Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№17 дан: 23.04.2015

2015 йил - кексаларни эъзозлаш йили

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯШАШ - БАХТ

Орамизда шундай инсонлар борки, тақдир тақозоси билан ўзга юртлардан келиб қолиб, шу муқаддас заминимизни ўзларига Ватан деб биладилар. Иккинчи жаҳон уруши сабаб юртимизга келиб, унга меҳр қўйган инсонлардан бири Людмила Аношинадир.

Қўрғонтепаликлар Людмила Аношинани алоҳида ҳурмат билан тилга оладилар. Ўзи рус миллатига мансуб бўлишига қарамай, ўзбекларнинг миллий урф-одатларини, қадриятларини эъзозлаб, хонадонида ҳам ўзбекча маданиятни шакллантира олган Людмила Аношина ҳақида ким билан гаплашмайлик, фақат илиқ фикрлар билдиришди. Хонадонига кириб борганимизда эса, табаррук ёшни қаршилаган онахоннинг ўзлари бизни қарши олдилар. Ҳаракатлари тетик, гап-сўзлари равон Людмила Аношинани бир қарашда салкам юз ёшли онахон дея ўйламайсиз.

Асли Россия Федерациясининг Ленинград шаҳрида таваллуд топган Людмила иккинчи жаҳон уруши арафасида оиласи билан Андижонга кўчиб келганлар. Ўн етти ёшли ўсмир қизнинг янги муҳит, янги одамлар орасида яшаши унчалик қийин кечмади. Ўша даврда унинг олдида ўқиш, шунинг баробарида айни қийинчилик даврида одамларга ёрдам бериш истаги кучли эди. Людмила дастлаб, Андижондаги икки йиллик ўқитувчилар тайёрлаш курсида таҳсил олди, сўнг Тошкент педагогика институтида ўқиди. Пойтахтдаги таълимдан кейин у Андижонга қайтиб, Қўрғонтепа туманидаги дастлаб 1- , кейинроқ 5-умумтаълим мактабларида ёшларга рус тилидан сабоқ берди. Бу жонкуяр аёл болаларининг энг севимли устозларидан бирига айланди. Чунки у дарс жараёнида ўқувчилардан бор меҳрини, муҳаббатини аямади. Қолаверса, дарсларни ўзига хос тарзда, қизиқарли ўтишга алоҳида эътибор берди.

Эллик йиллик фаолияти давомида фидойилик билан меҳнат қилган суюкли устозларини ўқувчилар то ҳозиргача йўқлашни, хонадонига келиб суҳбатлашишни қўймайдилар. Табаррук ёшдаги муаллима эса уларнинг исм-шарифларини адашмай айтади, барчасининг қандай касб эгалари бўлганликларини ҳам ёдидан чиқармайди. Онахоннинг тетиклигига, хотирасининг равшанлигига ҳавасингиз келади.

- Онам шу ёшда ҳам газета, журналларни қолдирмай ўқиб боради, янгиликларни билишга қизиқади, - дейди қизи Светлана Аношина. - Уларни йўқлаб келган ҳар бир меҳмон билан самимий суҳбатлашади.

"Халқ таълими аълочиси" унвони, "Шуҳрат" медали соҳибаси бўлган Людмила Аношина турмуш ўртоғи Пётр Ларен билан 2 ўғил, бир қизни тарбиялаб, элга қўшдилар. Ўзбекона урф-одатлар замирида вояга етган фарзандлар ҳам эл-юрт хизматига камарбаста инсонлар бўлиб камол топган.

- Мендан "Ота шаҳринг Санк-Петербургга қайтишни истамайсанми?" деб кўп сўрашади. "Йўқ! Мен ўзбекистонликман, ўзбекларнинг нонини едим, сувини ичдим. Менинг ватаним - Ўзбекистон, шундай гўзал юртда яшаш бахт!" дейман ҳар сафар. Бизни қадрлаб, эъзозлаётган давлатимизга раҳмат! Юртбошимиз байрамларда ўзларининг совғаларини юборади. Бу ҳам катта эътибор,- дейди ғурурланиб Людмила Аношина.

Табаррук ёшли онахонни собиқ ўқувчилари Нўъмонжон Нуралиев, Илҳомжон Нигматов, Раънохон Жўраева, Рустамжон Султонов, Ботиржон Абдууллаевлар ҳамиша йўқлаб турадилар. Бундай эътибордан Людмила Аношинанинг кўнгли тоғдай кўтарилади. Бугунги фаровон кунларимизга етишишимизда Людмила Аношина сингари кексаларимизнинг хизматлари катта. Уларни ардоқлаш, эъзозлаш биз - бугунги авлод вакилларининг бурчидир.

Зилола РАҲМОНОВА.

Суратда: Л.Аношина.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди