дилбандларингиз қалбида ўзингизга нисбатан бўшлиқ ва ишончсизлик пайдо қилаётганингизни англамайсиз.

Фарзандлар нигоҳида қувонч, юрагида умид яратиш, уларнинг келажагини ёруғлантириш, гўзал ахлоқли қилиш ота-онага айниқса, кўпроқ отага боғлиқ. Оилада ҳеч бир ота ўз ўрнини йўқотмасин. Биз аёллар уларни ҳамиша қадрлайлик... Фарзандларимизга ҳам шуни ўргатайлик.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди