Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№29 дан: 17.07.2014

МУЛОҲАЗА

ДУНЁНИНГ БИР ҚАВАТИ

(ЁХУД ИККИНЧИ ТУРМУШНИНГ МУШТЛАРИ)

Муҳаббатдан пойдевор қурилди. Умиддан девор урилдию, муқаддас оила қўрғони барпо этилди. Икки ёш бахтиёр. Бу бахтиёрлик никоҳ ила мустаҳкамланди. Аммо... улар ёш эдилар, ҳали болаликдан олислаб улгурмаган ғунча эдилар гўё. Шу сабабми, оила қўрғони нураб борди. Сўнг... арзимас сабаб билан гулдай оила бузилди. Қайта тикланмади.

Куёв бола ой ҳам ўтмай онаси ўпмаган дилдорга ёр бўлди. Бахти келишмаган келинчак эса ота уйида анча вақтгача тақдиридан нолиб яшади. Тенги чиқдию, иккинчи бор турмуш қурди. Ҳаёт энди унга бор гўзаллигини инъом этди гўё. Аммо фарзандли бўлдию, туғруқхонанинг ҳужжат ишлари кўнгил хираликларига сабаб бўлди...

Оила - муқаддас даргоҳ. Минг орзу ила қурилган оилани ўйинчоқ қилиб, барбод этаётганлар худдики ҳаётни ҳам ўйинга айлантираётгандай. Арзимас сабаб билан бузилган оила эгалари бошқа турмуш қурар, бироқ кейинги турмушдан туғилган болани туғруқхонадан олиб чиқиш борасидаги югур-югурлар асабларнинг емирилишига баҳона бўлаётгани сир эмас.

Мадина Собирова,

Жалақудуқ тумани:

- Биринчи турмушим фарзандсизлик туфайли келишмади. Тақдир яна бир имконият бериб, иккинчи бор оила қурдим. Уч йил деганда фарзандли бўлдим. Аммо қонуний никоҳимиз бекор қилинмаганлиги туфайли туғилганлик гувоҳномасини олишдаги ғалвалар... эҳ... иккинчи рўзғорни ҳеч кимга раво кўрмайман. Туғруқхонадан чиқишда, боламизга гувоҳнома олишда турмуш ўртоғим кўп сарсон бўлди. Негаки, биринчи турмуш ўртоғим - тирик бўлса, туғилган бола ундан эмаслигини исботловчи ҳужжат, ўлган бўлса, ўлганлиги тўғрисидаги ўлим гувоҳномаси бўлиши керак экан. Шу ҳужжатлар тайёр бўлгунча қанча асаб бузилишлар бўлди - ўзимиз билдик. Туғруқхонада ҳам роса ўн беш кун ётдик чоғи. Шифокорларга раҳмат, яхши қарашди...

Сабоҳат Дармонова,

Андижон шаҳри:

- Ота-онамнинг қаршилигига қарамай, ўзим ёқтирган йигитга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим жуда яхши йигит эди, бироқ қайнонам бошиданоқ мени хушламади. Боиси, ўғли онаси истаган қизга эмас, ўз севганига уйлангани эди. Ҳам шаърий, ҳам қонуний никоҳимиз узоқ давом этмади. Қайнонам турмушимизнинг бошиданоқ "барибир сизларни бирга яшатмайман", дедию, сўзининг уддасидан чиқди. "Ё мени дейсан, ё хотинингни " деган шартидан сўнг, турмуш ўртоғим онасини танлади. Кўп ўтмай қайнонам ўғлини ўзи орзулаган қизга уйлантирди. Мен эса... ҳаётдан буткул совидим. Бор ихтиёримни ота-онам қўлига топширдим. Аввалроқ шундай қилмаганимга афсусландим. Лекин жуда кеч... уларнинг кўнгли ва розилигига қараб, иккинчи марта турмуш қурдиму, аммо биринчи қонуний никоҳни бекор қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмабди ўша вақтда. Фарзандли бўлишимдан олдинроқ ҳам " Загс "ни "кесдириш" ҳақида ўйламабман. "Хом" ишнинг натижаси эса фарзандимга гувоҳномани "ёлғиз она" номига олишим бўлди...

Одамзод тақдирида нелар ёзилганини аввалдан билмайди. Юксак орзу ва ҳавас билан қурилган оила арзимас жанжал туфайли бузиладию, бироқ бир маромда давом этаётган ҳаёт оқими ўзгармайди. Ўртада норасидаларга қийин. Оиланинг муқаддаслиги орамиздаги айрим кимсаларнинг хотираларидан кўтарилаётгандай назаримда. Аслида сабаб қаерда? Қани қуда-анданинг бир-бири олдидаги лафзи? Қаерда ёшларнинг бир-бирига бўлган олов муҳаббати? Келишмовчиликлар, муаммолар шу ажралиш билангина бартараф этилса-ку, бир нави, лекин кейинги турмушда ҳам баъзи ҳолларда юқоридаги каби муаммолар юзага келса, бунинг учун ким айбдор? Келинг, саволларимизга мутахассис фикрлари билан жавоб олайлик.

Барнохон Расулова,

Пахтаобод тумани ФҲДЁ бўлими мудираси:

- Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига биноан "Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас". Шу сабабли фақат ФҲДЁ органларида тузилган никоҳгина қонуний ҳисобланади ва у эр-хотин, болалар учун ҳуқуқ ва бурчларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 4-моддасида "Оиланинг, оналик, оталик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши" белгиланган бўлиб, бу норма бевосита болалик давлат томонидан муҳофаза қилинишига имконият яратади.

Боланинг туғилишини қайд этиш учун агар боланинг онаси бошқа шахс билан қонуний никоҳда турган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризага никоҳда турган эрнинг у билан қонуний никоҳда бўлган онадан туғилган болага нисбатан оталикни белгилашга ёки боланинг туғилишини ёлғиз она аризаси асосида қайд этилишига нотариал тасдиқлаган розилиги илова қилинади ёки у ФҲДЁ органига келиб, бунга ёзма равишда ўз розилигини билдиргандан сўнг боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома, ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт)лар тақдим этилади.

Оталикни ишончнома орқали белгиланишига йўл қўйилмайди.

Халқимизда ибратли гап бор: "Биринчи турмуш ой турмуш... " Бироқ бу ойга арзимас сабаб билан тушган доғ оила бузилишларига олиб келади. Тўғри, чинакам бахтни кейинги рўзғорда топганлар ҳам йўқ эмас. Ҳаёт кимгадир эрта, кимгадир кеч бахт беради. Бунда фақат сабр синалади. Синовни енголмаганлар осон таслим бўладилару, тақдирни айблайдилар. Аслида эса қандай ҳаётни танлаш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Фақатгина баъзи бир иккинчи турмушдаги туғилажак ва туғилган гўдаклар ортидаги муаммолар муносабатларнинг дарз кетишига сабаб бўлаётгани дилни оғритади. Қонуний никоҳини бекор қилдирмай, шаърий никоҳ билангина турмуш қураётганлар кейин дуч келадиган тўсиқлари ҳақида ўйламаётганликлари ўз ширин ҳаёти тинчини бузишини хаёлга келтирмаяптилар. Инсон ўз ҳаётини ўзи қурар экан, унинг гўзаллигига ҳам ўзи сайқал беради. Кимнингдир бахти биринчи турмушда, яна бировники кейингисида юз очиши мумкин. Фақатгина оила қуриш борасида ҳам қонун билан ҳисоблашган одам сира ютқазмайди. Ўртада бегуноҳ фарзандлар ҳам азият чекмайди. Отаси бўла туриб, фақат онаси номига расмийлаштирилган бола эртага дадасидан бунинг сабабини сўраганида, ота бўлмиш нигоҳларини қай бурчакка қадаркин? Ёки онасига вақти келиб, ақли етиб, "нега дадам мени ўз номига расмийлаштирмаган?" деган ҳақли сўроқни берганида, она бу мулзамликни қандай енгаркин?

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биринчи рўзғордан қонуний ажрашмай туриб, иккинчи бор турмуш қуриш мана шундай муаммоларни келтириб чиқаришини унутмаслигимиз лозим. Токи, юқоридаги ҳолатлар такрорланмасин.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди