Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№37 дан: 11.09.2014

БУГУННИНГ ГАПИ

ТЎЙ ҚИЛАМАН ДЕБ ҚИЙНАЛМАДИНГИЗМИ?

ЁКИ ЎЗИМИЗ ЎЙЛАБ ЧИҚАРАЁТГАН "ЯНГИЛИК"ЛАР ХУСУСИДА

Халқимизда "Бошингиз тўйдан чиқмасин", деган гап бор. Кексаларимиз дуога қўл очганларида ҳам "топганингиз тўйларга буюрсин", деб дуо қилишади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки тўй халқимизнинг бебаҳо қадриятларидан бири, қолаверса, ўзбек халқи тўйсевар халқ.

Бугун юртимизда айнан тўйлар мавсуми. Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй ёки ҳамкасб-ларимиздан бири тўй қилмоқда. Барчамиз тўй қилишдек ширин ташвишлар билан андармон бўлаётган танишимизнинг қувончига шерик бўлишга ҳаракат қиламиз. Тўй яхши нарса, ўйин кулгу, тўй баҳона таниш-билишлар билан дийдорлашишга нима етсин. Лекин бугунги тўйларимиз муҳтарама аёлларимиз томонидан ўйлаб чиқарилаётган кераксиз олди-бердилар, "ўзига хос янгиликлар" билан меъёр чегарасидан чиқиб кетаётгандай.

Ўзбек борки, фарзандига тўй қиламан деб йиллар давомида маблағ, сеп-сидирға йиғади. Ўзини ўтга, чўққа уради, тирикчиликдан ошиниб, тўй учун зарур нарсаларни олдиндан тайёрлаб боради. Қиз чиқаришнинг, ўғил уйлашнинг ўзи бўлмайди. Чунки кундан-кунга расм-русум, урф-одатларимиз "бойиб" бораётгани ҳар қандай кишини ташвишга солмоқда.

Дарҳақиқат, бугун тўй ўтказиш билан боғлиқ ташвишлар шу даражада кучайдики, бу аксарият кишиларни қийин аҳволга солиб қўяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Биз Жалақудуқ туманида бўлиб, тўйларимизнинг ана шу жиҳатлари хусусида айрим юртдошларимиз билан фикрлашдик.

- Туманимизда 168 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, - дейди Жалақудуқ туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфияхон Ғофурова. - Улардан 82 минг 932 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Туманимизда 63 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Ҳар бир маҳалла раиси, маслаҳатчиси, дастурхончиси, отинойи ҳамда фаоллари биргаликда тўй-тўркин, маърака ва бошқа маросимларни бамаслаҳат, ихчам ўтказишга ҳаракат қиламиз.

Энг асосийси, туманимизда дабдабабозлик, ким ўзарга тўй қилиш йўқ. Урф-одатларимизга киритилаётган "янгиликлар"нинг пайини қирқишга ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиляпмиз. Саъйи ҳаракатларимиз туфайли ана шундай кўринишларнинг оммалашиб кетишини олди олинмоқда.

ҚУДАЛАР БИЛАН БАМАСЛАҲАТ ТЎЙ ҚИЛДИК

- Уч қизимиз бор, - дейди яқинда қиз узатган Охунбобоев шаҳар, "Бойчеки" маҳалласида истиқомат қилувчи Донохон Жумабоева. - Турмуш ўртоғим билан ишлаб топганимиз рўзғордан ортмайди. Қиз узатишнинг эса ўзи бўлмайди. Буни яхши англаган турмуш ўртоғим бир-иккита оғайнилари билан Россия давлатига бориб ишлаб келди. Шундай қилиб катта қизимизни узатдик, бир нафар набирамиз бор.

Қиз бола бўй етгандан кейин остонангдан совчи узилмай қоларкан. Иккинчи қизимизга келган совчилар оиламизга маъқул бўлди. Фарзанд-ларимиз кўришиб, бир-бирларини маъқул кўришгач, қуда бўлмиш аёл билан тўй маслаҳатини биргаликда қилдик. Барака топсин, тушунадиган, оқила аёл экан. Энг муҳими, тўйни ихчам, ортиқча олди-бердиларсиз ўтказишга келишдик. Бунинг эвазига фарзандларимизга турмушда зарур бўладиган жиҳозлар олиб берадиган бўлдик.

Олди-бердига кетадиган материалларни қисқартирдик, уч-тўрт қаторгина тайёр кийим олинди. Эшик очди, уй кўрди, фотиҳа тўйини бир кунда, ихчам қилиб ўтказдик. Ётоқ мебелини куёв томон ўзлари олишди. Тўйни ҳам маҳалла аҳлию, қариндош-уруғлар билан тўпланишиб, ихчам ўтказдик, юз очди ҳам шу куни бўлди.

Тўйнинг барча сарф-ҳаражатига деб атаган 10 миллион сўм пулимизнинг ҳаммаси сарф бўлмади.

АЁЛЛАРИМИЗ ЎЙЛАБ ТОПАЁТГАН ДАҲМАЗАЛАР

- Қиз узатишдаги олди-бердилар оилани қанчалик қийнаб қўйишини яхши биламан,- дейди Жалақудуқ маҳалласида яшовчи Обидахон Мамадалиева. - Шунинг учун ўғил уйлантиришда бўлғуси қудам билан ўзим гаплашдим. Уларни ҳам, ўзимизни ҳам қийнашни истамадим. Бу фикримни турмуш ўртоғим, келинимнинг дадаси ҳам маъқуллади. Келин томон қилган кўрпа-тўшак, кийим-кечаклар етарли бўлгани учун иккала томон келин-куёвни бир қатор кийинтириб келдик. Қатор-қатор кийим-кечаклар қилмадик. Ортиқча харажатларнинг ўрнига ёш оилага асқотадиган музлатгич ва кир ювиш машинаси олдик. Келинимиз тикувчи бўлганлиги учун тўйдан кейин унга тикув машинасини кўрманага бердик. "Бор товоғим, кел товоғим" сингари маъзар беришларни ҳам бир-икки кун ичида тўхтатдик. Ихчамгина ўтказилган тўй ҳаммага маъқул келди.

Тўйларимиз билан боғлиқ жараёнларни кузатиб, ҳайрон қоламан. Ахир фотиҳа тўйи, "маъзар еди"да 30-40 та сават юборишнинг нима кераги бор. Ўттиз-қирқталаб кўрпа-тўшак, қўша-қўша уст-бош қилиш, тўйдан кейин ҳафталаб икки, уч маҳал маъзар юборишлар ҳар қандай оддий оилани қийнаб қўйиши аниқ. Шу боис, тўйни "одамлар қиляпти, мен ҳам шундай қилишим керак" деган фикр билан эмас, имкониятга қараб, қудалар билан келишган ҳолда ўтказган маъқул.

Шу ўринда айтмоқчиманки, маҳалламизга ташқаридан биров келиб қандайдир тартиб-қоидаларни жорий қилмайди. Тўй билан боғлиқ ортиқча даҳмазаларни баъзи бир аёллар ўйлаб топишади. Қолганлар унга кўр-кўрона эргашади.

ТЎЙ УЧУН ҚАНЧА ПУЛ КЕРАК?

- Халқимизда "Кўп бўлса кетади, оз бўлса етади" деган нақл бор. Менимча, тўй қилганда энг аввало, ўзимизнинг имкониятимизга қарашимиз керак, - дейди Жалақудуқ тумани "Бойчеки" маҳалласи маслаҳатчиси Зулфияхон Мамадалиева. - Яхшики, халқимиз тўйга олдиндан тайёргарлик кўради. Ўғил бўлса, новвос боқади, қиз болага эса ёшлигидан сеп-сидирға тўплайди.

Лекин очиқ айтишимиз керакки, тўйнинг ўзига ҳам озмунча маблағ сарфланмайди. Нон едию, базмда меҳмонларни кузатиш, "Загс" деган тадбирнинг қанча ҳаражатлари бор. Бундан ташқари, карнай-сурнай, стол-стул ижараси, ошпаз, санъаткорлар, видеотасвирга олиш сингари хизматлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Буларнинг ҳаммаси пулга бориб тақалади. Тўғри, ҳар бир ота-онанинг орзу-ҳаваси бор. Лекин орзу-ҳавас деб, бошқалардан қоламанми, деган фикрда киши ўзини ўтга-чўққа уриши, қарз кўтариб оиласини қийин аҳволга солиб қўйиши керак эмас.

Ҳозир аксарият аёлларимиз "Шундай қилмасак уят бўлади", "Мен билмайман, лекин шундай қилиб берасиз", деб эрларини оғир аҳволга солиб қўймоқда. Эр бечора нима қилади: қарз олади ёки кўпроқ пул топиш илинжида ўзга юртларга ишлаш учун кетмоқда. Лекин унинг ўша ерда қанчалик қийналаётганини, хор-зор бўлаётганини, энг муҳими, соғлигини йўқотаётганини аёлларимиз қачон англаб етади?

ЯХШИ ТАРБИЯ - ЭНГ ЯХШИ СОВҒА

- Тўйларимизни ихчам, камчиқим қилиб ўтказиш, кераксиз урфлар ва олди-бердиларга барҳам бериш ҳар биримизнинг бурчимиз, - дейди Жалақудуқ туман бош отино-йи¬си Муножатхон Отажонова. - Бу борада тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтиришимиз керакки, ўз билганидан қолмаётган аёлларимиз ана шу нарсалар иллат эканлигини англаб етсинлар. Қудаларнинг ўзаро келишуви билан ўтказилган тўй икки оиланинг рўзғорига ҳам, чўнтагига ҳам путур етказмайди. Аксинча, улар ўртасида янада аҳиллик қўрғонини яратади.

Ҳар қанча қилишга қурбим етади, дегувчилар танасига ўйлаб кўрсин. Чор-атрофга назар ташласин. Тирикчилигини аранг ўтказаётганлар қанча? Ким ўзарга тўй қилиш, мол-мулкини кўз-кўз қилиш на диний, на инсоний қадриятларларига мос келади. Аллоҳ Қуръони каримнинг "Аъроф" сураси 31-оятида "Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар. Исроф қилгувчилар биздан эмас" дея марҳамат қилади. Бундан кўринадики, меъёрдан чиқиш Яратганга ҳам хуш келмайди. Худбинликка берилиб, тўғри йўлдан, имондан адашмайлик.

* * *

Ота-она фарзандига тахт бериши мумкин, бироқ бахт беролмайди. Қилинган сеп-сидирғалар вақтинчалик. У фарзандларимизда ҳаётга енгил-елпи қараш кўникмаларини шакллантиради. Биз қилиб бераётган қўша-қўша жиҳозу буюмларни ўз меҳнатлари билан топсин. Шундагина улар ана шу нарсаларнинг қадрига етади. Мухтасар қилиб айтганда, фарзандларимизга яхши тарбия берайлик, касб-корли, ҳунарли қилиб вояга етказайликки, келгусида улар рўзғор кемтикларини ўзлари тўлдирсин. Шунда ҳаётлари ширин ва файзли бўлади, бахт ва омад уларга эргашиб юради.

Азиз юртдошлар, муҳтарама опа-сингиллар. Тўй билан боғлиқ муаммолар ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Уларни бартараф этиш ёки ҳамма учун афзал бўладиган тартибларни жорий этиш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Шу боис мазкур масалада Сиз ҳам ўз фикрларингизни билдирасиз, деб умид қиламиз.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди