Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№45 дан: 07.11.2013

ТАВБА ҚИЛИШГА ШОШИЛАЙЛИК

Ҳар бир банда дунё ҳаётида билиб-билмай турли хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради. Ҳаётимиздаги ана шу гуноҳ ва хатолардан бизни фориғ қилгувчи - тавба ва истиғфордир.

Истиғфор Аллоҳдан кечирим сўраш, тавба эса келажакда ўз амалларининг ёмонлигидан сақлашни ният қилишдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: "Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўкиб чиқарибди" ("Нисо" сураси, 48-оят).

Аллоҳ банданинг хато ва гуноҳларини фақат у астойдил сўраб, тавба қилсагина кечиради.

Шунинг учун банда ҳар куни, ҳар сонияда тавбага шошилиши лозим. "Ҳали вақт бор-ку, ҳали ёшман-ку" демай, Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, Унинг мағфиратини сўрашга ошиқиш лозим.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) муборак ҳадисларида: "Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан". Ул зот шундай деб марҳамат қилганларида биз - умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз ножоиздир. Қуръони каримда: "(Эй, Муҳаммад!) ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: "Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир" ("Зумар" сураси, 53-оят) деган ояти каримаси барча мўминлар учун баробардир. Демак, Аллоҳнинг мағфирати ва раҳматига сазовор бўлиш учун тавба қилиб, имонга келишимиз, ҳаётимизни солиҳ, яхши аммалар билан ўтказишимиз даркор.

Луқмони Ҳаким ўғилларига шундай деган эканлар: "Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошмас экан, иккита катта хатар ичида қолади. Биттаси - гуноҳлар зулматга тўпланиб, қалбни тўла муҳрлаб қўяди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди. Иккинчи хатар - касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди".

Тавбага юзланиш инсонга фарз қилинган ҳукмдир. Тавба ҳар бир шахс зиммасидаги амалдир, Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: "Гуноҳ икки хил бўлади: сен ва Парвардигорнинг орасидаги гуноҳ ҳамда сен билан бандалар орасидаги гуноҳ. Аллоҳ таоло билан сенинг ораларингдаги гуноҳнинг тавбаси тил билан истиғфор айтиш, юракдан пушаймон бўлиш ва шу гуноҳга қайтмасликни қасд этиш билан бўлади. Агар буларни қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечади. Агар гуноҳда Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлса ва ўша ҳақ шаръий жазога лойиқ бўлсаю, уни биров билмаган бўлса, ўша гуноҳ яширин ҳолда қолгани яхши. Аммо сен билан бандалар орасидаги ҳақ-ҳуқуқ бўлса, улар рози бўлмасалар, тавба сенга фойда бермайди! Яъни: мазлумнинг ҳаққини қайтариш, рози қилиш зарурдир".

Киши тили билан тавба қилсаю, феъл-одатини ўзгартирмаса, бунақа тавба ёлғончининг тавбаси бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Тили билан тавба қилиб, гуноҳни эса ташламасдан ҳамиша ва доим қилиб юрадиган одам Парвардигорни масхара қилувчидир", деганлар.

Банда учун тавба қилиш вожиблиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўп зикр этилган. "Ҳозир эрта, вақти келганида тавба қилиб олармиз", деган фикр фикрларнинг энг ёмонидир.

Тавбани давомли қилиш ҳам вожибдир, чунки банда, ким бўлишдан қатъи назар, гуноҳкордир. У аъзолари билан гуноҳ қилишдан сақланган чоғида ҳам шайтон васвасасига йўлиқиши ва бировнинг ҳақини ўзлаштириши мумкин. Бундан ташқари, инсон бўйнида тавба билан кечирилмайдиган нарсалар ҳам бўлиши мумкин. Кишиларнинг ўзаро (қўшничилик, шерикчилик, оға-инилик, устоз-шогирдлик, мерос каби) муомала-муносабатларида бир-бирларига ҳақлари ўтиб қолади. Шунинг учун бир-бирларини рози қилишлари ва розилик тилаб туришлари керак. Ҳақи ўтганларга: "Дўстим, сенинг ҳаққинг менга ўтди, менда сенинг шу миқдордаги ҳаққинг бор, Кўнглингдагини айт, шу дунёда ҳаққингни берай-да, мендан рози бўл, охиратда даъвогар бўлиб юрма", дейиши керак.

"Гуноҳларим кўп, Аллоҳ таоло уларни кечирармикан?" деган шубҳа, гумонлардан узоқ бўлайлик, Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ҳақ! Аллоҳнинг раҳматидан фақат шайтон умидсиз бўлади. Биз Парвардигор раҳматини истаб, астойдил, чин дилдан тавба қилайлик. Зотан, чин юракдан қилинган тавба туфайли Аллоҳ таоло бандасининг гуноҳларини кечади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тавба қилгувчи ва тавбалари қабул бўлгувчи бандаларидан бўлишликни насиб этсин.

Санъатбек ТУРСУНОВ,

Олтинкўл туманидаги "Уйшин" жомеъ масжиди имоми.

Отабек ҲУСАНОВ,

Олтинкўл туманидаги "Жалабек ота" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди