Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№31 дан: 31.07.2014

МУЛОҲАЗА

КЕЛИНЛАР ҚАЙНОНАЛАР ҲАҚИДА...

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад "Қайнона - келин можароси - тугамайдиган мавзу" деб айтганди. Албатта, қайнона-келин муносабати жуда нозик масала. Баъзида икки томоннинг келиша олмаслигидан оилалар бузилиб ҳам кетади. Яхши келин бўлиш, рўзғорни моҳирона бошқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Ушбу саҳифамизда келинларнинг қайноналари ҳақидаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

ҚАЙНОНАМДАН КЎП

НАРСАНИ ЎРГАНДИМ

Ўз уйимда эркаланиб юраверган эканман. Келин бўлиб билдим рўзғорнинг қанақа эканлигини. Ош қилсам, шавла бўлиб қолади. Нон ёпсам, тандирдан тушиб кетади. Сомса қилсам, ҳеч қати очилмайди. Бир ишни қойилмақом қилиб пишириб, куйдириб, уларнинг олдига қўёлмай диққатим ошарди. Айниқса, қайинсингилларимга бу ношудлигим ёқмасди. "Ая, ўзингиз қилинг, сизники бошқача бўлади", деб туришарди. Яхшиям, бахтимга қайнонам тушунган аёл эди. Қизларини ўдағайлаб, "ҳозир ёш, ҳали ҳаммасини билиб олади, мендан ҳам ўтиб кетади", деб менинг кўнглимни кўтарарди. Шунда қайнонамни янаям яхши кўриб кетганман. Улардан кўп нарса ўрганиб, анчагина рўзғорбоп келин бўлдим. Бугун ўзим қайнонаман. Аяжонимдан ўрганганларимни энди мен ҳам келинимга ўргатяпман.

БАРЧИНОЙ, уй бекаси,

Андижон шаҳри.

ЎЗЛАРИ НАМОЗ

ЎҚИЙДИЛАР -У ...

Қайнонамни яхши кўрар эдим. Бир гап баҳона ёмон кўриб қолдим. Бир куни уйимизга холам келди. Дастурхон тузаб, овқат қилдим. Овқатим пишиб улгурмай ўғлим инжиқлик қилиб, йиғлаб қолди. Уни ухлатиш учун уйга кириб кетдим. Улар намоз ўқиётувди, менинг уйга кириб кетганимни сезмай қолишди. Опа-сингиллар у ёқ - бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Кейин қайнонам мени ёмонлашга тушиб кетди. Бунчалар кўп айбим борлигини билмаган эканман. Тўғри, олдин югуриб, елиб ишларини қилардим. Ҳозир кўп вақтимни боламга ажратишга тўғри келяпти. Ўшандан бери қайнонамни ёмон кўриб қолдим. Намоз ўқисалар ҳам мендан айб қидиради, болали бўлганингдан кейин ишинг ярим бўлар экан-да. Буни қайнонам билишни истамайди. Унинг талаби ҳаммасига улгуришим керак.

МАФТУНА,

Шаҳрихон тумани.

"БОР-Э" ДЕБ КЕТВОРАМАН

Умримда рўмол ўрамагандим. Келин бўлиб бир оз вақт рўмол ўрашга мажбур бўлдим. Кейин ўқишим бошлангани баҳона бўлиб (чунки талабаман) сочимни олдингидек кестириб, рўмол ўрамай ўқишга бориб юрдим. Ўшандан бери уйда жанжал. Қайнонам, қайнотам "рўмол ўрасин, ҳадеб пардоз қилавермасин", дейди. Мен эса ҳали ёш эканлигимни, ўртоқларимдай кийиниб юришни истайман. Шунинг учун уларнинг ҳозирданоқ мени ўз йўриғига солишларини хоҳламайман. Агар шунақа келишмовчиликлар чиқаверса, "бор-э" деб кетвораман.

НАСИБА, талаба,

Улуғнор тумани.

МЕН ҲАМ ОДАММАН...

Бирон ёққа меҳмонга ёки уйимизга бормоқчи бўлсам, қайнонам қовоқларини уйиб олади. Бўлмаса, жавоб сўрашим учун ҳамма ишни қилишга улгураман. Ҳатто, кечки овқатни ҳам тайёрлаб кетаман. Шунда ҳам очиқ-чирой рози бўлмайдилар. Ахир мен ҳам одамман. Уйимга боргим, синфдош қизлар йиғиладиган куни улар билан ўтиргим келади. Хизматларини қилсам, яхшиман, бирон ёққа борадиган бўлсам ёмонга чиқаман. Агар мен бир кун уйда бўлмасам, уй ишларига ўзлари ҳам улгуролмайди. Шундай бўлгач, менинг кўнглимга ҳам қараса, ёмон бўлмасди.

ГУЛХУМОР,

Асака тумани.

ҚОШ ЧИМИРИШИДАН МАЪЛУМ

Қайнонамнинг феълини жуда яхши биламан. Қошларини чимирса, демак, нимадандир норози. Қош чимириш узоқ давом этса, биламанки, ниманидир баҳона қилиб жанжал чиқаради. Шунинг учун яхши гапириб, атрофида айланиб, ўргилавераман. "Биронта қариндошимизникига меҳмонга боринг ёки ўғлингиз билан бозор айланиб келинг ", дейман. Ўғилларига "кўчага чиққанда, аяжонимга бирон нарса олиб беринг", деб шипшитиб қўяман. Қарабсизки, совға-салом билан қайтган аяжонимнинг қош чимиришидан асар ҳам қолмайди. Ахир бежизга айтишмаган "қаловини топсанг қор ҳам ёнади " деб...

МУҲАББАТ,

Олтинкўл тумани.

КАСАЛ БЎЛСАМ...

Қайнонам жуда пишиқ. Бирон нарса керак бўлса, "пул йўқ" деб туради. Сал мазам қочса, "уйингизга бориб дам олиб келинг", дейди. Чунки менга дори ҳам олгиси келмайди. Уларга соғ бўлсам керакман. Маошимни олганда ҳам нима камингиз бор, демайди. Уйдагиларга айтиб бирор кам-кўстимни олдирсам, ўғлининг пулини суриштиришга тушади. Ўғлим олиб беряпти, деб гумон қилиб, бизга терс бўлиб олади. Нима қилишга ҳайронман.

САБОҲАТ,

Қўрғонтепа тумани.

КЕЛИН ҚИЗ БЎЛОЛМАС ЭКАН-ДА...

Учта қайинсинглим бор. Қачон келишса, қайнонам "Яхши меҳмон қилиб кузатинг", деб тайинлайдилар. Иложи борича, уларни хурсанд қилиб жўнатаман. Қайнонам бирон нарса олсалар, уччала қизларига оладилар. Мени ҳеч қачон қўшмайдилар. Бўлмаса, куну тун олдиларидаги, хизматидаги келинман. Қизлари қаторида бўлолмаётганимдан баъзан хафа бўлиб кетаман. Қайноналарнинг "келин-келин, қиз - қиз-да", дейишларини сингдиролмайман. Меҳр кўрсатса, кейин ўзлари ҳам меҳр кўришади-ку...

САРВИНОЗ,

Пахтаобод тумани.

Келинларнинг дилидагиларни оққа кўчирувчи

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

Мана, юқорида айрим келинларнинг ҳаёт тарзи, қайноналари ҳақидаги фикрлари билан танишдик. Фикрлар хилма-хил, кимдир ҳақ, яна кимдир ноҳақ. Лекин нима бўлганда ҳам келинлар ҳамиша қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиши керак. Шундагина ҳаётини чиройли тарзда йўлга қўя олади. Ширин сўз, самимийлик билан қилган муомаласи келиннинг ҳурматини оширади. Тўғри, қанча меҳнат, хизмат қилса, ширин муомалада бўлса ҳам келинини яхши демайдиган қайноналар ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолларда оғир-вазмин бўлиш, мулоҳаза билан иш юритиш, қайнонанинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қилиш лозим бўлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди