Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№15 дан: 10.04.2014

"СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК

ЧИНИҚҚАНГА ДАРД ЮҚМАС

Халқимизда "чиниққанга дард юқмас", деган ҳикматли гап бор. Атроф оппоқ қор билан қопланган қирчиллама қиш кунларида муздек сувда чўмилган "морж"ларни кўриб, ана шу ҳикматли гап беихтиёр ёдимизга келади.

Яқинда кўпни кўрган пиру бадавлат онахон бир қизиқ воқеани ҳикоя қилиб берди. Қизи билан куёви ёш гўдак Илҳомжонни ёзнинг иссиқ кунларида ҳам чирмаб ўрашлари, совуқ сув ичма, шамоллаб қоласан," деб авайлашлари оқибатида бола мактаб ёшига етгунча бир неча бор касалликка чалинган. Бора-бора нафаси қисиладиган бўлиб қолган.

- Болангизда астма касаллиги белгиларини сезяпман, - дейди шифокор бир куни болани кўрикдан ўтказар экан. - Дарҳол текширтириб олдини олмасанглар, кейин болани уринтириб қўясизлар.

Шундан сўнг ота-она фарзандини шифокорма-шифокор етаклашди. Югур-югур, текшир-текширлардан сўнг Илҳомжон касалхонада жиддий даволанди. Аввалига бироз нафини сезгандек бўлади, кейин эса яна ўша аҳвол. Ҳафта ўтар-ўтмасдан нафас қисиш бошланади.

Кунларнинг бирида Ҳалима хола қудалари билан бамаслаҳат набирасини ўз уйига олиб кетди. Ўша кундан бошлаб Илҳомжонни чиниқтираман, деб кичик ўғли спорт билан шуғуллантира бошлади. Эрталаб бадантарбия қилдиради, сўнг қисқа масофага югуртиради. Аста-секин масофани ҳам узайтириб боради. Бир ойдаёқ Илҳомжонда ўзгариш сезилди. Юзига қизиллик югуради. Энди у ҳар куни 4-5 километрга югурмасдан тура олмайдиган бўлиб қолади. Шундан кейин Илҳомжон спорт клубига қатнай бошлади.

- Набирам спорт билан шуғуллангандан кейин буткул соғайиб кетди, - дейди Ҳалима хола.

Ҳа, биз спортнинг инсон саломатлигига нақадар фойда келтириши ҳақида биргина мисол келтирдик, холос.

Агар инсон ёшидан қатъий назар спорт билан шуғулланса, ўзини бардам сезиши, руҳи тетик бўлиши бу саломатлик учун мустаҳкам гаров эканлигини яққол сезиш мумкин. Шунинг учун ҳам саломатлик - туман бойлик, деб бежизга айтишмаган.

ЗУМРАДХОН .

ТАБИАТНИНГ ЎЗИ ШИФОКОР

ҚУЁШ НУРИ САЛОМАТЛИК МАНБАИДИР

Табиат инсон учун керакли барча имкониятларни яратади. У озиқ-овқат, сув, гўзаллик, саломатлик туҳфа этади. Она табиатимизнинг бизга тақдим этадиган энг катта мўъжизаси эса бу қуёш нуридир.

Қуёш оламга ўз нурларини таратиш билан бирга, инсонларга маълум бир миқдорда соғлик ҳам инъом этади. Узоқ йиллик илмий тадқиқотлардан сўнг олимлар томонидан қуёш нури саратон тўқималари пайдо бўлишига тўсқинлик қилади, деган хулосага келинди. Уларнинг қайд этишича, қуёш нурининг етишмаслиги кўкрак, ошқозон саратони хасталигига чалиниш хавфини кучайтиради. Бизнинг мамлакатимиз эса ер куррасидаги қуёш нури энг нормал тарқаладиган жойдир.

Олимларнинг фикрига кўра қуёш нури инсон ҳаётида жуда катта роль ўйнайди. Ультрабинафша нурлар иммунитетни фаоллаштиради, моддалар алмашинувини яхшилайди, ишчанлик қобилиятини мустаҳкамлайди. Қуёш нурлари гемоглобин ҳосил бўлиши ва кальцийнинг ўзлаштирилишида катта аҳамиятга эга. Агар D витамини шамоллашга қарши энг самарали витамин деб ҳисобланса, вирус ва бактерияларга қарши курашда S витамини ҳам ёрдам бериши аниқланди.

- Инсон саломатлигида бу витаминларнинг бўлиши жуда ҳам аҳамиятлидир, - дейди тиббиёт фанлари номзоди, доцент Рафиқжон Юлдашев. - Организмдаги бундай витаминнинг пайдо бўлишига асосий манбаа бу қуёш ванналаридир. Шунингдек, D витамини депрессияга қарши кураш, суяк ва мушак тўқималарини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради. Ультрабинафша нурлари терини тозалайди ва унда турли доғ, тошмаларнинг пайдо бўлишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, у даволаб бўлмайдиган тери хасталикларининг келиб чиқишига ҳам тўсқинлик қилади.

Қуёш нури кишиларнинг репродуктив саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади, аниқроғи, аёлларда эстроген гармони, эркакларларда эса тестостерон ишлаб чиқарилишини фаоллаштирар экан. Аммо ҳар бир ишнинг меъёри бўлганидек, қуёш нурида тобланишнинг ҳам ўз вақти ва муддати бўлади.

- Кўп йиллик тажрибалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қуёшда ҳаддан ташқари кўп тобланиш ҳам инсон саломатлигига путур етказади, - дейди тиббиёт фанлари доктори Дилоромхон Арслонқулова. - Бунинг оқибатида кишида лабларга учуқ ва тошмалар тошиш, овознинг бўғилиб қолиш ҳолатлари кузатилган. Қуёш ванналарини меъёридан кўп қабул қилиш иммунитетни пасайишидан далолат. Терининг тез кексайиши ҳам 70 фоиз ҳолатда қуёш нурлари остида кўп вақт ўтказиш билан боғлиқ. Шунингдек, энг хавфли саналган касаллик меланома, яъни тери саратони касаллигини ҳам келтириб чиқаради. Қуёш нурининг хавфсиз дозаси тери юзасининг озгина қизаришидан иборат.

Инсон ўз саломатлиги йўлида қилган ҳар бир ҳаракати, унинг соғлом келажаги учун пойдевордир. Касал бўлмай туриб, унинг олдини олиш эса энг оқилона йўл ҳисобланади. Шундай экан, атрофимизда бизга сиҳатлик улашаётган неъматлардан ўз ўрнида, унумли фойдаланишга одатланайлик.

Сожида САИДОВА.

БУГУННИНГ ГАПИ

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИНГ СОҒЛИГИГА

ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАЙЛИК

Вилоятимизда кейинги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, турли юқумли касалликларга қарши кураш, уларнинг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли ишлар олиб борилаётганлиги натижасида аҳоли ўртасида юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазият барқарорлиги таъминланмоқда.

Хусусан, юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, умуман, ана шундай хасталикларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, аҳолининг тиббий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар кўлами ҳамда самарадорлигини янада оширишга қаратилган зарур ишлар изчил олиб борилмоқда.

Айниқса, аҳоли ўртасида туберкулёз, вирусли гепатит ва бошқа юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишлари самарали натижалар бермоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар қандай юқумли касалликларнинг олдини олиш кўп жиҳатдан аҳолига, фуқароларнинг ўзига, яъни уларнинг тиббий саводхонлик даражасига боғлиқ. Маълумки, бозорлар, серқатнов кўчалар, транспорт бекатларида қурт, кунгабоқар пистаси ва бошқа озиқ-овқат, шунингдек, тамаки маҳсулотларининг аксарияти санитария-гигиена талабларига зид равишда сотилмоқда. Шундай бўлса-да, фуқароларимизнинг уларни сотиб олиб, истеъмол қилаётганликлари ташвишланарлидир. Чунки ана шундай маҳсулотлар турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

- Кўчаларда очиқ ҳолда сотилаётган қурт, писта ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда, шубҳасиз, турли юқумли касалликларнинг келиб чиқиш эҳтимоли юқори бўлади, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси Минурахон Бозорова. Шу боис, антисанитария ҳолатларида сотилаётган юқоридаги каби маҳсулотлар савдосига чек қўйиш, аҳолининг барча қатламлари ўртасида ана шундай маҳсулотларни сотиб олмаслик кўникмасини шакллантиришимиз, бу каби маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз эканлигини уларга тушунтиришимиз лозим.

Юқоридаги каби озиқ-овқат маҳсулотларининг сотилишида Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 30 августда қабул қилинган "Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуни талабларига қатъий амал қилиниши зарур. Қолаверса, "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида тамаки маҳсулотларини доналаб сотиш тақиқланган. Ана шулардан келиб чиқиб, аҳоли ўртасида амалдаги қонунлар мазмун-моҳиятини, мавжуд меъёрий ҳужжатлар талабларини тушунтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши муҳимдир.

- Айрим фуқаролар давлат рўйхатидан ўтмасдан кунгабоқар пистаси, қурт, сақич, турли хил қандлар, донали сигаретлар ва бошқа маҳсулотлар билан бозорларда, кўчаларда, транспорт бекатлари, хонадонлар олдида ноқонуний равишда савдо қилмоқда, - дейди Андижон вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири Шахноза Ҳакимова. - Ана шу маҳсулотларнинг қадоқланмаган, очиқ ҳолда сотилиши, қолаверса, улар аҳоли томонидан тўғридан-тўғри истеъмол қилиниши натижасида кўп ҳолларда касаллик микроб-лари шу маҳсулотлар орқали организмга ўтади ва турли юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Санитария-эпидемиология хизмати томонидан кўчаларда ноқонуний равишда сотилаётган кунгабоқар писталаридан лабораторияда текшириш учун олинган намуналарида афлотоксин, мис каби инсон организмига салбий таъсир этувчи кимёвий моддалар, касаллик чақирувчи микроблар мавжудлиги аниқланди. Бу ҳолат фуқароларимизнинг уларни харид қилишда сифатига, махсус санитария текширувидан ўтказилганлиги ҳақида тегишли ҳужжати бор-йўқлигига ҳам эътибор беришларини тақозо этади. Бу энг аввало, ўз соғликлари учун фойдалидир.

- Фарзандларимизга сифатсиз сақичлар, йўл бўйларида чанг-ғуборлардан ҳимояланмаган қурт ва писталарни олиб бериб, уларнинг турли хасталиклар билан оғришига ўзимиз сабабчи бўлиб қоляпмиз, - дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Замирахон Абдуллаева. - Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик аввало, ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, ўзимизнинг, фарзандларимизнинг соғлигини хавф-хатарга қўймайлик.

Шу ўринда вилоятимизда амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бера оладиган қовурилган кунгабоқар пистасини ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва турғун савдо шохобчаларига етказиб бериш билан шуғулланувчи кичик корхоналар ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратиш зарур. Шу билан бирга, қуртларни гигиеник текширувдан ўтказиб, салафанларга солинган, яъни қадоқланган ҳолда сотилишини йўлга қўйишга эришишимиз керак.

Бундан ташқари, барча шаҳар ва туманларда турғун савдо шохобчасига эга бўлмаган фуқароларга якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тўғрисидаги гувоҳномалар берилишида маълум тартиб жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, жойларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари, умумий овқатланиш савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган шахсларни ишга киришдан аввал ва даврий тиббий кўрикдан ўтишлари қатъий йўлга қўйилиши керак.

Бир сўз билан айтганда, ушбу масала анча долзарб. Шу нуқтаи назардан унга нафақат айрим соҳа вакиллари, балки ҳар бир юртдошимиз жиддий эътибор қаратиши, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Қачонки, масаланинг моҳиятига тушунган ҳолда ёндошиб, етарли билимларга эга бўлсаккина ўз мақсадларимизга эришамиз, турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олган бўламиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди