Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 30.04.2015

ЭЛ АРДОҒИДА ЯШАЁТГАН ТОШХОН МОМО

Бугун орамизда Иккинчи жаҳон уруши йилларида, яъни халқимиз бошига оғир кунлар тушган кунларда фронт ортида жасорат кўрсатиб меҳнат қилган табаррук онахонлар яшамоқда. Бугунги тинч ва осуда ҳаёт қуриш йўлидаги фидойилиги, метин иродаси, бардоши учун биз ёшлар уларга ҳар қанча таъзим қилсак арзийди.

Ана шундай оғир кунларда фидойилик билан меҳнат қилган инсонлардан бири Андижон тумани, Ҳакан қишлоғи, Оғуллуқ маҳалласида истиқомат қилувчи Тошхон момо Абдусатторовадир. Тошхон момо бугун уруш даври хотираларини фарзандларига ҳикоя қилиб, бугунги тинч кунлар қадрига етиш лозимлигини жуда кўп таъкидлайди.

Момо турмуш ўртоғи - (раҳматли) Холматжон Абдусатторов билан 4 ўғил ва 1 нафар қиз кўришди. Бироқ 3 нафар ўғиллари болалик чоғларидаёқ оғир хасталикдан вафот этади. Тошхон момо ҳозирда қизи, келинлари, 10 нафар невара, 24 та чеварасига бош бўлиб, яшаб келмоқда.

Ўтган кунларни хотирлар экан, момонинг кўзига ёш келди:

- Дадам раҳматли Қосимохун ўз даврининг зиёлиларидан эди. Ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталарида маҳалламиз ўғил-қизларини саводли бўлиб улғайишлари учун мактаб очади. Бироқ турли туҳматлар ва арзимас айбловлар билан мактаб ёпилади, отамни эса узоқ ўлкаларга сургун қилишган.

Шундан сўнг уруш бошланди. Тошхон момо ва унинг оиласи жуда оғир кунларни бошидан ўтказди. Момо ўшанда айни ўйнаб-куладиган, ўсмир ёшдаги қизалоқ бўлган, шунга қарамай, маҳалла аҳли - қиз-аёллари билан бирга кечани кеча, кундузни кундуз демай, тинимсиз меҳнат қилди. Ҳатто, кечқурунлари "фонар" ёқиб, ғўза чопишган, пахта теришган.

- У кунларни эсласам, вужудимни титроқ босади, - дейди онахон. - Оғир меҳнатимиз эвазига бир кунда бир маҳалдан ярим коса атала, бир бўлак қора нон бериларди. Жуда кўплаб оилалар йўқчиликдан оғир аҳволга тушган, кўп норасидалар очлик туфайли нобуд бўларди. Уруш халқимиз бошига мана шундай қора кунлар солганки, айтиб адо қилиб бўлмайди.

Иккинчи жаҳон уруши, урушдан кейинги оғир кунларни, машаққат ва йўқчиликларни бошидан ўтказган Тошхон момо бугун 90 ёшни қарши олиб, тинч ва озод диёримизда набиралар, чеваралар қуршовида, бахтиёр ҳаёт кечирмоқда.

- Давлатимизга, ҳукуматимизга раҳмат, - дея суҳбатни давом эттиради Тошхон момо. - Бугун биз кексаларга юксак эҳтиром кўрсатилаётганлигидан бошим кўкка етади. Кексаларини ардоғлаётган юртимизга, тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.

Бугунги кунларга шукрона келтириб, ҳаётидан мамнун яшаётган онахон ҳалол ва меҳнаткаш халқимиз омонлигини, юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз тўкислигини тилаб қўлини дуога очди, "Илойим, шундай ҳаётимизга кўз тегмасин" дейди.

Хонадонларимиз тўрини Тошхон момо каби момоларимиз доимо нурга тўлдириб турсин. Зотан, уларнинг жасорати ва матонати бугунги гўзал ҳаётимизга тамал тошини қўйганлигини асло унутмайлик. Энг муҳими, диёримизда тинчлик-осойишталик барқарор, табаррук отахон-онахонларимиз омон бўлсин.

Хосият СИДДИҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди