Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 31.10.2013

2013 ЙИЛ - "ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ"

"ХОНАДОНИМДА СЎЛИМ БОҒ ЯРАТГАНМАН"

- ДЕЙДИ МАРҲАМАТЛИК МАШҲУР ДОРБОЗ ЮНУСАЛИ ОТА ҒОЗИЕВ.

Инсон ўз меҳнати, ҳунари билан гўзалликлар ярата олади. Шу боис ҳам инсонга "қўли гул" деб таъриф берилади. Мақоламиз қаҳрамони Юнусали ота Ғозиев ҳам ана шундай қўли гул, ҳар қандай киши ҳавас қиладиган гўзалликлар яратаётган, ҳунари билан одамлар қалбига ҳайрат ва қувонч улашиб келаётган инсонлардан биридир.

Марҳамат тумани, Бобохуросон қишлоғида истиқомат қилувчи Юнусали ота кўп йиллардан буён халқимизнинг кўҳна санъати бўлган дорбозлик билан шуғулланиб келади. Шу билан бирга, ота ўзи яшаётган хонадонда сўлим дам олиш маскани барпо этган. Ушбу хонадонда гўё жаннат боғчаси яратгандай. Бу ерда бўлган киши барпо этилган ана шу гўзалликдан лол қолиши аниқ.

Ота яшаётган хонадон ҳовлисидан зилол сувли анҳор оқиб ўтади. Анҳордаги турли-туман балиқлар кўзни қувнатади. Анҳор устига қўйилган сўриларда узоқ ва яқиндан ташриф буюрган меҳмонлар хордиқ чиқариб, отанинг ўз қўллари билан яратган мўъжизалардан баҳраманд бўлишлари мумкин. Яъни, дарвозадан киришингиз билан деворгуллардан ясалган ўриндиқлар эътиборингизни тортади. Ҳовлидаги улкан шотут дарахти устига қурилган сўри, олма дарахти устидаги болалар ўйингоҳи, атрофи гуллар билан ўралган боғча, олма дарахти устидаги 8 кишига мўлжалланган шахмат ўйнаб, дам оладиган ўриндиқ... бу каби ғайриоддий кўринишлар кўплигидан ҳайратланиб, ўзингизни гўё гўзаллик оламида юргандай ҳис этасиз.

Юнусали ота турмуш ўртоғи Зуҳрахон ая билан 51 йилдан буён умргузаронлик қилади. Улар биргаликда 8 нафар фарзанд - 6 қиз, 2 ўғилни тарбиялаб, вояга етказдилар, уйлаб-жойладилар. Бугун 26 нафар набира, 8 нафар чевара билан бағрилари тўлиб, кексалик гаштини сурмоқдалар. Тиниб-тинчимаган отахон 72 ёшни қаршилаган бўлса-да, меҳнат қилиб, хонадонида ана шундай сўлим гўша яратдики, бугун минглаб одамлар ундан баҳра олмоқдалар.

- Мен ёшлигимдан дорбоз Тошкенбоевларнинг қўлига шогирд бўлиб борганман, - дейди, Юнусали ота Ғозиев. - Ўттиз беш йил улар билан ишладим, кўплаб фестивалларда қатнашдик. Улар билан дунёнинг кўплаб мамлакатларида халқимизнинг дорбозлик санъатини намойиш этдик. Кўплаб совринларга эга бўлдик. Кейинчалик ўғил-қизларим ҳам ортимдан эргаша, бошлади.

Дарҳақиқат, отанинг ўғиллари Алижон ака ва Муродали акалар ҳам оталари касбини эгаллаб, маҳоратли дорбоз бўлиб етишган. Ҳозирда уларнинг оилавий дорбозлар гуруҳи халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Ҳатто, уйларининг этагига ҳам баланд дор қурилган. Болалар учун мўъжазгина цирк майдони ташкил этилган. Бу ерда дам олувчилар учун томошалар кўрсатилади. Отанинг эндигина икки ярим ёшга кирган набираси Акбаралининг "дорга чиқаман", деб қилган харҳашалари оилада ота-боболарининг давомчилари улғаяётганлигидан дарак беради.

- Отаси билан қизларим ҳам дор ўйнар эди, - дейдилар, Зуҳрахон ая. - Қизларимнинг барчаси отасининг ҳунарини олган. Бешинчи қизим Барчиной эса билан Ҳиндистонга бориб дорбозлик санъатини кўрсатган. Ўз пайтида у бажарадиган трюкларни анча-мунча одамнинг кўргани юраги дов бермасди. Энди эса мана набираларим ҳам бу касбнинг ортидан эргашмоқда. 5 ёшли набирам Дурдонахон бугун дор устида рақслар тушиб, барчани лол этмоқда.

Яратганга минг шукр, биз турмуш ўртоғим билан биргаликда фарзандларимизга чиройли тарбия бердик. Эл-юрт хизматига камарбаста инсонлар қилиб камолга етказдик.

Бу гўшада яратилган имкониятлар бўлажак дорбозлар учун тажриба мактабидир. Отанинг таъкидлашича, ушбу "дорбозлар мактаби" қизиқувчи ёшларга дорбозликнинг нозик сир-асрорларини ўрганишларида муҳим аҳамият касб этади.

Бу хонадондаги икки нафар келин ҳам, бахтли ҳаёт кечиришмоқда.

- Қайнона, қайнотамиз бизни фарзандларидай кўришади, - дейди катта келин Райҳоной опа. - Ойижоним ерга чўп суқсалар ҳам кўкариб кетади. Мана бу туваклардаги одам бўйидан баланд гўзал гулларни ҳам ўзлари экиб, парвариш қилган. Биз келинлар улардан ўрнак олиб, онамиздек бўлишга ҳаракат қиламиз. Фарзандларимиз ҳам ҳозирдан дор устида ерда юргандек юради.

Инсондан эзгулик ва яхши амаллар қолади. Юнусали отанинг дарбозлик орқасидан топган ҳурмат-эътибори, нафақат, ўзини, балки оиласи, юрти Марҳаматни, Андижонни дунёга танитди. Шу боис отага, оиласига ҳамма ҳавас билан қарайди. Зеро, эл-юрт эътиборида, хизматида бўлиш ҳар қандай инсон учун улкан бахтдир.

Ойдиной МУҲАММАДЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди