Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 31.10.2013

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИ МУҲИМ МАСАЛА

Ҳар қандай давлат, ҳар қайси миллатнинг порлоқ келажагини таъминловчи буюк куч ўша юрт, миллатнинг соғлом, ҳар жиҳатдан етук фарзандларидир. Шу боис ҳам мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида ёш авлод тарбиясига, фарзандларимизни комил инсон бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Жалақудуқ туманида ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этиш жоиз. Айни кунда тумандаги мавжуд 30 та мактабгача таълим муассасаларида 153 нафар мутахассис мураббийлар кичкинтойларнинг соғлом, билимдон бўлиб улға-йишлари йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Мактабгача таълим масканларида болаларнинг яйраб, қувнаб ўсишлари, ўйнаб дам олишлари, билим ва кўникмага эга бўлишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ажратилган 132 миллион сўмдан зиёд маблағ ҳисобидан бир қатор боғчалар қайта таъмирдан чиқарилди, уларнинг моддий-техник баъзаси мустаҳкамланди. Жумладан, туман марказидаги 1-сонли боғчага шаршарали бассейн қурилди. Шунингдек, ёзги айвон ҳам барпо этилди.

"Қўштепа" қишлоғидаги 11-боғчада эса "Фитобар" ташкил этилган. Бу ерда кичкинтойларга ҳар куни фойдали гиёҳлардан тайёрланган дамламалар берилади. Мазкур боғчада яқинда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ободонлаштириш, тарбия самарадорлигини ошириш, болаларни ҳар жиҳатдан соғлом ўстириш борасидаги ишлар юзасидан вилоят анжумани ўтказилди. Анжуман иштирокчилари боғчада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар, илғор тажрибалар ўрганилди.

Боғча ҳақида гап кетганда болаларни боғчаларга жалб қилиш масаласи кўпчиликни қизиқтириши табиий. Хўш, бу борада Жалақудуқда аҳвол қандай? Айтиш жоизки, бугунги кунда туманда 18 минг нафардан зиёд боғча ёшидаги болалар мавжуд бўлса, улардан бор йўғи 2,5 минг нафарга яқини боғчага қатнайди, холос. Яъни боғча ёшидаги болаларнинг атига 14,5 фоизи боғчаларга жалб этилган. Биз эртанги кун, келажак ҳақида қайғуришдан олдин кичкинтойларни боғчага жалб қилиш масаласи ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз лозим.

Мазкур ҳолатни таҳлил этадиган бўлсак, масала қатор объектив ва субъектив сабабларга бориб тақалади.

Биринчидан, аксарият ота-оналар ўз фарзандларини боғчаларда тарбияланишларига у қадар эътибор беришмайди. Оилада улар қаровсиз эмасликлари боис фарзандларини боғчаларга олиб бормайдилар. Шу ўринда ота-оналар боғча тарбиясини олган болаларнинг қобилияти, интеллектуал салоҳияти анча юқори бўлиши, таълимнинг дастлабки кўникмаларини олиб, мактаб таълимига тайёр ҳолда бўлишларини ҳисобга олмаётганликлари ачинарлидир.

- Имкониятларимиз кенг, шароитларимиз яхши бўлса-да, ота-оналар фарзандларини боғча тарбиясига беришга қизиқмаётганлиги бор гап, - дейди 7-мактабгача таълим муассасаси раҳбари Иродахон Абдуллаева. - Назаримда, тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз, ота-оналарга боғча тарбиясининг афзалликларини тушунтиришимиз зарурга ўхшайди.

Иккинчидан, айрим ота-оанлар боғча учун тўловни амалга ошириш иконига эга эмас. Маълумки, ҳозирда туман тасарруфидаги боғчаларда ойлик тўлов 55 минг 716 сўмни ташкил этади. Бу айрим оилаларга оғирлик қилади. Бироқ инсоф билан айтиш керакки, ана шу пулга бир ой давомида (дам олиш кунларидан ташқари) болага тарбия бериш, озиқ-овқат билан таъминлаш, албатта, осон иш эмас.

Айтиш керакки, тўлов бўйича айрим тарбияланувчилар учун имтиёзлар белгиланган. Масалан, кам таъминланган, икки ва ундан ортиқ фарзандлари тарбияланаётган оилаларга имтиёзли тўловлар жорий этилган. Шунингдек, тегишли тартибларга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги кишилар фарзандлари боғчага бепул қатнайдилар.

Учинчи сабаб эса айрим мактабгача таълим муассасаларида болаларни боғчага жалб этиш ишлари самарали ташкил этилмаганлиги, зарур шарт-шароитлар яратилмаганлигидир. Тўғри, бу борада ҳам камчиликлар йўқ эмас. Бироқ, мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

- Болалар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, - дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг мактабгача таълим услубчиси Дилфузахон Ураимова. - Демак, ҳар бир тарбия масканида ана шу азиз фарзандларимиз учун барча қулайликларни яратиб беришга, тарбия ишлари самарадорлигини оширишга ҳаракат қиламиз. Тан олиб айтиш керакки, аксарият муассасаларимизда бу борадаги ишлар намунали ташкил этилган. Агар йўлингиз тушиб, боғчаларга кириб қолсангиз, машғулотлардаги болаларнинг фаоллигини, айниқса, ўз она тилимиздан ташқари, рус ва инглиз тилларида чулдираб гапираётган кичкинтойларни кўриб қувонасиз.

Ҳа, болалар эртанги кунимизнинг эгалари, яхши, хайрли ишларимизнинг давомчиларидир. Бугун улар қанчалар соғлом, тарбияли, пухта билим эгаси бўлиб камол топсалар, келажагимиз ҳам, албатта, нурли бўлади.

Шу боис ҳам фарзандларимиз тарбиясига, уларни боғчаларда тарбияланишига, хусусан, мактабгача таълим муассасаларидаги шарт-шароитларни яхшилаш масалаларига жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

Раҳима АБДУРАҲМОНОВА,

Жалақудуқ тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди