Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№41 дан: 09.10.2014

ТЎЙХАТ

ИЛМ-МАЪРИФАТГА ОШНО ИЖОДКОР

Шоира ва адиба Мунаввара Тиллабоеванинг ижоди адабиёт мухлисларига яхши таниш. Унинг шеърлари, ҳикоялари, бадиалари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинади. Ёшлигидан ижод билан шуғулланган шоира "Муҳаббат тумори", "Излаганим сен", "Аллали тонг", "Зафаржоннинг қўшиғи", "Қалб нидолари", "Кўнгил қатралари" каби кўплаб тўпламларнинг муаллифидир. Шоиранинг ижодида меҳр-муҳаббат, вафо-садоқат, кўнгил кечинмалари ва гўзал туйғулар ўз аксини топган. Айниқса, унинг "Ой тўлган кечада" китобида жамланган бадиалар ўқувчини беихтиёр орзу-хаёлларга, хотираларга чорлайди. Унинг сўзлари орқали ҳаётга, одамларга, инсоний туйғуларга иштиёқинг янада ортиб боради.

Табиатан содда ва камтар Мунаввара опа ҳаётида фақат яхшиликка интилди. Узоқ йиллар давомида муаллим сифатида ёш авлодга меҳр билан таълим берди. Илм-маърифатни қалбида жо этган Мунаввара опа бу йил ўзининг муборак ёшини қарши олди. Шу муносабат билан "Иқбол" газетаси таҳририяти опага тани сиҳатлик, узоқ умр, оиласига тинчлик-хотиржамлик тилайди. Ҳамиша фарзандлари, набиралари, шогирд ва мухлислари ардоғида юришлик насиб этсин. Ишонамизки, адибанинг ижоди янада сермаҳсул бўлади. Ўзининг чиройли ва мазмунли ижод намуналари билан адабиёт ихлосмандларини хушнуд этади.

Қуйида Сиз, азиз муштарийларга адибанинг "Ой тўлган кечада" номли китобидан жой олган "Ҳаёт" деб аталган бадиани ҳавола этамиз.

Бадиа

ҲАЁТ

Мен сени севаман, мунаввар ҳаёт!

Дунёда сендан-да қимматлироқ, сендан-да мўътабарроқ нарса йўқдир.

Баҳор ва куз фаслида олис далалардан эшитилаётган тракторларнинг гуриллаган товушлари ҳам нақадар жонга туташ. Улар инсонлар қалбида қандайдир ўзи ҳам тушуниб етмайдиган ҳаётга ташналик туйғуларини уйғотади. Чунки улар қуриш ва яратиш билан банддирлар.

Сочларимни ўйнаб, юзларимни силаган тонг насимини айтмайсанми. Улар гулларнинг атрини ҳар томонга сочадилар. Азим дарахтлар баргида эркаланиб ўйнайдилар, уларнинг кўксига енгиллик олиб кирадилар.

Баъзан хавотирга тушиб қоламан. Нега дейсанми? Бойликка сира-сира тўймаётган одамларни кўриб, эшитиб қоламан. Ҳа, яна бир нарсани айтайин. "Зангори экран" орқали жуда ваҳимали киноларни бериш урф бўлиб кетди. Уларни андак кўриб қолсам, наҳотки бу кўҳна олам шундай ёмонликлар билан тўлиб-тошган бўлса. Агар дунё ҳақиқатан мана шундай ярамас одамлар комида қолган бўлса, денгизлар ҳайқириб, қадимий музликлар эриб, дунёни сув босиб кетса керак дейман. Ҳай-ҳай, Аллоҳ ўзи асрасин. Ҳали инсоният қалбида меҳр-муҳаббат, яхшилик, эзгулик деган тушунчалар барқарордир.

Ўзимизнинг ҳалиги "Мафтунингман", "Маҳаллада дув-дув гап", яна ҳиндларнинг Раж Капур ўйнаган "Дайди", "Жаноб-420" каби киноларини мириқиб томоша қиламан. Нега десанг, кинолардан мен муҳаббат сурурини уқаман, уқиб билим олиш, яхши ҳаёт сари интилиш, табиат тасвири, миллий анъаналар яхши ифодаланган. Ижро этилган куй ва қўшиқлар сеҳрида қоламан.

Гиёҳларни яхши кўраман. Чунки улар ҳаётимнинг бир зарраси, уларни сира юлиб ташлагим келмайди. Одамлар мендан куладилар.

Мана шунақа, Ҳаётжон. Сени қанчалар яхши кўришимни билдингми?

Мунаввара ТИЛЛАБОЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди