Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№34 дан: 21.08.2014

ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ

ЎТ ПУФАГИНГИЗНИ АВАЙЛАНГ!

ЧУНКИ САЛОМАТЛИКДА УНИНГ АҲАМИЯТИ МУҲИМДИР

Халқ орасида менинг холециститим бор, ҳамма овқат тўғри келавермайди, дегувчилар бор. Ушбу касаллик билан оғриганлар ёғли таомлардан ўзларини тийишга мажбур бўлади. Хўш, бу касалликнинг келиб чиқиш сабаблари нимада?

Бу ҳақда олий тоифали шифокор- гастроэнтеролог Матлуба Қодирова қуйидагиларни гапириб берди:

Албатта, ўз вақтида овқатланмаслик, ҳаддан ташқари кўп таом истеъмол қилиш натижасида ўт ҳосил бўлиши ва ўт суюқлигини ҳайдалишининг бузилиши, камҳаракатлилик, сурункали қабзият (ич қотиши), ҳар хил юқумли хасталиклар кўпинча холецистит (ўт пуфагининг яллиғланиши)ни келтириб чиқаради.

Ўт пуфаги - ўт (сафро) йиғиладиган аъзо, унинг туби (кенгайган қисми) жигарнинг ўнг бўлаги остидан бироз чиқиб туради. Ўт йўлининг ўн икки бармоқли ичак йўлига ўтиш жойида силлиқ мушакли қисқич бор. У ўт ва меъда ости бези ширасининг ичакка тушишини тартибга солиб туради. Ўт пуфагининг асосий қисми бириктирувчи тўқима ёрдамида жигарга ёпишиб туради. Ўт пуфагида доимий равишда ўт йиғилади.

Ўт (сафро) эса жигар ҳужайралари ажратадиган сарғиш-жигарранг суюқлик. Ўт билан бирга киши танасидан гемоглобин, холестерин ва бошқа бирикмалар алмашинувининг чиқиндилари ажралиб туради. Жигар тўхтовсиз ўт ажратади. Бу эса овқатни ҳазм қилиб беришда муҳим аҳамият касб этади. Холециститда жигарнинг ўт ажратиш фаолияти бузилади. Овқат ҳазм бўлиши қийинлашади.

Касаллик ўткир ва сурункали кўринишга эга. Сурункали холецистит ўткир холециститнинг бир неча бор қайталанишидан келиб чиқади.

КАСАЛЛИКНИНГ

АСОСИЙ БЕЛГИЛАРИ:

- Қовурға остида тўсатдан қаттиқ оғриқ бошланади. Кўнгил айнийди, қайт қилади ва тана ҳарорати бироз кўтарилади. Кўп ҳолларда кўз сарғаяди. Пешоб ҳам қизғиш-сариқ тусга киради.

Бундай вақтда бемор ўз билганича дори ичиши, оғриётган жойга иссиқ грелка қўйиши ёки ошқозонини ювиши асло мумкин эмас. Ўткир холецистит билан оғриган беморлар фақат касалхонада даволанадилар. Сурункали холецистит эса ўткир холециститнинг бир неча бор қайталаниши, бемор тўғри даволанмаганлиги оқибатида келиб чиқади. Бунда беморнинг ўнг қовурғаси остида ғижимловчи оғриқ туради. Ёғли овқат истеъмол қилгандан кейин бу оғриқ янада зўраяди. Қориннинг юқори қисмида оғирлик сезилади. Кўнгил айниб, кекирик пайдо бўлади.

МАСЛАҲАТ ВА

ТАВСИЯЛАР:

Бу дард билан оғриганлар, айниқса, кечқурунлари аччиқ ва ёғли таомларни истеъмол қилмаганлари маъқул. Таомлар янги пиширилган бўлиши шарт. Бемор ўта тўйиб овқатланмаслиги керак. Гўштли таомлар буғда ёки қайнатиб пиширилса янада яхши. Сутли таомлар, творог, ёғсиз қатиқ, сузма, ҳўл мева ҳамда сабзавотлар дастурхонда бўлгани маъқул. Овқатни асосан, ўсимлик мойида тайёрлаш лозим.

Шунингдек, маккажўхори попуги холециститга мойил бўлган кишилар учун энг яхши даво саналади. Икки-уч қошиқ маккажўхори попуги (қуритилгани ҳам бўлади) бир ярим стакан сувда милдиратиб қайнатилади. Ўн дақиқа қайнагач, докадан сузилади. Ҳар уч-тўрт соатда икки ош қошиқдан ичилади. Наъматак шарбати ҳам фойдали. Ёнғоқ, лимон ва апелсин ҳам беморларга анча фойда келтиради.

Ушбу касаллик аломатлари бўлган кишилар энг аввало, шифокорга мурожаат қилишлари зарур. Қолаверса, улар юқоридаги тавсия ва маслаҳатларимизга амал қилса, соғлигини асраган бўлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди