Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№39 дан: 26.09.2013

ҲАЁТ МЎЪЖИЗАЛАРИ

ЕР ҚАЪРИДА 75 ЙИЛ

Ҳаётдаги айрим ҳодисалар шу қадар жумбоқки, уни англашга инсон ақлу заковати торлик қилади. Россиянинг Бурят ўлкасида кузатилган ноёб ҳодиса ҳам дунё аҳлини лол қолдирмоқда.

Москвада "Ленин танасини Мавзолейдан олиб чиқиб ерга кўмиш керакми ёки йўқми?" деган мавзуда баҳс-мунозаралар авжига чиққан бир пайтда Бурятияда бунинг акси содир бўлди. У ерда одам танасини ердан кавлаб олиб, сиғинадиган маъбудга айлантиришди.

Ҳужжатларга асосан бу одам 1927 йилда вафот этган. Аммо Иволгин дацанида (Улан-Удэдан 30 км. узоқликда жойлашган будда черкови) ҳеч ким уни ўлган деб ҳисобламайди.

- Ойи, Итигэлов Хамба қаерда яшайди? - деб сўрайди бурятлик кичкинтой роҳибларнинг Ломани черковдан олиб чиқиб кетишаётганини томоша қилиб.

- У саройда яшайди, кўряпсанми?

- У чарчадими?

- Албатта, қара, қанча одамни қабул қилди, эшитди. Энди уларга ёрдам беради.

"АИФ" мухбири Хамбо Лама Итигэлов кимга ва қандай қилиб ёрдам беришини ўрганиш мақсадида Иволгин дацанига ташриф буюради.

- У бизга қайтиб келганидан, яъни ердан ковлаб олинганидан буён уни шишага солмай олиб чиқишганини биринчи марта кўришим, - дейди "Хамбо Лама Итигэлов институти" нотижорат ташкилоти директори Янжима Васильева. - Доим шиша ортида ўтирар эди. Одамлар ҳар хил бўлади - касаллар, ўзини тутолмайдиганлар бор. Унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олдини шиша билан тўсиб қўйишади.

Янжима Итигэловнинг узоқ қариндоши, унинг бобоси Ламанинг жияни бўлган. Ўзининг машҳур аждоди ҳақида соатлаб гапириши мумкин.

Собиқ бурятиялик буддист-лар раҳбарига (Итигэлов бу лавозимда 1911 йилдан 1917 йилгача хизмат қилган) атаб шеърлар ва қўшиқлар ёзишади, у ҳақида афсоналар айтилади. Тарихий манбаларда Даша Доржи Итигэлов 1852 йилда туғилган деб ёзилган. Шунга қарамай, роҳиблар уни 5 ёшлик болакай сифатида дунёга келган деб ҳисоблашади. Онаси кимлиги ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди.

У оддий бўлиб туғилмаган, дейишади роҳиблар ва бунга қатор ривоятларни мисол келтиришади. Болалигида бойлар қўлида чўпон бўлган. Шумтакалиги билан ажралиб турган. Қабристонга келиб қабр тошларини, расм-русумларни ўрганган. У пайтда марҳумларни кўмишмаган, болакай улар билан ўйнар эди. Унинг бу ишлари учун сўккан хўжайинини роҳиб доимо тинчлантириб: "Болакай келажакда улуғ инсон бўлади, у ўлимни алдайди", дер эди.

Кейинчалик черковларда ўқиб тарбия олди, черковлардан бирини бошқарди. Айтишларича, у ғаройиб қобилиятга эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида турли ерларда бўла олган. Отда дарё кесиб ўтган, сув унга йўл очиб берган. Рус-Япон уруши бошланган вақтида Итигэлов 300 нафар жангчига фотиха берган, уларнинг барчаси урушдан соғ-омон уйига қайтганлар.

1911 йилнинг март ойида Итигэлов бурятиялик буддистлар раҳбари - Пандито Хамбо Лама XII этиб сайланган. 1913 йил февраль ойида Санкт-Петербургга Рамановлар сулоласининг 300 йиллик байрамига таклиф этилади. Итигэлов делегация таркибида император билан учрашиш шарафига муяссар бўлган ва у бурятияликлар номидан табрик нутқи сўзлаган.

Биринчи жаҳон уруши даврида Хамбо Лама Итигэлов фронт учун маблағ йиққан, жангчиларга кийим, пойабзал, озиқ-овқат жўнатиш ишларига бош бўлган. 1917 йилда соғлиги туфайли ўз лавозимидан бўшаган. Лекин унинг кетишини Николай II нинг тахтдан воз кечиши билан боғлашади. Чунки Итигэлов подшоҳга хизмат қилишга қасам ичган эди.

1927 йил 15 июнда у шогирдларини тўплаб, "Мен ўз ҳаётимни яшаб бўлдим. Мендан 30 йилдан сўнг хабар олинглар, 75 йилдан сўнг эса ўзим сизларга қайтаман", деган ва медитация ҳолатига тушган. Шогирдлари лотос гули шаклида ўтирган устозини кедр дарахтидан қилинган идишга солиб, 2 метр чуқурликка кўмишган.

1955 йили роҳиблар унинг васиятига кўра, устози кўмилган жойдан чиқаришади. Идишни очиб кўришганда, тана сира ўзгармаганлигининг гувоҳи бўлишади. Танаси бутун, териси юмшоқ, юрак соҳасида иссиқликни сезишган. Ўшанда шогирдлари кийимини алмаштириб, идишга туз солиб, қайта кўмиб қўйишган.

1973 йили ер остидан чиқаришганда ҳам унинг танасида бирор бир ўзгариш бўлмаганлиги кузатилган ва яна кўмиб қўйилган.

Унинг қайтиш вақти, яъни 2002 йилда уни таниган фақат бир роҳиб ҳаёт қолган эди. Худди шу роҳиб Ламани ердан кавлаб олишганида, "Бу Хамбо Лама Итигэлов" - деб гувоҳлик берган.

Ибодат вақтида ва одамлар кўпайганда, унинг танаси терлай бошлайди. Чунки у 161 ёшда. 2002 йил сентябрда собиқ бурятиялик буддистлар роҳиби Пандито Хамбо Лама Итигэлов ўзи васият қилганидай ҳаётга қайтди. Унинг танаси ердан кавлаб олиниб, Иволгин дацанига (буддистлар черкови) келтирилди. Махсус саройча қурилиб, унинг танаси ҳозирда ўша ерда яшамоқда.

- Иккинчи қаватдаги ойналарнинг очиқлигини кўряпсизми? У ўша ерда ўтирибди, - дейди Хамбо Лама Итигэловнинг танқўриқчиси Даша Батуев. - Биз нафас олаётган ҳаводан у ҳам нафас олаяпти. Ҳеч қандай музлатадиган камера йўқ. Ҳозир у дам олаяпти, эрталабки ибодатдан сўнг чарчаган.

Унинг 3 нафар тан қўриқчиси бўлиб, улар ҳар куни 2 соатдан Итигэлов билан бирга ибодат қилишади, ундан келаётган ахборотни олишади, бир ойда 2 марта тана кийимини алмаштириб, юзини ёғ билан артишади.

- Ҳид борми дейсизми? - дея суҳбатни давом эттиради Даша. - Танқўриқчи бўлиб келганимдан бери унга яқинлашганимда фақат кекса одамнинг ҳидини сезганман. Лекин вақт ўтиши билан ҳид йўқолди ёки мен унга кўникдимми, билмадим. Уни ердан кавлаб олиб, идишини очишганда муаттар, хушбўй ҳид таралган, дейишади.

Ер остида лотос гули шаклида собиқ Пандито Хамбо Лама ўтирганини Бурятияда XXI аср бошида эсдан чиқаришлари мумкин эди. Чунки Итигэловни тирик кўрган роҳиблардан фақат бир кишигина ҳаёт қолганди. Бошқа роҳиблар бу тўғрида маълумотга эга бўлмаганлар. Балким, Хамбо Лама Итигэлов шундайлигича ер остида бутунлай қолиб кетар эди. Лекин у бошқача йўл тутди. У роҳибларнинг бирининг тушига кира бошлади. Роҳиб тушида келаётган инсон тўғрисида бошқаларга айтиб берди. Шундан сўнг Лама кўмилган жойни қидира бошлашди ва ниҳоят топишди. Ўша роҳиб Бимба Доржиев ҳозирда бош танқўриқчи бўлиб хизмат қилади.

Танани ердан кавлаб олиш қонун бўйича олиб борилди. Қариндошлари розилиги олинди, мутахассислар таклиф этилди. Ламанинг узоқ қариндоши Янжима Васильева аждодининг танасини балзамланган ёки мисрлик подшоҳларга ўхшаб мумиёланган ҳолда кўраман, деб ўйлаган эди.

- Мен лол қолдим, чириб, қуриб кетган танани кўрсам керак, деб ўйлагандим. Лекин тана бутун, қорнини ушлаб кўрсам юмшоқ, қўллари эса иссиқ эди. Агар Итигэлов вафот этганда, унинг танаси чириб кетган бўларди.

Мутахассислар бир неча соатдан ёки бир неча кундан сўнг тана, албатта, чиришини таъкидладилар. Шунинг учун танани музлатгичга жойлаштирдик, эртасига хабар олсак, ойна терлаб кетибди. Бундан ташқари, Итигэлов вазнини ҳам ўзгартира олади. Уни идишга жойлаб кетганимизда оғирлиги 46 кило бўлса, бир неча кун ўтиб унинг оғирлиги 42 килога тушди.

Зиёратчилар билан учрашувда Ламанинг танаси 100 граммдан семиради. Шуниси ҳайратланарлики, 75 йил ёғоч идишда қандай ўтирган бўлса, ҳозирда ҳам шу ҳолатда ўтирибди.

Танани кавлаб олишганидан сўнг 2 йилдан кейин Россия Давлат ижтимоий университети олимларига соч, теридан олинган намуналарни текширишга рухсат берилди.

Текширувни тиббиёт фанлари доктори, Россия судмедэкспертиза маркази бўлим бошлиғи Виктор Звягин олиб борди. Ўз вақтида бу олим Берлинда ёниб кетган мурда Гитлерга тегишли эканлиги ҳақида хулоса берган. Шунингдек, император Николай II ва унинг оиласига тегишли жасадларни ҳам ўрганган.

Танадан олинган биологик намуналарни ўрганиб чиққан мутахассислар: "Тана тўқималари тирик одам тўқималаридан фарқ қилмайди" деган, хулосага келишди.

Профессор Звягин Итигэлов танасида бир неча йил аввал эмас, балки 1-2 кун олдин вафот этган кишининг ҳолати қайд этилганлигини таъкидлайди. Танани синчиклаб текширган олимлар "1927 йилда вафот этган инсон танаси фанга номаълум бўлган ҳолатда", деган якуний хулосани беришади.

Умуман, олимлар Хамбо Лама Итигэлов ҳолати билан боғлиқ бу ҳодиса сирини тушунтира олмадилар. Итигэлов тирикми ёки ўлганми? Бу савол хали хануз жумбоқ бўлиб турибди.

Унинг танаси 86 йилдан бери медитация ҳолатида бўлиб, ҳеч қандай ҳаётий белгилар бермади. Унинг онги инсоннинг "ҳомила" давридагидек бўлса-да, лекин 23 минг км. кенгликдаги биоқувватга эга.

Профессор Виктор Звягин замонавий илмий услублар - нейтронли - активационли ташхис, компьютер томографияси ва бошқа замонавий усуллар масалага ойдинлик киритиши мумкин деб ҳисоблайди. Бу каби текшурувларни ўтказиш учун Лама танасини илмий марказ ёки клиникага олиб бориш масаласида қатор муаммолар юзага келмоқда.

Яна бир мутахассис - тарих фанлари доктори, Россия Давлат университети профессори Галина Ершова тананинг тўқималарининг кимёвий таркибини аниқлаш сингари ҳолатларини ўрганиш фикрини илгари сурмоқда.

Профессор Ершова тана тўқималарида бромнинг меъёрдан 40 баробар ортиқлигига эътибор қаратди. Маълумки, бром дуккакли ўсимликларда (ловия, нўхат) кўп бўлиб, организмнинг сезувчанлигини пасайтириб, ташқаридан импульсларнинг киришига тўсқинлик килди. Шу билан бирга, нафас олишни ва қон айланишини назорат қилувчи мияга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Буни буюк рус физиологи Иван Павлов ўз даврида аниқлаган.

Галина Ершова Хамбо Лама Итигэлов ҳаётлигида дуккакли ўсимликларни кўп истеъмол қилган, сўнг гипноз ёрдамида организмининг ҳаётий қувват функциясини тўхтатган, қисқача қилиб айтганда, медитация ҳолатига тушган, деган хулосага келади.

Техника фанлари доктори, РАЕН академияси аъзоси Борис Большаков Итигэловнинг ўлганини рад этади. Олим Иволгин дацанига (будда черкови) махсус асбоб олиб келиб, Итигэлов танасининг биоқувватини ўлчаб чиқди.

- Унинг бош қисми текширилганда, асбоб тўлқинлари кучайган, бу тирик одам онги, - дейди олим. - Лекин бу онг 2-3 ойлик ҳомиланинг онги билан баробар.

Аммо Хамбо Лама Итигэловнинг биоқуввати 23 минг км.га тенг бўлиб, ер диаметридан 2 баробар ортиқ. Шундай экан, у тирик, қувватни эса роҳиблар дуосидан, ибодатидан олади.

Минг афсуски, 2005 йилда ҳозирги Пандито Хамбо Лама Аюшеев фармойишига асосан барча тиббий текширувлар тўхтатилган. Сабаби, роҳибларга собиқ устози тўғрисида интернетда пайдо бўлган мақолалар ва суратлар ёқмаган. Қолаверса, ердан кавлаб олинган инсон ҳақиқатдан Хамбо Лама Итигэловнинг ўзими ёки унинг қиёфадошими, деган саволлар ҳам кўпайиб кетганди.

Итигэлов инсоният учун ғаройиботлар оламига эшик очиб берди. Бу эшикдан кира олсак, жуда кўп саволларга жавоб топа оламиз. Лекин бу эшикдан қачон кира оламиз, умуман, кира оламизми - бу инсоният олдидаги катта жумбоқдир.

"АиФ" газетасидан

қисқартиришлар билан

Нигора

ТОЖИМАТОВА

таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди