Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№15 дан: 10.04.2014

ДИЛ ТУҒЁНИ

БЕШИК БОЛАМ - БЕК БОЛАМ

Тушларимга полапон кирди. Яхши туш каби, маъсум қуш каби, кўнглим хуш каби гуллайди орзу. Танамда қондек, ихлос имондек, жону-жаҳондек имлайди шукр. Бағрим гул бўлиб, бошда нур бўлиб, қалбда қўр бўлиб бўйлайди меҳр. Меҳр булоғим, кўзим қароғим, ширин сўроғим излайди дийдор.

Тушда кўрдим рост бўлсин, қасд қилганлар паст бўлсин, яхшилик-чун осилсин ўчоқларда қозонлар. Юлдузлар имлаганда, сумалак димлаганда, тилагимни тиласам, бешик болам бек бўлсин, юраклари кенг бўлсин, тамшаганда лаблари, ариб кетсин дардлари, ювилсин-ей гардлари. Армонлари йўқ бўлсин, ундан кўнглим тўқ бўлсин. Уйи ўхшаб бозорга, алам қилсин озорга. Қошу-кўзин қаранг деб, қаранг, ҳудди ўзим деб, суюнгани рост бўлсин, гўдак бешикда кулсин.

Бешик болам - бек болам, тахтинг устун бўлгайдир. Кулча нонлар бошингда, кўзмунчоқлар қошингда, оятлардан туморинг, юрсанг чиқар хуморим. Сочқилар сочса моманг, аллалар айтса моманг, армонлари ювилар, ҳасад-фитна қувилар. Фалак узра ой чиқса, қирғоқ бўйлаб той чопса, бешик болам, бек болам чопиб-чопиб югурса. Гуруч тишин кўрсатиб қиқир-қиқир кулади, тетапоя қадамдан она кўнгли тўлади.

Соғлом бола шаҳдида марду - мардоналик бор, кўзларида ўт чақнар, кафтида тилак яшар, орзулари бир олам ширинтой йигит бўлар. Чавандоз йигит бўлса, катта улоқ чопади, ориятли, имонли дўст кўнглини топади. Ҳар иш қилса, Аллоҳнинг ризолиги дастурдир. Ота-она розидир, демак, эли розидир. Дуо олар, зар олар, дастурхонлар тузатар, меҳмон кутиб кузатар. Қоши пайваста бўлиб, билаги кучга тўлиб йигит бўлса Фарҳоддай Ширинга гуллар тутар. Кўз очиб кўрган билан Равшан-Зулҳумор бўлар. Чимилдиқда ой кўрса, эгилиб салом берса, армонлари сим бўлар, тутгани тилсим бўлар. Поёндозлар йўлида, жаннат қуши қўлида, шукр дейди, жон дейди, менга имон бер дейди.

Бошда дўппи чўғдайин, қарашлари ўтдайин, куёв бола, зўр бола, омадлари мўл бола. Бахмал кўрпачаларда ёнбошлаб ўйга толар. Дутор-танбур чертгани, қийғир варрак учириб, пахса девор кўчириб, мўралаб қарагани, қуш бўлиб сайрагани. Бугун ёнида ёри, бир дунёки чиройи, тилида асал боли, юзида Кумуш ҳоли. Бешик бола бек бўлди, бир сулув йигит бўлди. Кўнгли қувончга тўлди.

Бу тонг яхши туш кўрдим, яхшиликларга йўйдим. Юрагимда бир туйғу, кўзларимда йўқ уйқу, бешик болам ёнимда, алла жисму-жонимда.

* * *

Қалбим чироғи ўзинг,

Меҳр булоғим ўзинг,

Ўчмас чироғим ўзинг,

Алла болам, алла-ё.

Алпомишдай полвоним,

Ўзинг жонга дармоним,

Келажагим давроним,

Алла болам, алла-ё.

Бешик болам, бек болам,

Номардларни эг болам,

Ухлаб қолгин тек болам,

Алла болам, алла-ё.

Тилакларим нақд бўлсин,

Юрган йўлинг ҳақ бўлсин,

Топганларинг бахт бўлсин,

Алла болам, алла-ё.

Мукаррама

ҒАНИЖОН ҚИЗИ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди