Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№34 дан: 21.08.2014

ЭЛ МАНФААТИНИ КЎЗЛАБ

"МАШҲУРА"ДА ЎҚИМОҚЧИМАН

Ишдан қайтаётсам бир аёл мени тўхтатиб, қизимни "Машҳура" ўқув марказида ўқитмоқчи эдим, манзилини билмайсизми?" -деб қолди. Пойтахтдами? - дедим аёлга юзланиб.

- Йўқ, ўзимизда. Андижонда ҳам филиали очилибди-ку, - деди.

Шу суҳбатдан сўнг менда ушбу ўқув маркази билан танишиш истаги пайдо бўлди ва марказга бордим.

Ўқув маркази жойлашган бино олдида суҳбатлашиб турган ёш қизлар ва келинчакларни саволга тутдим.

- Мастурахон Юсупова бўламан. Асака туманидан келдим. Оилалиман, уч нафар фарзандим бор. Қайнонам, турмуш ўртоғимнинг рухсати билан шу ўқув марказига ўқишга келдим.

- Нима учун айнан шу ўқув марказини танладингиз?

- Бу ерга келгунимча бир нечта ўқув марказлари билан танишиб, ўрганиб чиқдим. Менга шу ўқув маркази ёқди. Сабаби, мени жуда илиқ, самимий кутиб олишди. Ўқув марказидаги барча йўналишлар билан таништиришди. Қулайлик томонларини айтиб ўтишди. Пазандалик курсида ўргатиладиган таом ва пишириқларга кетадиган маҳсулотлар марказ ҳисобидан экан. Узоқдан қатнаганим учун бу менга маъқул бўлди. Айни пайтда ҳамширалик ва пазандалик курси машғулотларида қатнашяпман.

"Машҳура" ўқув марказининг Андижон филиали раҳбари Замирахон опа Тиллаева билан учрашиб, ўқув марказининг фаолияти хусусида суҳбатлашдик.

- Ўқув марказимиз иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Эндигина икки йил бўлди. Дастлаб ишни Болалар шаҳарчасидаги қизларни ўқитишдан, уларга меҳр кўрсатишдан бошладик. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда 17 нафар кўнгли ўксик қизларни тикувчилик ва пазандалик йўналишларида бепул ўқитдик. "Она уйғоқ, ҳамма уйғоқ" шиори остида фаолиятимиз бошланди. Аввалида икки йўналиш, яъни тикувчилик ва пазандалик курсини очган бўлсак, бугунга келиб етти йўналишда ёшларга касб-ҳунар ўргатиб келиняпти.

- Замирахон опа, бу ўқув даргоҳига қизлар нечоғли қизиқиш билан келишади?

- Ўқув марказимизга келган қизларни фақат ҳунарга ўқитиб қолмасдан, балки оила маданияти, сўзлашиш одоби, қайнона ва қайнота, турмуш ўртоғи билан қандай муомалада бўлиш кераклигини биринчи кунлардан бошлаб ўргатамиз. Машғулотларда ўргатиладиган ҳунардан ташқари тарбиявий ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Марказимизга ташриф буюрган қизлар қайси йўналишда ўқимасин, уларга қандолатчиликни ҳам ўрганишларини маслаҳат бераман. Ойижонингизнинг борди-келдисига чиройли пишириқлар пишириб берасизлар, дейман. Пазандалик бўйича Раънохон Тиллабоева турли хил ширинликлар ва таомлар тайёрлашни ўргатиб боради. Маҳсулотлар марказ ҳисобидан бўлади. Тўқувчиликдан Зулфизархон Алимова, тикувчиликдан Барчиной Ибрагимова, компьютер саводхонлиги бўйича Акмалжон Юсупов, соғлом турмуш тарзи бўйича Мунаввархон Маткаримовалар ҳунар ўрганувчиларга ҳам назарий, ҳам амалий билим ва тажрибаларни ўргатиб борадилар. Курсларни тамомлаганларга диплом берилади.

- Юқорида дарс ораларида тарбиявий ишларга ҳам вақт ажратилади дедингиз? Айтинг-чи, ўзингиз китоб, газета ва ўқиб турасизми?

- Албатта, матбуот нашрлари билан мунтазам танишаман, китоблар ўқийман. Газета, журналсиз ўтган кунимнинг ўзи йўқ. Темур Маликнинг "Одамийлик" китобини қўлдан қўймайман. Бошқаларга ҳам ўқишни тавсия қиламан. Ўзим узоқ йиллар педагог бўлиб ишлаганлигим учун қайси соҳада ишламай, педагоглигимни унутмайман.

- Замира опа, вилоятимизнинг фаол аёлларидан бирисиз. Нафақага чиққач, бир кун келиб хотин-қизлар учун мана шундай ўқув маркази очаман, деб ҳеч ўйлаганмисиз?

- Мен табиатан шижоатли аёлман. Бир ерда муқим туриб қолмайман. Нафақага чиққач эса уйда ўтириб қолишни ҳаёлимга келтиролмадим. Ўқув маркази очиш ҳақида уйдагиларга маслаҳат солдим. Улар маъқуллагач, ижарага жой олиб, иш бошладик. Айни пайтда ўқув марказимиз учун вилоят ва шаҳар ҳокимликлари томонидан алохида жой ажратилиб, уч қаватли бино қурилиши бошланган. Мақсадимиз, ишсиз юрган хотин-қизларга ҳунар ўргатиб, уларнинг қўшимча даромад топишларига кўмаклашиш. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, кам таъминланган оила фарзандларини бепул ҳунар ўрганишлари учун кўмак беришни ҳам олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Биз қайси ишга қўл урмайлик, унинг кетидан манфаатдор бўлиш ёки бўлмасликни эмас, балки атрофдагиларга наф келтиришни ўйлаб, ишласак, ана шундагина тўғри йўл тутган бўламиз.

- Суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди