Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№47 дан: 20.11.2014

ҲИКОЯ

САВАТ КЎТАРГАН АЁЛ

Кўчада автоуловларнинг саноғи йўқ. Улар занжирдек бир-бири ортидан эргашиб, қайгадир шошади. Кўча машиналарга тўла, йўловчилар ундан кўп. Ҳатто бекатдаги автобус ҳам йўловчилар билан тирбанд. Ўриндиқлар аллақачон тўлган бўлса-да, барибир ҳайдовчи рулга ўтиришга шошилмайди. Унга сари автобусдагилар ҳайдовчини тезроқ жўнашга ундашади:

- Бугун ўзи юрадими бу автобус?

- Ҳой, бу автобусни тепа қисмига ҳам одам оласиз, шекилли!..

- Жудаям димиқиб кетдим, нега юра қолмайди-я...

Шу аснода сергул матодан тикилган дастурхонга тугилган катта саватни бошига қўйган бир аёл автобусга яқинлашди.

- Хола, кетасизми, чиқинг тезроқ, ҳозир жўнаймиз, - аста юриб келаётган аёлни шошилтирди рулга ўтираётган ҳайдовчи.

- Қаерига чиқасиз, сиғмайсиз, кейингисига ўтиринг,- деди эшик ёнида аранг турган йигит.

- Йўқ, мен шу машинага чиқишим керак, тезроқ манзилга етиб боришим керак. Кейингисида кечга қопкетаман, - шундай дея аёл туртиниб-суртиниб автобусга бир амаллаб чиқиб олди. Ғудраниб-ғудраниб унга йўл беришди.

- Шунча катта сават билан енгил машинада кетсангиз бўларди-ку, - зарда аралаш дакки берди кимдир.

Ўртадаги ўриндиқлардан бирида ўтирган ёш бир аёл унга жой ҳам берди.

- Яна пўрсайиб ўтириб олганини-чи... - аччиқланиб ғудранди кимдир. Аёл атрофдаги бу гапларга парво қилмади.

- Пешонамга шу машинада кетиш ёзилган экан, ўтириш учун жой ҳам топила қолди, - аёл хурсанд бўлиб, ёнидагиларга қараб қўйди. Автобусга қисилиб-туртиниб чиқаётиб кимларгадир узатган савати ниҳоят, қўлма-қўл бўлиб, унга етиб келди.

Автобус ўрнидан силжиди. Йўл равон, манзил олис. Автобус ҳар бир бекатда тўхтаб-тўхтаб боради.

- Шофёр, орқа эшикни очиб қўйинг, бир йигитнинг кўнгли беҳузур бўляпти, сал шабадалаб олсин, - дея орқадан овоз келди.

- Тўхтолмайман, ахир бу ерда ГАИ ходимлари кўрса, штраф ёзади, - норозилик билдирди ҳайдовчи.

- Ранги оқариб кетди, озгина эшигингизни очворинг, - деди яна ўша овоз.

- Ўғлим, манг икки дона қуртни оғзингизга солволинг, кўнглингиз айнишини пасайтиради, - аёл саватдан икки дона қурт чиқариб узатди.

Автобус бир маромда тебраниб боради. Бир жувоннинг қўлидаги қизчаси хархаша қилиб, ҳамманинг қулоғини қоматга келтирди. Шунда бояги аёл сўради:

- Нима деяпти қизчангиз, ўргилай?

- Конфет сўраяпти, бунинг шу қилиғини билиб ўзи оволишим керак эди, - жавоб берди жувон.

Аёл саватдан бир нечта қанд-қурс олиб қизчага узатди:

- Мана, қизим, ўзим айланай, жуда ширин қиз экан-а?!

Қизалоқ ширинлик билан овора бўлиб, жим бўлиб қолди. Тўлиққина бу аёл ёнидаги шериклари билан суҳбатлашаётиб, гап тўй мавзусига бориб тақалди.

- Айтганча, тўйдан қайтяпман, олинглар, насиба. Сизларни ҳам тўйларга етказсин, - у саватни очиб патир ва қанд-қурсларни олиб атрофдаги йўловчиларнинг барига улашиб чиқди. Бир бурда нон билан яримта конфет ҳатто ҳайдовчига ҳам етиб борди. Автобус ичидагиларнинг бири конфетни оғзига солган, бири майиз еган, яна бири патирни тишлаётган.

- "Бир майизни қирқ киши бўлиб ейди", дейишади-ку, бу эса бир сават егулик. Ҳаммага етади, - аёл нон улашаётиб деди.

Автобусдагилар орасида бояги ғудранишлар ўрнини энди самимий гап-сўзлар эгаллади, барчанинг юзида табассум.

Гўё ҳамма бир-бирига опа-сингил ва ака-укадек. Шу тариқа автобус манзилга етиб келди. Йўловчилар бир-бирларига ёрдам берганча, хуш кайфият билан хайр-хўшлашди. Ҳар ким ҳар ёққа тарқала бошлади. Аёлнинг саватини бир-икки ёш-яланг кўтаришиб пастга тушишди. Уни маҳалласига жўнаётган енгил машинага ўтқазиб кузатиб қўйишди.

Аёл саватни кўтариб, кўтаринки кайфият билан уйига кириб борар экан, яхши одамлар бор бўлсин, дея пичирлади. Қайтишдаги воқеаларни ўйлаб, самимийлик, хушмуомалалик одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашига яна бир бор амин бўлди.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди