Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№19 дан: 08.05.2014

"СОҒЛОМ ІАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

МУНОСАБАТ

ТОЗАЛИККА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАЙЛИК

Қишлоғу шаҳарларимиз кўчалари кундан-кунга чирой очиб, кўркамлашиб бормоқда. Мана шу кўчаларимиздан юриб борар эканмиз, бир-биридан анвойи гулларни, манзарали дарахтларни, кўркам биноларни кўриб, баҳри дилимиз очилади.

Минг афсуски, бугун кўчаларимиз ҳуснига соя солиб турган кўнгилсиз ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Айрим кишиларнинг сақич, конфет қоғозларини, писта пўчоқларини, сигарет қолдиқларини тўғри келган жойга ташлаб кетишаётгани, бундай ҳолатга нисбатан атрофдагиларнинг бепарво ва эътиборсизлиги сабабли ана шундай кўринишларга барҳам берилмаяпти. Натижада атрофимиз ифлосланмоқда, айрим жойларда эса чиқиндилар уюми тўпланиб, кўнглимизни бехузур қилмоқда, турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ҳар бир маҳалла ва кўчаларда тозаликка масъул кишилар тайинланган. Эрта тонгда улар кўчаларни супуриб-сидиришади, тозалашади. Уларнинг меҳнати эвазига бизлар тоза ва озода йўллардан юриб борамиз, бу кайфиятимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ахир ким озодаликни ёқтирмайди дейсиз?!

Юқоридаги кўнгилсиз ҳолатларни келиб чиқишига йўл қўймаслигимиз, бу борада ҳар биримиз масъулиятни ҳис қилиб, бунга қарши курашмоғимиз керак. Беписандлик оқибатида атроф-муҳит мусаффолигига, балки ўз соғлигимизга путур етказамиз. Шунинг учун ҳам атроф-муҳитни озода ва покиза сақлайлик. Бу ишга ҳеч қачон лоқайд ва эътиборсиз бўлмайлик.

Зоҳидахон АҲМЕДОВА,

Андижон шаҳридаги

6-сон МФЙ маслаҳатчиси.

2014 ЙИЛ - СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ

СОҒЛОМ БОЛА - ЮРТ БОЙЛИГИ

Маълумки, соғлом авлод соғлом келажакни яратади. Инсон саломатлиги жамият баркамоллигининг асосидир. Шу боис ҳам республикамизда аҳоли саломатлигини асраш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йил "Соғлом бола йили"деб аталишининг ўзи ҳам мамлакатимизда ёш авлод саломатлигига бўлган эътиборнинг бир намунасидир. Ана шундан келиб чиқиб, саломатлигимиз посбонлари томонидан мазкур йўналишда, хусусан, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Қуйида Олтинкўл тумани Оразий қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Қипчоқ ҚВП мудираси Зулхумор Ҳайдарова билан болалар саломатлигига кўрсатилаётган тиббий хизмат хусусида суҳбатлашдик.

- Бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктида яратилган шароит, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?

- Пунктимиз қишлоқда истиқомат қилаётган аҳолига хизмат кўрсатади. 571 нафар туғруқ ёшидаги аёллар, 436 нафар болалар доимий назоратимизда. Қишлоқ врачлик пункти "Саломатлик-2" лойиҳаси бўйича тиббий жиҳозлар билан, яъни 6 хил таҳлилни ўтказиб берадиган фотоэлекторо калориметр, ЭКГ аппарати, она қорнидаги ҳомиланинг ҳолати, юрак уришини аниқлайдиган "Доплеранти" аппарати, томоқ, бурун, қулоқ касалликлари бўйича эса отоскоп,офтальмоскоп аппаратлари билан жиҳозланган. Бу эса аҳоли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, аниқ ташҳис қўйиш имконини беради. Энг муҳими, соғлом бола туғилиши учун зарур тадбирларни онанинг ҳомиладорлик пайтиданоқ бошлаймиз.

- Ҳозирги кунда камқонлик хасталиги фарзандларимизда ҳам кузатилаётгани кишини ташвишга солади. Уларни соғломлаштириш қандай кечяпти?

- Яқинда ҚВП да "Саломатлик ҳафталиги" доирасида тажрибали шифокорлар иштирокида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Унда ҳақиқатдан ҳам кўпчилик аёлларда камқонлик борлиги аниқланди. Уларнинг овқатланиш рационига риоя қилиши, табиий маҳсулотлар истеъмол қилишларига эътиборни кучайтиришлари лозимлиги уқтирилди. Айниқса, туғруқ ёшидаги аёллар доимий шифокор назорати остида даволаниб бормаса, туғилажак фарзанди ҳам шу камқонлик хасталиги билан туғилиши мумкин. Шунинг учун туғиш ёшидаги аёлларга касалликни даволаш, унинг олдини олиш, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасида кенг тушунчалар берилмоқда. Ушбу касаллик билан хасталанган аёллар даволанишга жалб этилди.

- Баъзан қайноналар келинини вақтида шифокор назоратидан ўтишига ёки набирасини касалхонада даволанишига унчалик рўйхушлик беришмайди. Шундай ҳолатлар ҳали ҳам бўлиб турадими?

- Илгари бундай ҳолатларга кўп дуч келардик. Тарғибот, ташвиқот ишлари олиб боришимиз натижасида оилаларда тиббий саводхонликни оширишга эришдик. Шундай бўлса-да, баъзан қайнона-келин муносабатларидаги тушунмовчиликлар қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Яқинда бир қайнона билан суҳбатлашиб қолдим. Келинини кўп ухлайди, уйидан чиқмайди, ҳатто овқатини ҳам уйга олиб кириб берамиз, бундай касал келиннинг боридан йўғи, шу умидда келин қилиб олганмидим, - дея алам билан гап бошлади. Қайнона бўлмишни аранг йўлга солдим. Келинингиз ҳозир бошқоронғу, бу бир-икки ойда ўтиб кетади. Кейин яна аввалгидай хизматингизни қилиб чарчамайди, дедим. Қарасам, келинни ёмонга чиқариб, ҳайдашга тушмоқчи. Ёки кўп ҳолларда келин болалик бўлганда уйдан жанжал чиқади. Шу гўдак йўлга юргунча ҳам қайнона - келин бир-бирларини тушунишлари керак. Бу борада катталар кўпроқ оғирлик қилишлари лозим.

- Соғлом турмуш тарзини шакллантириш аввало, оиладан бошланмоғи керак. Шундай эмасми?

- Албатта. Бунинг учун шифокорларимиз ва патронаж ҳамшираларимиз ҳар бир хонадонга кириб, аҳолининг турмуш тарзи билан танишиб, улар билан суҳбатлар олиб бормоқда. Оилалардаги саришталикни таъминлаш, чиқиндилар, мағзава ва ювиндилар учун алоҳида хандақлар қазилишига эътиборни кучайтириш лозимлигини уқтирмоқдалар. Айниқса, кўпчилик хонадонларда мол, қўй борлиги, уларнинг чиқиндилари учун махсус жой бўлиши лозимлиги аҳолига тушунтирилмоқда. Чунки бизга арзимас туйилган ёки эътиборсиз қараётган ана шу жиҳатлар оиламизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оиламиздаги ҳар бир киши саломатлигининг негизи эканлигини англаб етиши лозим.

- Суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

ТАВСИЯ

БОЛАНГИЗ КАСАЛ БЎЛМАСИН, ДЕСАНГИЗ...

Фарзанд бамисоли ниҳолдир. Шунинг учун уларни турли нохушликлардан асраш бурчимиз. Чунки боланинг гўдакликда кўп касалликка чалиниши улғайганда ўз асоратларини кўрсатиши мумкин.

* Боланинг қўлларини тез-тез ювиб туринг. Буни сайрдан келгач, овқатдан олдин, тувакда ўтиргандан сўнг, мушук ёки кучукни силаб ўйнагандан сўнг, албатта, бажаринг. Оналарга эса кўпинча бу шарт эмасдек туюлади: боланинг қўлини ювган билан у шу заҳоти полдаги ўйинчоқни олиб ўйнайди. Гилам бўйлаб эмаклаб кетади, сўнг яна қўлини оғзига олиб боради. Шунинг учун оналардан қатъий талабимиз, гигиена қоидаларига қатъий риоя этинг. Бу билан сиз болани ичак шамоллаши инфекциясидан ҳам сақлаган бўласиз. Уйни доимо тоза тутишга ҳаракат қилинг.

* Хушбўй даво. Грипп профилактикаси учун бола лимон, қарағай, тоғрайхон ва лаванда эфир мойлари ҳидидан нафас олиши фойдали. Арча, занжабил, кедр эфир мойлари турли хасталикларга қарши иммунитет ҳосил қилади. Хонада лимон, қалампирмунчоқ, қора арча ва кедр ҳидлари ҳам юқумли хасталикларни қочиради. Бироқ аввал болада шу эфир мойларидан бирига аллергия бор-йўқлигини аниқлаб олишингиз керак.

* Чиниқтириш. Кўпинча, оналар болани чақалоқлигидан иссиқ ўраб юришга ҳаракат қилишади. Енгил кийинтирса, шамоллаб оғриб қолади, деб ўйлашади. Томоғи оғрий бошласа, дархол қайноқ сут ичиришади. Ўта қайноқ сут бериш ҳам мумкин эмас.

* Болангиз соғлом, дуркун вояга етсин десангиз, болани керагидан ортиқ ўраб-чирмаманг. Унинг организми совуққа қаршилик қилишни ҳам ўргансин.

Кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилдиринг. Бу организм учун жуда фойдали.

Гулнаҳор АБДУЛЛАЕВА, болалар шифокори.

МУТАХАССИС МИНБАРИ

СУҒОРИШДА СУВНИ ҚАНДАЙ

ТЕЖАШ МУМКИН?

Мамлакатимизда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш бевосита сув билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, вилоятимиз қишлоқ хўжалигида ҳам сувнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Шу боис, сувдан оқилона фойдаланиш, уни тежаб-тергаб ишлатиш зарур. Бу эса ўз навбатида боғлар, далалардан олинаётган маҳсулотлар маҳсулдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир фермер ёки деҳқон хўжалиги раҳбари ўз тасарруфидаги суғориш тармоқлари ва улардаги сув иншоотларини сифатли ишлашини таъминлаши, ариқларни лойқалардан тозалаш ишларини амалга оширишлари лозим. Бунинг натижасида хўжалик ички суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффиценти ортади, тармоқда сувнинг беҳуда йўқолиши камаяди.

Бундан ташқари, ҳар бир фермер ўз ҳудудидаги экинни суғориш учун далага қанча сув керак ва қанча миқдорда сув кираётганини билиши жуда муҳимдир. Буни аниқлаш учун, албатта, сув сарфини ўлчовчи махсус жиҳозлар, иншоотлар бўлишига алоҳида эътибор қаратиш керак. Суғориш тармоқларидаги сув олиш нуқталарида сувни бошқарувчи дарвозаларнинг носозлиги ёки ишламаслиги сувни бошқаришни қийинлаштиради, қолаверса, бундай ҳолат сувни ортиқча сарф бўлишига ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини пасайишига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, суғориш даврида меъёрдан ортиқ сарфланаётган сув экинга ва тупроқ унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Маълумки, ўсимликнинг нормал ривожланиши учун 5 та фактор асосий омил ҳисобланади, булар: ёруғлик, иссиқлик, ҳаво, озуқа ва сув. Бу омилларнинг учтаси табиатга боғлиқ бўлса, сувдан фойдаланиш ва экинларга озуқа бериш ишларини эса бошқариш мумкин.

Суғориш даврида кўпинча, даланинг этак қисми яхши намланиши учун сув пайновга оқизиб қўйилади. Пайновга чиқаётган сув эса ернинг унумдор қатламини ҳамда солинаётган минерал ўғитларни ювиб чиқиб кетади. Шунинг учун ҳам суғориш жараёнида бундай амалиётдан воз кечиш керак.

Умуман олганда, бугунги кунда далада сувни тежаш билан бир қаторда, тупроқдаги мавжуд намликни узоқроқ муддат сақлаб туриш чора-тадбирларини кўриш ва бундай тадбирлардан самарали фойдаланиш муҳимдир. Ана шу тадбирларга қатъий амал қилсак, нафақат, суғоришда сувни тежашимиз, балки экинимиздан юқори ҳосил олишимиз мумкин бўлади.

Шуҳратжон ЭРГАШЕВ,

Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди