Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№41 дан: 09.10.2014

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

БАХТЛИ БЎЛСИН

Мени эсламасин эсса шамоллар,

Ёдига солмасин дайди хаёллар,

Ёмғир эслатмагин бериб саволлар,

Бевафойим бахтли бўлса бас, менга.

Тўкмагин куз энди хазонларингни,

Мен томон юборгил ҳижронларингни,

Кимга ҳам сўзлайин армонларимни?

Бевафойим бахтли бўлса бас, менга.

Унинг боши узра ёғмагин ёмғир,

Доим бардошига айлангин сабр,

Умрим бўйи усиз тортсам-да жабр,

Бевафойим бахтли бўлса бас, менга.

Лабидан табассум кетказманг гуллар,

Юрганда нурафшон бўлингиз йўллар,

Ҳеч ҳам айрилмасин севишган диллар,

Бевафойим бахтли бўлса бас, менга.

Шаҳнозабону ЖЎРАЕВА,

Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси.

КЎЗИМИЗ ГИРЁН ДЕДИ

(ҲИНА БИЛАН СУҲБАТ)

Рангинг қизил нега, ҳижо? - десам, бағрим қон деди,

Ёрим мени ташлаб кетди, дардларим пинҳон, деди.

Тунда йиғлар япроқларим юлдузларга қилиб арз,

Тонг саҳарда тушса шудринг бўйнимга маржон, деди.

Уйғотай деб келса булбул, очилмайди гулларим,

Не сабаб деб сўрманг асло дилларим ҳуфтон, деди.

Нозланиб уйғонса дилбар боқса бир-бир шодланиб,

Умидворлик ҳисси бирла кўзимиз гирён, деди.

Мен дедим: дилбар сени хўп эзғилаб қонинг тўкар,

- Тўкса тўксин розиман, мен тўкмасам армон, деди.

- Панжаси қонинг билан бўлса қизил қон, майлими?

- Қонларим дилбар қўлига, розиман, эҳсон, деди.

Эй, Раҳимий, билки, ибрат чин вафога ушбу гул,

Таҳлил айла: ёрига ўз жонини қурбон, деди.

Олимжон РАҲИМОВ,

Асака тумани.

СОҒИНДИНГМИ?

Сенга етаклайди бу телба хаёл,

Сенга борлигим ҳам келмасин малол,

Менинг орзуларим биргина висол,

Соғиндим мен сени, сен соғиндингми?

Бир бор ҳолим сўраб келгин қошимга,

Бундай маломатлар солма бошимга,

Дунё чўкиб қолар томчи ёшимга,

Соғиндим мен сени, сен соғиндингми?

Билмайман мен қачон яшаб бўлганман,

Сабри тўлган ойдек мен ҳам тўлганман,

Хаёлимда васлинг қучиб тўймайман,

Соғиндим мен сени, сен соғиндингми?

Давлатхон МЎМИНОВА,

Олтинкўл тумани.

ҲА, ҲАММАСИ ЯХШИ БЎЛАДИ

Ҳа, ҳаммаси яхши бўлади,

Шу аҳволдан безорланди жон.

Хиралашган дил ойнасига,

Беҳос сачраб кетган каби қон.

Ҳа, ҳаммаси яхши бўлади,

Ишонишга уриндим минг бор.

Хаёлимда сиз ваъда қилган,

Бахтга етмоқ душвордан душвор.

Ҳа, ҳаммаси яхши бўлади,

Қачонлиги номаълум бироқ.

Кўзлаётган манзилимиз бир,

Аммо бунча масофа йироқ.

Ҳа, ҳаммаси яхши бўлади,

Эртагами, ёки индинга?!

Йиғи билан ошино дилим,

Етиб борармикин кулгингга?..

Фароғат МАМАТУРСУНОВА,

Марҳамат тумани.

СЕНИ ЯХШИ

КЎРГАНИМ УЧУН

Ишқ кўксимга отилган пайкон,

Юрагимга санчилган учи.

Хаёлларга асирман ҳар он,

Сени яхши кўрганим учун.

Ёниб яшар муҳаббат халқи,

Кўзларида дард турар қалқиб,

Шоир бўлиб кетарман балки,

Сени яхши кўрганим учун.

Кел, ҳижронинг ҳанжарин синдир,

Синдирмасанг кўнглимиз қиндир,

Мени ёмон кўради кимдир,

Сени яхши кўрганим учун.

Жўр айтайлик жўшқин баётни,

Сен бўлмасанг ҳаёт ҳаётми?..

Мен яхши кўраман ҳаётни,

Сени яхши кўрганим учун.

Абдураҳим АБДИЕВ,

Андижон шаҳри.

ЭНДИ МЕН КИМ УЧУН

ЯШАЙ СЕВГИЛИМ?!

Фақат ўзинг эдинг дардимга дармон,

Бир орзу эдинг-ку, сен бўлдинг армон,

Сен айтгин мен ахир ким учун борман,

Энди мен ким учун яшай севгилим?!

Кетдинг-да юрагим армонга ташлаб,

Сени деб қувонган кўзларим ёшлаб,

Ҳаётим бахш этиб, бугундан бошлаб,

Энди мен ким учун яшай севгилим?!

Сенсиз гулбоғларни кезарман ўзим,

Айтолмай қолдим-ку сенга дил сўзим,

Куз каби сарғайди бу гулгун юзим,

Айт, энди ким учун яшай севгилим?

Нодирахон МИРЗАҲАКИМОВА,

Андижон тумани.

БИЗ ТОМОНДАН...

Биз томондан қуёш чиқар,

Чиройли бир ой чиқади.

Кўзингизни куйдириб-ей,

Гўзалликка бой чиқади.

Ҳали жуда шошмай туринг,

Танҳо бўлиб қолмагайсиз.

Юрагимни асир айлаб,

Доим ғолиб бўлмагайсиз.

Ишқингизда телба бўлиб,

Бугун менман овворажон.

Бир кун албат қайтар дунё,

Сиз бўласиз овворахон.

Нурулло ТЎХТАСИНОВ,

Пахтаобод тумани.

Бир кўзимда кузнинг ёмғири

Тилим-тилим парчадир кўнгил,

Қоқ иккига бўлинган юрак.

Руҳим ўзга, ўзгадир ҳушим,

Қиймаланган вужудлар бўлак.

Бир кўзимда кузнинг ёмғири,

Бир кўзимда қорлар бўралар.

Хазон бўлар баҳор кўрмасдан,

Юрагимда титроқ ўрмалар.

Орзуларим оққуш мисоли,

Куз келганда учиб кетганлар.

Ёз нишони йўқолгач мангу,

Ўзга бахтни қучиб кетганлар.

Мен яшайман армонлар қучиб,

Толеимга қўлим силтганман.

Не қиламан тақдирдан қочиб?

Қошларимга ғамлар суртганман.

Феруза ХОЖИМАТОВА,

Булоқбоши тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди