Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№30 дан: 25.07.2013

САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ

"МУҲИМИ, КЎНГИЛДАН ЖОЙ ОЛМОҚ"

Ўзининг истеъдоди, санъати билан мухлисларнинг кўнглига кириб бораётган ёш, умидли хонандаларимиздан бири Қизлархон Давронова эстрада саҳнасида пайдо бўлганига унчалик кўп вақт бўлгани йўқ.

Лекин шу қисқа фурсат ичида мухлислар қалбидан жой олишга, уларнинг эътиборини қозонишга улгурди. У "Тановор", "Қаро кўзим"," Эй сабо", "Муножот", "Айлагач", "Фарғона тонг отгунча" сингари мумтоз қўшиқларни маромига етказиб куйлайди. Эстрада йўналишидаги қўшиқлари билан ҳам кўнгилларга яқин. Унинг қўшиқларидаги дард, ота-онага эҳтиром, Ватанга нисбатан чексиз муҳаббат руҳи юракларни тўлқинлантиради. Шу боис, ёш хонанда билан яқиндан танишиш мақсадида уни суҳбатга чорладик.

- Қизлархон, санъатга қандай кириб келгансиз ёки оилангизда санъаткорлар борми?

- Ота-онам санъатдан йироқ бўлсалар-да, бироқ қалблари санъатга ошуфта эди. Чунки бобом Алимбой хофиз ўтган эканлар. Бу холам Азизахон Абдуллаевага юққан, шекилли, санъаткор бўлиб элга танилди."Сумалак" ансамблида ишлади. Уларнинг қўшиқларини эшитиб, рақсларига шайдо бўлиб, шу йўлни танладим. Қолаверса, қизалоқ пайтимда ота-онам тўрига ўтқазиб қўйиб, менга қўшиқ айттиришарди. Мен ҳам ёд бўлиб кетган "Кўйлагим, ҳо кўйлагим" қўшиғини айтиб, ўйинга тушиб, уларнинг олқишларини олардим. Энди ўша даврларни эсласам, мен учун кичкина уйнинг тўри катта саҳна бўлган экан. Шундан сўнг боғчада, мактабдаги бўладиган байрам тадбирларида фаол қатнаша бошладим. Менинг иштирокимсиз бирорта тадбир ўтмасди, десам ҳам бўлаверади.

- Неча ёшингизда катта саҳнада қўшиқ куйладингиз?

- Мактабнинг 8-синфида ўқирдим. "Камолот - 94 " кўрик-танловида "Она", "Камдан - кам" қўшиқларини ижро этиб, санъаткорлар назарига тушганман. Мактабда ўқиш билан бирга, "Сумалак" ансамблига ҳам қатнашиб турардим. Вилоятда бўладиган байрам тадбирларига чақиришарди. Бундан хурсанд бўлардим. Мактабни тамомлагач, шу ансамблда иш фаолиятимни бошлаганман. "Мустақиллик", "Наврўз", "Шарқ тароналари" байрам тадбирларида қўшиқ ва рақсларим билан иштирок этиб, мухлислар эътиборини қозонганман.

- Янглишмасам, З.М.Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида ҳам ишлагансиз, шундайми?

- Ҳа, "Сумалак" ансамбли тарқалиб кетгач, вилоят театрида вокал артисти бўлиб олти йил ишладим. У ерда Жавлон Тошхўжаев, Мухтасар Йўлдошева, Зарифа Ҳайдарова ҳамда Мавлуда Бойматова сингари етук санъаткорлар менга устозлик қилдилар. Улар билан ёнма-ён ишлаб, кўплаб саҳна асарларида жумладан: "Қора қурт"да коллеждаги талаба - Гулзира, "Давлат болалари"да - Назира, "Дил ва гул" асарида ҳамшира ролларини ижро этдим. Мана икки-уч йилдирки, яна қўшиқчилик соҳасида фаолият юритяпман.

- Мақом қўшиқларини ҳам бемалол айта оларкансиз?

- Албатта, куйлай оламан. Мақом ўзбек қўшиқчилигининг пойдевори деб биламан. Мақом ижро эта олмаган хонанда ҳақиқий санъаткор эмас.

- Қайси қўшиғингиз сизга омад эшигини очган?

- Зоҳиджон Обидов сўзи билан "Андижоним" қўшиғи. Ўзим ҳам кутмаганман шундай бўлишини. Бу қўшиқ жуда тез оммалашиб кетди. Баъзан тадбирларга борсам ҳам шу "Андижоним"ни айтишимни сўрашади.

- Санъаткорнинг энг катта ютуғи - бу мухлислар эътирофидир. Шундай эмасми?

- Албатта, шундай. Ҳар бир қўшиқчи машҳур бўлишни, эл эътиборига тушишни истайди. Ўз ижодига бўлган баҳони кутади. Назаримда, мен вақти келиб шундай қўшиқ айтаманки, мени ҳамма севиб тинглайди, деб хаёл сурмаган санъат кишиси бўлмаса керак.

- Кимларни устоз, деб айта оласиз?

- Энг аввало, санъат остонасига етаклаб келган холам Азизахонни биринчи устозим, қолаверса, мумтоз йўналишида Рустамжон Ғофуровни, эстрада йўналишида эса Моҳидил Мирзааҳмедоваларни устозларим, дея оламан. Продюсерим Ҳолиддин Аҳроровнинг ўгитлари, баъзан танбеҳлари мени шу даражага олиб келди.

- Қийин вазиятларга тушиб қолсангиз кимга суянасиз?

- Фақат ўзимга ва албатта, Оллоҳга.

- Ҳаётда энг кўп нимадан қўрқасиз?

- Келажакка бўлган умидни йўқотишдан. Мол-давлат, ҳатто дўст-ёрлардан ҳам айрилсанг, бир кун ҳаммаси ўз ўрнига тушиб, унут бўлар. Лекин эртанги кунга бўлган ишонч, умиддан айрилиш, даҳшат.

- Одамийлик, самимият... Бу фазилатлар ҳам сиз ўсган оиладаги, қишлоқдаги муҳит таъсиридан бўлса керак?

- Балки... Ўзим қишлоқ қизи (Олтинкўл туманидаги Маслахат қишлоғида туғилганман) бўлганимданми, ҳамма одамларни бирдек кўраман. Айниқса, онамнинг бир гаплари ҳамон қулоғимда: "Бу дунёда ёмон одамнинг ўзи йўқ, болам. Худонинг олдида барчамиз тенгмиз. Шундай бўлгач, ҳаммага бирдай муомала қилгин". Ўша насиҳатлари ҳамон қулоғимда. Ўзингиз яхши бўлсангиз, ҳамма яхши. Фақат инсоннинг кўнглига кира билиш керак.

- Ҳаётдаги энг катта орзуингиз нима?

- Мен энг бахтли аёл бўлишни орзу қиламан. Фарзандларим камолини кўрсам, санъат соҳасида ўз ўрнимга эга бўлсам.

- Ижодда ва ҳаётда сизга фақат омад тилаймиз ҳамда дилларни ром этгувчи қўшиқларингизни кутиб қоламиз.

Суҳбатдош

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди