Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№48 дан: 27.11.2014

Сирли олам

У ДУНЁДАН ХАБАРЛАР

Дунё синоатларга тўла. Инсоният ҳамиша сирли жумбоқларни ечишга ҳаракат қилиб келади, лекин уларнинг барчасига ҳам жавоб топа олмайди. Ана шундай жумбоқлардан бири руҳлар оламидир.

ШОВ-ШУВЛИ ХАБАР

Турли хил узатувчи ва эслаб қолувчи қурилмаларнинг ихтиро қилиниши инсоният тараққиётини янги босқичга кўтарди.

1895 йилдаёқ машҳур ихтирочилар Гульельмо Маркони ва Томас Эдисон вақти келиб инсоният радиотўлқинлар ёрдамида нариги дунёга рихлат қилган марҳумлар билан алоқа ўрнатиш мумкинлигини башорат қилган эдилар.

ХХ аср бошларида газеталарда Морзе ускуналари ўз-ўзидан бўлажак ҳалокатлар ҳақида сигнал бериши хусусида хабарлар чоп этила бошлади. Аммо бунга кўпчилик эътибор бермади. ХХ аср ўрталарида магнитофонга марҳумларнинг овозларини ёзиш мумкинлиги ҳақидаги хабар эса шов-шувга айланди.

"ФРИДРИХ, СЕНИ КУЗАТИШЯПТИ!"

Руҳларнинг овози ёзиб олингани ҳақидаги илк маълумот Дрейтон Томас исмли киши билан боғлиқ. Дастлаб у магнитофонига ёзилиб қолган овозни радиоэшиттириш деб ўйлаган, лекин диққат билан ёзувни эшитиб, марҳум отасининг овозини таниган.

Швециялик опера қўшиқчиси Фридрих Юргенсон 1959 йилда ўрмонда қушлар сайрашини ёзиб олади. Уйда ёзувни эшитиб ўтириб, у қушларнинг сайраши билан бирга бир эркакнинг норвег тилида қушларнинг тунда ҳам сайрашлари ҳақидаги гапини эшитади. Энг қизиғи, Юргенсон овоз ёзаётган пайтда ўрмонда бир ўзи эди. Ҳайратга тушган қўшиқчи ўрмонда яна бир неча марта овоз ёзиб олади. Ёзиб олинган тасмалардан бирида у онасининг "Фридрих, сени кузатишяпти!" деган овозини ҳам эшитади.

Юргенсон ёзувларни таҳлил қилиб чиқади. Кўринмас инсонлар турли тилларда гапиришар, гап орасида бир тилдан бошқасига ўтиб кетишарди. Нутқ суръати ҳам тинмай ўзгариб турарди.

У 1964 йили "Коинот овозлари" номли, уч йилдан кейин эса "Марҳумлар билан радиоалоқа" номли китобларни нашр этади.

ЎН ЙИЛДАН СЎНГ

Орадан ўн йил ўтгач, латвиялик профессор, Юргенсоннинг шогирди Константин Раудив жамоатчиликка сирли овозлар ёзилган янги тасмаларни тақдим этди. Тасмаларда латиш, немис ва француз тилларида янграган овозлар бор эди. Аксарият олимлар бу овозлар тасодифан ёзилиб қолган радиотўлқинлар овози эканлигига ишонишарди. Бу шубҳа-гумонлардан холи бўлиш учун 1971 йилнинг мартида тажриба ўтказилди.

Инженерлар овоз ёзиш студиясига ҳар қандай радиотўлқинга тўсқинлик қилувчи махсус ускуна ўрнатишди. Тажрибада ўша даврнинг энг яхши ускуналари ва сифатли магнит тасмаларидан фойдаланилди. Раудив битта ёзув ускунасидан фойдаланди, яна бир ёзув ускунаси эса назорат учун ўрнатилди. Тажриба 18 дақиқа давом этди ва студиядагиларнинг ҳеч бири бегона товушни эшитмади. Аммо магнитофон қўйиб кўрилганида юздан ортиқ овозлар ёзиб олингани маълум бўлди.

- Бундай бўлиши мумкин эмас! - деб юборди комиссия аъзоларидан бири бўлган англиялик инженер.

СИРЛИ ҚЎНҒИРОҚ

Баъзан нариги дунёдан қилинган телефон қўнғироқлари ҳақида ҳам хабарлар учраб туради.

Масалан, актриса Ида Люпинонинг отаси Иккинчи жаҳон уруши даврида Лондонда вафот этади. Вафотидан олти ой ўтгач, ота қизига қўнғироқ қилади ва васиятномасини қаерга қўйганлигини айтади.

Нелли исмли аёл эса бир куни тушида анчадан бери кўришмаган дугонаси қонга беланиб ётганлигини кўради. У эрталаб турибоқ дугонасига қўнғироқ қилади. Дугонаси касалхонада бўлганлигини, яқинда касалхонадан жавоб беришганлигини айтади ва кейинроқ қўнғироқ қилишини айтиб гўшакни қўяди. Нелли бир неча соатдан кейин яна бир бор қўнғироқ қилганида гўшакни дугонасининг оила аъзолари олишади ва унинг олти ой илгари вафот этганлигини айтишади.

ТЕЛЕВИЗОР ОРҚАЛИ АЛОҚА

1987 йили люксембурглик Мэгги ва Жюль Харш-Фишбах махсус қурилма ёрдамида телевизор экранида марҳум яқинининг тасвирини кўришади. Бир йилдан кейин эса Мэгги компьютер орқали марҳум дўсти билан мулоқот қилади.

Оклахомалик 56 ёшли Фил Шравер телевизор орқали марҳум аёли ва қизи билан мулоқотда бўлади. У телевизорда уларнинг тасвирини кўриб турар ва овозларини эшитарди.

- Бу 1990 йилнинг 6 февралида бўлганди, - дейди новороссийсклик Е. Никифорова. - Телевизор кўриб ўтиргандим. Бирдан экранда чизиқлар пайдо бўлди, кейин эса эркак кишининг юз қиёфаси кўринди. У худди суратга ўхшаб ҳаракатсиз турарди. Унга қараб қўрқувдан қичқириб юбордим. Экранда 1985 йили вафот этган акам Миша қараб турарди. Бир неча сониядан сўнг тасвир йўқолиб, яна кўрсатув давом этди.

Айрим тадқиқотчилар бу ҳодисани қуйидагича изоҳлашади. Телевизор экранидаги овоз ва тасвирлар марҳумларга тегишли эмас. Улар тирик инсонларнинг миясига муҳрланган ахборотнинг тасвиридир. Бу ахборот психокинетик тарзда магнит тасмасига, телевизор экранига ёки телефон гўшагига ўтади. Агарда ҳеч ким бўлмаган бўм-бўш хонада овоз ёзилса, ҳеч қандай бегона овоз ёзилмайди. Бегона овозлар одамлар бор жойдагина ёзилиши мумкин деб ҳисоблашади улар.

ЖАВОҲИРБЕК тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди