Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№39 дан: 26.09.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

27 СЕНТЯБРЬ - ХАЛҚАРО САЙЁҲЛИК КУНИ

АНДИЖОНДА ТУРИЗМ РИВОЖЛАНАДИ...МИ?

Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга мамлакат ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу соҳани жадал ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, ички туризмни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон билан Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда.

Олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизда сайёҳлик хизматининг ўсиш сурати 27 фоизни, сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми эса 6,6 фоизни ташкил этган. Айни пайтда мамлакатимизда 800 дан зиёд сайёҳлик корхонаси, 500 дан зиёд меҳмонхона, қариийб 300 та сайёҳлик компаниялари фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистонда бу борада муайян ишлар амалга оширилаётгани, соҳанинг юксалиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Хўш, бу борада вилоятимизда аҳвол қандай? Бугун Андижон туризм соҳасида қандай салоҳият ва имкониятларга эга? Соҳани ривожлантириш борасида нима ишлар олиб борилмоқда? Қуйида ана шу саволлар доирасида сўз юритамиз.

- Бугунги кунда вилоятимизда мазкур йўналишда самарали ишлар амалга оширилмоқда, - дейди "Ўзбектуризм" миллий компанияси вилоят вакиллиги раҳбари Абдулҳамид Нурматов. - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда "Андижон вилоятида 2013-2014 йилларда туризм ва туристик хизматлар экспорти ҳажмини оширишнинг манзилли чора-тадбирлар дастури" туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий туристик хизматларни ички ва халқаро сайёҳлик бозорларига таклиф этиш, вилоятдаги сайёҳлик объектларини таъмирлаш, ободонлаштириш, у ердаги инфратузилма, хизмат кўрсатишнинг сифати ва савиясини бугунги кун талаблари даражасига кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бугун вилоятимизда 7 та сайёҳлик фаолияти билан шуғулланувчи туристик ташкилот, 35 нафар туроператор иш олиб бормоқда. Улар асосан юртдошларимизни Ўзбекистоннинг тарихий Самарқанд, Бухоро, Хива, Урганч сингари шаҳарларига саёҳатга олиб бориш билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари, "Ўзбектуризм" миллий компанияси вилоят вакиллиги юртимиздаги ва хорижий мамлакатлардаги 16 та саёҳат фирмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Афсуски, кейинги икки йил ичида вилоятимиздан фақат 1 та саёҳат фирмаси Тошкентда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этиб, вилоятимизнинг сайёҳлик имкониятларини намойиш этди.

Бугун вилоятимизда 300 дан зиёд сайёҳлик объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти халқимиз тарихини ўзида мужассам этган музейлар, тарихий обида ва ёдгорликлар, шунингдек, баҳаво ва ҳушманзара дам олиш масканлари, муқаддас зиёратгоҳлардан иборат. Уларда танлаб олинган 22 та объект бўйича туристик йўналишлар ишлаб чиқилган.

Вилоятимизда "Ўлкашунослик", "Адабиёт ва санъат" музейи, Боғи Бобур дам олиш маскани, Андижон шаҳридаги "Мирпўстинота", Хонободдаги "Хонтоғ", "Фозилмонота", Хўжаободдаги "Имомота", Булоқбошидаги "Ширмонбулоқ", Балиқчидаги "Уч булоқ", "Тузлуқмомо", Андижон туманидаги "Меҳмонвалий", Жалақудуқ туманидаги "Сарвонтепа", Марҳаматдаги "Мингтепа" каби тарихий ёдгорлик ва зиёратгоҳлар сайёҳлар кўп ташриф буюраётган масканлардир. Ана шу жойларга келувчиларнинг, асосан, баҳор ва ёз ойларида кўпайишини ҳисобга олсак, бу жараён мавсумий характер касб этади.

Шу ўринда савол туғилади. Санаб ўтилган ва бошқа масканларимизда сайёҳлар ва дам олувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилганми? Уларга хизмат кўрсатиш қай даражада ташкил этилган? Бу борада камчиликлар бор бўлса-да, кейинги йилларда аксарият зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида қатор ижобий ишлар қилинаётганлигини эътироф этиш керак. Масалан, "Хонтоғ" дам олиш масканидаги осма сим йўл тўла реконструкция қилинди, Балиқчи туманидаги "Уч булоқ" зиёратгоҳи таниб бўлмас даражада ободонлаштирилди, зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Бу албатта, бу ерга келувчилар сонини кескин ортишини таъминлади, қолаверса, савдо, маиший хизмат шохобчаларининг барпо этилиши билан кўплаб янги иш ўринлари яратилди.

Вилоятимизда 6 та музей мавжуд. Мутахассисларнинг таъкдлашларича, уларга йил давомида 500-600 нафарга яқин хорижлик меҳмонлар ташриф буюришади. Музейларимизга хорижлик сайёҳларни жалб этиш бўйича хали кўп ишлар қилиш зарур.

Андижоннинг қадим тарихидан сўзлагувчи вилоят Адабиёт ва санъат музейида эса тарихимизга оид бебаҳо осори-атиқалар ўрин олган.

- Музейда 5 та бўлим мавжуд, дейди, вилоят Адабиёт ва санъат музейи раҳбари ўринбосари Дилшодбек Юсупов. - Музейнинг "Жомеъ" меъморий обидасида "Андижон адабий муҳити ва халқ амалий санъати", ХIII асрга оид Хожар Ноиб (Арк ичи) мадрасаси меъморий обидасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даври", "Қалъа" меморий ёдгорлигида "Тасвирий санъат галереяси", шунингдек "Абдулҳамид Чўлпон ва Оразий ҳаёти ва фаолияти" каби экспозициялар фаолият юритади.

Андижонимизнинг кўрки ва фахрига айланган Боғи Бобур дам олиш масканида ҳам катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди, болалар учун турли кўнгилочар ўйинлар, янги-янги аттракционлар ўрнатилди. Бу ердаги шарт-шароитлар, қулайликлардан кишининг кўнгли тўлади. Бироқ бу маскан ҳақидаги маълумотлар, масалан, боғнинг ҳудуди қанча, қаерда қандай хизмат кўрсатиш шохобчаларининг мавжудлиги, ошхона ёки чойхона жойлашганлиги, умуман, боғнинг харитаси панно ёки афишанинг кўзга ташланмаслиги меҳмонларда қийинчилик туғдирмоқда. Яна бир жиҳат, кун бўйи гавжум бўладиган боғ кечга бориб таҳминан соат 20 дан кейин зимистонга айланиши кишида улкан боғ тунда ғорга яширингандек тасаввур уйғотади.

Нафақат, Боғи Бобурда, балки бошқа дам олиш масканларимизда ҳам дам олувчиларга хизмат кўрсатувчи айрим кишиларда муомала маданиятининг етишмаслиги ҳам бор гап.

Ҳозирда бир-иккита сайёҳлик ташкилотини ҳисобга олмаганда, соҳада самарали фаолият юритаётган корхоналар деярли йўқ, тизимда рақобат сезилмайди. Мазкур соҳага ихтисослашган, тегишли билимларга эга мутахассислар ҳам жуда кам. Вилоятдаги 2 та касб-ҳунар коллежида туризм, меҳмонхона хизматини ташкил этиш йўналишларида мутахассислар тайёрланса-да, малакали кадрларга талаб юқори.

Маълумотларга кўра, Кипр, Малайзия, Швейцария, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари сингари ўнлаб ривожланган давлатларда миллий даромадининг салмоқли қисми туризм ортидан топилган даромад ташкил этар экан. Шу ўринда жаннатмонанд, гўзал ва сўлим табиатга эга юртимизда, хусусан, вилоятимизда нима учун туризм саноатини ривожлантириш, ундан катта даромад олиш мумкин эмас.

Кўриб турганимиздек, Андижоннинг кўрки-камоли кундан-кунга чирой очмоқда, замонавий бинолар, савдо, маиший хизмат объектлари барпо этилмоқда. Йўлларимиз эса халқаро талаблар асосида қайта қурилмоқда. Қолаверса, гўзал ва хушманзара табиатимиз, зилол сувларимиз ҳар қандай кишини ром этади. Бир неча минг йиллик тарихдан сўзлагувчи Сарвонтепа, Мингтепа ёдгорликлари ҳар қандай хорижликда қизиқиш уйғотиши аниқ.

Бундан ташқари, бугун биргина Андижон шаҳрининг ўзида 16 та меҳмонхона мавжуд. Уларнинг 6 тасида хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш ва қишлоқ жойларда сервис хизматини янада яхшилаш мақсадида қўшимча туристик йўналишларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, Марҳамат ва Улуғнор туманларида экотуризм, Улуғнор туманидаги балиқчилик хўжалиги ҳудудида "Балиқ ови", Жалақудуқ туманида "Термал сув", Хўжаобод ва Шаҳрихон туманларидаги шифобахш қумларда "Соғломлаштириш туризми" йўналишларини очиш кўзда тутилмоқда.

Демак, Андижонда саёҳатчиларга, айниқса, хорижлик сайёҳларга таклиф этадиган масканларимиз етарли. Фақат биз уларни кенг жамоатчиликка рисоладагидек кўрсатишимиз, туризмни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни янада такомиллаштиришимиз лозим.

Энг аввало, вилоятимиздаги танлаб олинган сайёҳлик объектлари ҳақида рус, инглиз тилларида сифатли проспект ва китобчалар тайёрлашимиз, умуман, уларни халқаро миқиёсда тарғиб қилишни йўлга қўйишимиз зарур.

Туристик фирма, туроператор ва меҳмонхоналарнинг интернет сайтларга дам олиш масканларимиз, зиёратгоҳлар ва меҳмонхоналаримиз, умуман, Андижон ҳақида рус ва инглиз тилларида доимий равишда маълумотлар киритиб бориш хорижий сайёҳларни жалб этишда муҳим роль ўйнайди. Бу каби ишларни ташкил этишда соҳага муттасадди бўлган кишилар фаоллик кўрсатишлари зарур.

Ана шу ишлар самарали йўлга қўйилса, Андижонда ҳам шубҳасиз, туризм янада ривожланади.

Фахриддин

ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Сожида САИДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди