Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№52 дан: 25.12.2014

Бугуннинг гапи

БОЛАГА ПУЛ БЕРИШ КЕРАКМИ?

Аксарият болаларда ота-оналаридан кўпроқ пул олиб, турли егуликлар олиб ейишга, ҳар хил ўйинчоқлар олишга, сал каттароқ болалар эса қўл телефонига сарфлашга ёки интернет кафеларга кириб, турли ўйинлар ўйнашга иштиёқ кучли бўлади.

Ота-онасига эркаланади, ҳархаша қилади. Нима бўлса ҳам пул олишга ҳаракат қилади. Хўш, шундай пайтда болага пул бериш керакми? Тўғри, фарзандларимиз биз учун ҳамма нарсадан азиз. Лекин унинг кўнглига қарасак, тарбия борасида адашмаймизми? Умуман, "Бола пулни нимага ишлатади?", "Болага пул бериш шартми?" деган саволлар барчамизни қизиқтириши табиий. Келинг, шу хусусда айрим юртдошларимизнинг фикрлари билан танишайлик, бу борада тўғри йўл танлаш хусусида мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Зиёда Эгамбердиева, чевар: - Иккита фарзандим бор. Иккаласи ҳам бошланғич синфда ўқишади. Фарзандларим ёш, ўқув муассасаси узоқ бўлгани учун уларни ҳар куни ўзим мактабга олиб бориб, олиб келаман. Болаларимга пул бермайман. Мактабда овқатланишлари учун алоҳида овқат ёки бутербродлар қилиб бераман.

Пул берсам, кўча-кўйдан ҳар хил нарсаларни олиб ейишади. Кўчадаги егуликларни ҳаммасининг ҳам сифати яхшилигига ишонмайман. Қолаверса, боланинг қўлига пул тушса, ҳар хил болаларга қўшилиб, компьютер ўйинларига бориши ёки пулни бемаъни нарсаларга сарфлаши мумкин. Мен болага пул бериш шарт эмас, деб ҳисоблайман.

Фарҳод Акромов, шифокор: - Болаларимнинг ёшига қараб, катталарига уч минг сўмдан, кичикларига минг-бир ярим минг сўм атрофида пул бераман. Бола эрталабдан кечгача мактабда, машғулотларда бўлади. Овқатланиши керак. Лекин овқат пулидан "уриб", "сотка"сига сарфлайдиган болалар ҳам йўқ эмас. Ота-онасидан овқат учун олган пулларини тўплаб, қўл телефони сотиб оладиган болалар ҳам бор. Болага пул бермасангиз, тенгдошлари олдида кўнгли ўксиб қоладими, дейман. Наилож, кўпдан чиқолмайсиз-да...

Мадина Акбарова, коллеж талабаси: - Ота-онам бир ҳафтада менга ўттиз-ўттиз беш минг сўм беришади. Йўл кирам, тушлигим ва қўл телефонимга ҳозирча шу етиб турибди. Ортиқча пул сўраб ота-онамни қийнамайман.

Дилафрўз Жўраева, коллеж талабаси: - Мен ота-онамдан фақат йўл кирамга пул оламан. Қўл телефонимга ака-опаларим пул ташлаб қўйишади. Ота-онасининг машаққат билан топган пулларини телефонда валақлашиш учун сарфлайдиган болаларни ҳеч тушунмайман-да. Тушлигимга уйдан егулик олиб келаман. Тўғри, айрим курсдошларим, бадавлат оилаларнинг қизлари, улар устимдан кулишади. Аммо мен уларнинг гапиришларига эътибор бермайман. Онам, бола қанча зориқиб улғайса, шунча меҳнатсевар, одам қадрини биладиган бўлади, дейдилар. Тўкин ўсаётган айрим дугоналаримнинг юриш-туришини, катталарга, ўқитувчиларга, ота-оналарига беписанд муносабатини кўрганимда, онажонимнинг гаплари қанчалик тўғри эканига ишонч ҳосил қиламан.

Зоҳидахон Аҳмедова, маҳалла маслаҳатчиси: - Кўпчилик ота-оналар нимага кераклигини суриштирмай, боласига пул бераверади. Болалар бор пулини сарфлаётган қўл телефонлари эса уларнинг тарбиясига, ўқишига халақит бериб, йўлдан чалғитади. Пул борасида ота-она боласини албатта, назорат қилиши керак.

Феруза Дармонова, ўқитувчи: - Болага пул нимага керак ўзи?! Мен бу борада мактаб ўқувчиларини назарда тутяпман. Тушликкача ўқийдиган бола бемалол уйига бориб овқатланса бўлади-ку? Биз ўқувчилик давримизда ёшимизга мос китобларни мук тушиб ўқирдик. Ҳозирги болалар интернет қаршисида мук тушишади. Уларнинг интернет орқали фақат фойдали маълумотларни олишига ишониш қийин. Мен китоб ўқимайдиган болаларнинг келажагидан хавотирдаман. Қанийди, болалар қўлларига тушган пулга китоб сотиб олишса...

* * *

Бу масалада ўқитувчи ва мутахассислар нима дейди?

Шоҳида Юсупова, филология фанлари доктори: - Болаларга ортиқча ва назоратсиз пул берилишини қоралайман! Фақат овқатланиши учун, мактаб, лицейи ёки коллежга зарурат туғилганда пул берилиши керак. Айрим ота-оналар болаларига мақсадсиз пул беришади. Бола қўлидаги пул билан кўнгли истаган ишни қилишга ўрганади. Ҳозир аксарият болалар пулни қўл телефонига, компьютер ўйинларига сарфлашади. Гап айланиб тарбияга бориб тақалади. Майли, қўл телефони олиб беришсин, бу болани назорат қилиш учун керак бўлиши мумкин, аммо аксарият болалар телефондан бошқа мақсадларда фойдаланадилар-да. Ҳозир ёш болаларнинг қўлидаги телефонлар хотирасида турган суратлар, клипларни кўрсангиз, ёқангизни ушлайсиз. Ўқитувчи бу нарсаларни гапирса, танбеҳ берса, кўп ота-оналарнинг жаҳли чиқади.

Баёзиддин Давлатов, психолог: - Бола тарбиясида меъёрий қаттиққўллик зарур. Нафақат пул беришда, балки ҳамма нарсада назорат кучли бўлиши шарт. Бола бош тарбияни оилада олади. Пул мақсадли берилиши керак. Берилган пулнинг сарфланишини ҳам доимий суриштириб, иложи борича назорат қилиб бориш керак: бола ота-онасидан олган пулни нимага сарфлаяпти, унга нима учун пул керак бўляпти, ота-она ҳаммасидан хабардор бўлиши шарт. Болалигимизда ота-онамиз бизга умуман пул беришмаган. Нимага эҳтиёжимиз бўлса, ўзлари олиб беришарди.

* * *

Мана турли фикрлар билан танишдик. Аксарият юртдошларимиз таъкидлаганларидек, зарурат бўлса, бўлмаса болага пул бериш назаримизда бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Унда ҳаётга енгил-елпи қараш, ота-она топаётган пулнинг қадрига етмаслик тушунчаларини шакллантириши мумкин. Шу боис ҳам, бу масалага жиддий эътибор қаратишимиз керакки, вақтлар ўтиб, бу бизга ташвиш туғдирмасин. Фарзандларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Бу борада азиз муштарийларимизнинг фикр-мулоҳазалари қандай? Бу ҳақда албатта, бизга мактуб йўлланг.

Умида АДИЗОВА

тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди