Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 16.01.2014

"СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

САЛИМА ХОЛАНИНГ СИРИ:

ТАБИАТ ТУҲФАЛАРИНИ АРДОҚЛАШИДАДИР

Қишлоқнинг бир чеккасида жойлашган бу уйнинг қандайдир жозибаси, инсонни ўзига чорлаб турувчи файзи бор. Кафтдеккина ҳовлида кераксиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар бир бурчакдаги оддий тош ҳам шундай ўрин топганки, гўё уни табиат аслида ўша жой учун яратгандек. Ҳовли этагида қазилган иккита катта ҳандакнинг бири атрофдан, яна бири боқилаётган ҳайвонлардан чиққан чиқиндиларни йиғиштириб туради. Ҳар баҳор уларнинг устига ташланган тупроқ бу ерда келаси йил учун бой табиий ўғит хосил бўлишини таъминлайди. Ошхона эшиги олдидаги "тўлмас" челак бир қараган одамни ҳайратга солиши табиий. Сув қуйиладию, бироқ бирор марта унинг жойидан қўзғатилганлигини кўрмайсиз. Топқирликни қарангки, қишлоқ шароитида яратилган қўлбола канализация ювиндини оёқ остига тушишига йўл қўймайди. Оддийгина усулда, эски челакнинг таг қисмига тўр сим қўйилиб, тош ташланган чуқур устига ўрнатилиши, хонадон соҳибининг ҳам сарамжонлиги, ҳам кашфиётчилигидан далолатдир. Кир ювиш учун мўлжалланган жой ҳам ўзига хос ихтиро натижасини акс эттирган. Махсус ковланган чуқур устидан жой олган ясама мослама ўра оғзини ёпиб туриш билан бир қаторда, иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликларни бағрига сингдириб юборади. Эътиборни тортувчи манзарани юзага келтирмайди. Шу сабабдан ҳам атрофнинг чиннидек тозалиги, ҳатто шудгордаги тупроқда ҳам акс этади.

Баҳорда бу масканда янада жозиба ҳаёт бошланади. Гулларнинг анвойи ифорига тўлган ҳовлида ҳаво ҳам ғуборсиздек гўё.

- Баъзи аёллар қишлоқ жойда яшаш важини рўкач қилиб, оддий гигиеник қоидаларга ҳам амал қилмай ўзларининг ҳаёт тарзини оғирлаштирадилар, - дейди хонадон бекаси Салимахон ая Зафарова. - Аслида табиатнинг бизга берган туҳфаларининг ўзи чексиз имкониятларни тақдим этади.

Аёлнинг эътиборлилиги билан ортиқча маблағ сарфламасдан шундай рўзғор тутиш мумкинки, саришталик, замирида ҳам соғлигингизга, ҳам оила бюджетига фойда бергувчи ҳаёт шаклланади.

Моҳидил

МАМАСОЛИЕВА.

МУТАХАССИС МИНБАРИ

ОНА СОҒЛОМ БЎЛСАГИНА...

Ҳозирги кунда юртимизда, хусусан вилоятимизда эрта турмушнинг олдини олиш, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Лекин шунга қарамасдан ҳаётимизда қизларни эрта турмушга узатиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Бугунги куннинг оғриқли нуқтасига айланган эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, миллатимиз давомчиларини дунёга келтирувчи аёллар ўз саломатликларини сақлашда нималарга эътибор қаратишлари зарурлиги хусусида Андижон шаҳар 2-туғруқ мажмуаси бош шифокори шаҳар кенгаши депутати Саодатхон Аҳмаджонова билан суҳбатда бўлдик.

* * *

- Қизларимизнинг эрта турмуш қуриши, унинг салбий оқибатлари ҳақида шифокор сифатида қарашларингиз...

- Яқинда бир танишим қизини 18 ёшга ҳам тўлмай турмушга берди. Тўйдан ҳеч қанча вақт ўтмай, ёш оила бузилди. Сабаблар бир дунё. Йигит-ку майли, бошқасига уйланар, аммо турмушни ҳали англамай, вужудидаги нобуд бўлган гўдак учун ёш тўкиб, умри эрта хазон бўлган қизнинг ҳолига нима дейсиз? Ҳали балоғатга етмаган қизларни турмушга бераётган айрим ота-оналарнинг кўзлари жуда кеч, аниқроғи фожеа юз берганда очиляпти. 18 ёшга тўлмаган қизнинг организми оналикка тайёр бўлмайди. Ҳали болалик инжиқликларидан чиқиб кетмаган қизгина қандай қилиб ҳомиладорликнинг қийин давридан осон ўта олади? Натижада асаббузарликлар, оғир токсикоз, анемия, ҳомила тушиши каби оғриқли ҳолатлар юз беради. Қиз бола организми 20-22 ёшларда турмушга, оналикка тўла тайёр бўлади. Ота-оналарга шифокор сифатида қизларимизни ана шу ёшга етганда турмушга беришларини маслаҳат бераман.

- Муҳтарам юртбошимиз янги йилни "Соғлом бола йили" деб эълон қилди. Бу ташаббус биринчи галда сиз шифокорларга, бўлғуси оналарга жуда катта масъулият юклайди...

- Дархақиқат, дунёга келаётган ҳар бир гўдак, фарзандимиз, унинг соғлом бўлиб туғилишига масъулмиз. Бунинг учун, аввало, ҳар бир фарзанд кутаётган аёл ҳомиладорлик даврида ўзи ва бола саломатлиги хавфсизлиги учун турли асоратларга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш мақсадида олдиндан хомиладор бўлмасдан барча текширувлардан ўтиши зарур. Аёллар ҳомила 18-20 ҳафталик муддатларда скрининг текширувидан ўтишлари шарт. Бу эса боланинг қандай ривожланаётганини аниқлабгина қолмай, нуқсонли болалар дунёга келишининг олдини олади. Шу ўринда ёш оналарга туғруқ ораси 3-4 йил бўлишини эслатмоқчиман. Ўтган вақт давомида она соғлиги тикланади, ҳомиладорликдан аввал организмдаги саломатликка оид барча муаммоларни бартараф этиш имконияти кенгаяди. Фарзанд кутаётган оналар овқатланиш тартибига ва шифокор тавсияларига тўла амал қилишлари лозим. Чунки она соғлом бўлсагина, бола саломат дунёга келади. Аслида ҳар жиҳатдан баркамол авлоднинг туғилишида оталарнинг, яна оиладаги муҳитнинг ўрни ҳақида таъкидлаш зарур. Зотан, сурункали ичувчи ва чекувчи отадан, нотинч оилалардан соғлом бола дунёга келиши даргумон. Шунинг учун соғлом ота-она ва соғлом фарзанд дейиш тўғри бўлади.

- Аёлларимизга, бўлғуси оналар - қизларимизга тавсия ва маслаҳатларингиз?

- Аёл борки, олам чароғон, ҳаёт давомий. Улар келажак яратувчилари экан, ўз саломатликлари муҳофазасига ҳамиша алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Ҳар бир қиз, аёл йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтиши, ўз соғлигига эътиборсиз бўлмаслиги, витаминга бой табиий неъматлардан доимий истеъмол қилишлари, ўзларини турли касалликлардан ҳимоялашга уринишлари лозим.

Соғлом фарзанд деганда, кўз олдимизга соғлом келажак, соғлом оила ва албатта, юрт равнақи келади. Авлодлар давомийлигини сақлаш масъулияти аёлларимиз елкасида экан, уларнинг соғлом бўлиши, соғлом гўдакларни дунёга келтиришлари учун зарур бўлган барча ишларни амалга оширамиз.

Опа-сингилларимиздан энг аввало, турли хасталикларнинг олдини олиш, фарзандларининг соғлигига беэътибор бўлмасликларини, оилада соғлом турмуш тарзини шаклланишига жиддий эътибор қаратишларини илтимос қилардим. Шундагина фарзандларимиз соғлом, ҳаётимиз эса чароғон бўлади.

ЗИЛОЛА

суҳбатлашди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди