Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 16.01.2014

БУГУННИНГ ГАПИ

ИЛМНИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?

ЁҲУД АЙРИМ ОТИНОЙИЛАР ХУСУСИДА МУЛОҲАЗА

Халқимизда "Бешикдан то қабргача илм изла" деган пурмаъно ҳикмат бор. Бежиз айтилмаган бу нақл замирида жуда катта маъно мужассам. Илм яхшиликларга йўл очади, ҳар қандай муаммо илм туфайли ўз ечимини топади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўрганилган илм инсоннинг нафақат, ўзига, балки ён-атрофидагиларга ҳам "нимадир" бера олиши керак.

Сир эмаски, истиқлолга эришгандан кейин юртимизда дин ишларига, фуқароларнинг эмин-эркин эътиқод қилишларига, диний билим олишларига кенг йўл очиб берилди. Бунинг самараси ўлароқ, юртдошларимиз бу борада кенг имкониятга эга бўлдилар.

Минг афсуски, бугун орамизда диний илмни эгаллаган айрим уламолар, айниқса, отинойилар ана шу илмларини суистеъмол қилаётганликлари кишини таажжубга солади.

Яқинда бир танишимиз вафот этган ота-онаси ҳаққига уйида эҳсон - издиҳом ўтказди. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар чақирилган ўша маърака жуда чиройли ўтди. Айниқса, маҳалла отинойисининг қуръон сураларини ёқимли қироат билан ўқиши барчага манзур бўлди, унинг ҳаққига дилдан раҳматлар айтишди. Эҳсон сўнггида меҳмонларга дастурхондаги барча ноз-неъматлар "пешдастурхон" қилиб берилди. Табиийки отинойига ҳам алоҳида ҳиммат кўрсатилди. Эҳсон қилган танишимиз хонадон соҳибаси отинойи учун махсус тугун ҳам олиб кирди. Бу "эътибор"лар ёнига маъруза тугагач, ўтиргану юрган-турганнинг "кўнглидан чиқаргани" қўшилди. Хуллас, отинойи катта ҳурмат билан кузатилди. Унинг маърузалари, қироати анча вақтгача ҳамманинг эътирофида бўлди. Бироқ... ўша эҳсондан кейин эшитганларим мени ажаблантирди. Танишимизникидан қайтган отинойи ўзига аталган "хўлу қуруқ"дан кўнгли тўлмаганини, бу билан эҳсон қилган хонадон эгалари уни "пастга уришганини", ўша хонадонга "илмини хор қилиб" бекор борганини қайта-қайта таъкидлаганмиш...

* * *

Шароити ночорроқ қўшним анча вақт пул йиғиб, қўй олди. Ўша қўйни сўйиб, вафот этган яқинлари учун эҳсон қилди. Ўз маҳалласининг илми ўткир отинойисини чақиришни ният қилган экан, чақирди ҳам, аммо... меҳмонлар келиб, бирин-кетин овқатлар тортилди ҳамки отинойидан дарак йўқ. Қўшним унинг уйига яна отланди. Бироқ тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтиб келди: "Нима экан, отинойи қўшни қишлоққа маъракага кетган экан, уйидагиларга телефон орқали келолмаслигини айтганмиш..."

Кейинроқ маълум бўлишича, ўша отинойи бу издиҳом бошлангунча яна бир жойда ҳам "хизмат" қилиб келишга улгуришни режа қилган экану, борган жой анча топарман-тутарман хонадон эканлиги учун ваъда берган бўлса-да, ўша қўли юпқароқ қўшнимизнинг маросимига келмай қўя қолган. Кейинчалик отинойининг "Сизникига келишга ҳаракат қилдим, аммо "фалончи" бой эртароқ кетишимга изн бермади", дея очиқчасига ўзининг ким эканлигини кўрсатди.

Наҳотки, илмли отинойи берган ваъдасини бажармаслик гуноҳ эканлигини, ана шу хонадон соҳибасининг кўнглини оғритиб қўйганлигини англаб етмаса?

Ўз илми билан кишилар қалбига ёруғлик солиши мумкин бўлган, бироқ кўпчиликнинг эътибори ва эътирофини суистеъмол қилаётган айрим отинойилар юқорида баён этилган сингари ҳолатлари орқали нафақат ўзларининг, балки барча отинойилар ҳурматига соя солмаяптиларми? Топганига, олганига қараб издиҳомларни "гуллатаётган" баъзи бир "отинча"лар ўз илмини "пуллаб", ўз қадрини ошираётганликлари қайси меъёрларга тўғри келади?

Муқаддас динимизда, ҳадисларда юқоридаги каби ҳолатларнинг қораланиши ҳаммага кундай равшан бўлса-да, айрим отинойиларнинг ана шу йўлни тутаётганликлари таъмагирликдан бошқа нарса эмас.

Дарҳақиқат, таъмагирлик, илмини сотиш орқали пул топишни мақсад қилган айрим кишилар, хусусан, қўштирноқ ичидаги отинойилар бугунини ўйлаяптилару, охират, савобу гуноҳ ҳақида ўйламаяптилар. Диний китобларда келтирилган қуйидаги ривоят барчамизга ибрат бўлиши лозим.

Мусо алайҳиссаломнинг бир хизматчиси бор эди. Бир неча кун хизматга келмади. Мусо пайғамбар у кишини сўрасалар, одамларни тўнғизга айланиб қолганини айтишди. Мусо пайғамбар Аллоҳдан у кишини ўз ҳолига қайтаришни сўраганда, Аллоҳ у зотга "Эй, Мусо, ҳар қанча дуо қилсанг ҳам ижобат қилмайман, чунки у динини мол-дунёга сотарди", дея вахий келди.

Муқаддас динимизда илмни ўрганиб, унинг зиёсидан ён-атрофдагиларни ҳам баҳраманд қилишлик улуғ савобдир. Диний илми орқали мол-дунё орттиришга ружу қўйган, кўнгил кўзлари басир кишилар ана шу улуғ савобдан бебаҳра қолишлари аниқ.

Айрим юртдошларимизнинг мавзу доирасидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Муборакхон Каримова, Избоскан туманидаги Урганжи маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат, маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:

- Айрим отинойилар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлардан ҳамма бирдек ранжийди. Бунинг олдини олишда, шубҳасиз, нуроний отахон ва онахонларнинг, фаолларнинг ўрни катта. Шуни назарда тутган ҳолда, ўтаётган, ўтказилаётган маъракалар, турли оилавий тадбирларни камчиқим, хонадон эгаларини ҳам, меҳмонларни ҳам ранжитмайдиган тарзда ўтказишга ҳаракат қилиш зарур. Ана шу маросимларда қатнашаётган отинойилар эса кўпроқ пул топишни эмас, одамлар ўртасида динда диёнатли бўлиш, эзгулик, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратиши керак. Улар одамлар "бергани"ни эмас, аксинча, атрофдагиларга илми ила нима бера олаётгани муҳим эканини ҳис қилишлари керак. Бу борада отинойининг зиммасида жуда катта масъулият бор.

Хайринисо опа Мамажонова, Андижон шаҳри бош отинойиси:

- Отинойи, аслида, илм онасидир. У ўзи билганини атрофдагиларга ҳам билдириши керак. Зеро, муқаддас динимизнинг муҳим шартларидан бири ҳам кишининг ўзи ёқтирган яхшиликларини дўст-биродарларига илинишидир. Қироат ила маъруза қилаётган отинойининг кўнглида зиёфатдан тушадиган "кирим" иштиёқи турса, бу қандай яхшилик бўлиши мумкин? Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, оз бўлса-да, бу каби отинойиларнинг борлиги мени ранжитади, ташвишга солади. Тўй-маъракалар, маросимларни камчиқим, ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётган бир вақтда ана шундай хайрли ишларга масъул бўлган илм аҳлларининг бундай "йиғди-йиғди"лари қайси мантиққа тўғри келади? Сизни ҳурмат қилиб, ўрганганларингиздан баҳра олмоқ ниятида хонадонига таклиф қилган мезбонларнинг, қолаверса, бошқа меҳмонларнинг ҳам "берари"га умид қилишликнинг ўзи гуноҳ. Илмимиз туфайли эл эъзозини, ҳурматини топган эканмиз, илмимизни пулламайлик, эзгу ва савобли ишларга бош бўлайлик. Яратганнинг ўзи барчамизга инсоф берсин...

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ ҳаммага, энг аввало, инсоф берсин. Издиҳомларда эътибор қозониб, ўз обрўсини кўнгил майли ила пастга ураётган айрим илм аҳллари виждону инсофни, чин эътиқодни унутмасликларини жуда-жуда истар эдик. Фоний дунёнинг ёлғон кўринишлари ҳақида била туриб, ана шу иллатлар ҳақида ўзлари "ваъз" ўқиётган отинойиларимизга инсоф берсин, айтаётган сўзларию қилаётган ишлари бир бўлсин.

Аслида айбни фақат уларга тақаш ҳам тўғри эмас. Негаки, уларни шу чох сари бошлаган, бойлик хирсига кўниктирган орамизда яшаётган мол-дунёси, амалу мартабаси билан ўзларини ҳаммадан устун қўяётган айрим одамлар эмасми?! Балки улар яхши-ёмонни, гуноҳу савобни унчалик тушунмаслар? Шу боис ҳам, кенг жамоатчилик, маҳалла фаоллари, энг аввало, отинойиларнинг ўзлари юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қилишлари зарур. Отинойиларни таъмагирлик йўлидан қайтариш учун зарур барча ишларни амалга оширишимиз керак.

Хулоса ўрнида яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимизки, "Эртага эҳсонимиз бор эди. Илмингизни ҳавас қилгандик. Чиройли ўқиш қилиб берсангиз," дея айтиб келгувчининг маросимига бориб мўмай даромад топишни ният қилгувчи отинойилар қалбларидаги кибр, таъма улкан гуноҳ эканлигини англаб олсинлар.

Ҳалол-поклик, одамларнинг кўнглини олишлик инсонни ҳамиша юксакларга кўтаради, одамларнинг ҳурмат-эътиборига, Яратганнинг ажру савобларига сазовор қилади. Отинойиларимиз ўзларининг яхши амаллари билан ҳамиша ана шундай юксак мақомларга эришишларини, барчанинг уларга ўзгача ҳурмат билан қарашларини истар эдик.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди