Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№48 дан: 27.11.2014

Тадбиркор аёлларимиз

ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАС

Аёл - она, устоз, тадбиркор!

Шаҳрихон туманида эл корига яраб яшаётган, юрт ташвишини ўзиники деб биладиган фидойи инсонларни кўплаб учратасиз.

Улар орасида замон билан ҳамнафас одимлаётган, юксак чўққиларни забт этишга чоғланган аёллар ҳам борки, буни эътироф этмай бўлмайди. Марҳабохон Мўйдиновани ҳам мана шундай аёллар сафига қўшсак янглишмаймиз. Бир неча йилдан буён "Марҳабохоним" МЧЖни муваффақиятли бошқариб келаётган бу аёл ишда ҳам, оилада ҳам ибратга лойиқ.

Марҳабохон опа 1980 йили Андижон пахтачилик институтини тамомлаб, тумандаги собиқ "Правда" жамоа хўжалигида комсомол ташкилоти секретари бўлиб иш бошлади. Шунингдек, туман агросаноат бирлашмасида бўлим бошлиғи, туман ижроия қўмитасида масъул ходим, сўнг туман хотин-қизлар бошланғич ташкилоти бош мутахассиси, "Найнаво" қишлоқ фуқаролар йиғинида котиб бўлиб фаолият юритди. Айни пайтда опа "Адолат " социал-демократик партияси Шаҳрихон туман кенгаши раиси вазифасида ишлаб келмоқда. 41 йиллик меҳнат фаолияти давомида тадбиркорликка бўлган ҳавас уни тинч қўймади. Тикув цехи очиш истагида ҳаракатни бошлаб юборди. Дастлаб мазкур ҚФЙдаги бўш ётган хоналарни тартибга келтирди. 2010 йили эса 2 та тикув машинаси, 4 нафар қиз билан иш бошлади. Буюртма асосида аёллар либосини, тумандаги фермер хўжаликлари билан шартнома асосида этак ва ишчилар учун махсус кийимлар тикишни йўлга қўйди.

Ишни кенгайтириш мақсадида 2014 йилда "Микрокредитбанк" Шаҳрихон филиалидан 24 миллион сўм кредит олиб, 8 та тикув машинаси, хонага стол-стул ҳамда хом ашё сотиб олди. Қўшимча 2 та хона таъмирланди. Қисқа вақт ичида цехнинг фаолияти анча кенгайди. "Марҳабохоним" МЧЖ раҳбарига айланди. Шаҳрихон енгил саноат ҳамда маиший хизмат касб-ҳунар коллежлари билан шартнома тузиб, 47 нафар битирувчини иш билан таъминлади. Шунингдек, касаначиликни ҳам йўлга қўйди. Мактабгача таълим муассасасалари билан шартнома қилиб, кўрпа, ёстиқ жилдлари, чойшаб, матраслар тайёрлай бошлади.

- Инсон бир нарсага аҳд қилдими, албатта, унинг рўёбини кўришга интилади, - дейди Марҳабо опа. - Истиқлол шарофати туфайли тадбиркорликка кенг йўл очилди. Бу анчадан буён кўнглимга тугиб юрган ниятимни амалга оширишимга имкон берди. Ҳамма ишнинг ҳам бошланиши қийин кечади. Дастлаб 2 та тикув машинаси, 4 нафар қиз билан иш бошлаган бўлсак, бугунга келиб тикув машиналаримиз сони 15 тага, ишчиларимизнинг сони эса 37 нафарга етди. Улардан 16 нафари цехда ишласа, 21 нафари уйда касаначилик билан шуғулланади. Маошлари қилган ишларига қараб тўланади. Маҳлиё Эргашева, Фарида Шарофиддинова, Севара Икромова каби тикувчиларимиз, Эркиной Худойбердиева, Гулчеҳра Мўминова сингари касаначиларимиз бор экан, маҳсулотларимиз ҳамиша харидоргир, ўз мижозларига эгадир.

Марҳабохон Мўйдинованинг узоқни кўзлаб иш тутиши, ўзига ва ўз кучига ишониши туфайли бугун кўплаб қизлар муқим ишли бўлишди. Жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг бозори чаққон. Шунингдек, улар "Ташаббус" кўрик-танловларида бир неча бор қатнашиб, 1-2 ўринларни эгаллаган. "Қўли гулдир, ўзбек аёлин" танловининг республика босқичида эса келин либослари, дўппи, тўн, кўрпача, ёстиқ жилдлари сингари ўнлаб миллий маҳсулотларининг кўргазмаси билан қатнашиб, фахрли ўрин соҳиби бўлди.

Марҳабохон опанинг адабиётга бўлган меҳри ўзгача. Ишдан бўш вақтларида шеърлар ёзиб туради. Опанинг Ватан, она, муҳаббат ҳақидаги туркум шеърларини ўқисангиз, ундаги теран фикрлар тиниқ томчилар сингари юрагингизга сел бўлиб қуйилади. Унинг "Юртимга қасида" номли шеърида қуйидаги сатрлар битилган:

Кундан-кунга чирой очар

кўчалари,

Чорлар сизни бунда сўлим

гўшалари.

Қад кўтарди маҳобатли

бинолари,

Тадбиркордир ҳар бир буюк

сиймолари.

Юртбошиси эъзозлайди

ҳар бир жонни,

Нечун севмай Андижонни,

мен ватанни.

Бу хитоб орқали Марҳабохон опанинг она юртини қанчалик севиши, унинг бугунги кўрки опага қанчалик сурур бағишлашини яққол сезишингиз мумкин.

Ҳа, бугунги куннинг аёли нафақат она, балки фаол ижодкор, моҳир сиёсатчи, етук тадбиркор. Бу хислатларни қаҳрамонимиз Марҳабохон Мўйдинова мисолида яққол кўришимиз мумкин. Опа оилани ва ҳар бир ишни бирдек уддалаб келаётган фидойи аёлларимиздан. Марҳабохон опа икки нафар фарзандни камолга етказди. Қизи Муҳайёхон ўқитувчи, куёви Азизбек ҳам ўғли Азизбек сингари опага азиз ва меҳрибондир. Набираси Темурбек опанинг қувончи. Оиладаги тинчлик, аҳиллик ҳамиша опага куч беради. Оиласидан кўнгли хотиржам бўлган аёлгина жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлади. Бу борада Марҳабохон Мўйдиновага барчанинг ҳаваси келиши, шубҳасиз.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди