Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 04.06.2015

2015 йил - кексаларни эъзозлаш йили

ЭЪЗОЗЛАРГА МУНОСИБ ОНАХОН

Ҳаётда шундай инсонлар борки, олиб борган ибратли ишлари билан эл-юрт ҳурматини топа олган, шу билан бирга, уларнинг, бирга, ҳаёти кўплар учун ибратга айланади.

Андижон шаҳридаги Ҳамид Қодиров маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Холидахон момо Зокирова ана шундай инсонлардан бири. Умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган, фаолияти давомида атрофидагиларга чинакам устозлик, ўрни келса, оналик, опалик, сингиллик намунасини кўрсата олган онахон бугун табаррук ёшни қаршилаб, фарзандлари, набираю чеваралари, маҳалла-кўй ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Асли азим Тошкент бағрида туғилиб, вояга етган Холидахон момо болалигидаёқ, яъни ўтган асрнинг 30- йилларида ҳаёт қийинчиликларини бошидан ўтказиб улгурганди. Тақдир тақозоси билан оиласи Тошкентдан Қизил Ўрдага кўчишади. У ердаги оғир ҳаёт, кўз ўнгида тузалмас касалликдан нобуд бўлаётган болаларни кўрган қизалоқ даҳшат нималигини ёш бўлса-да, англади. Кейинроқ яна она шаҳар - Тошкентга қайтган оила дилбанди Холидахон мактабда ўқишларини давом эттирди.

Ўша машъум 1941 йилнинг айни ёз палласи. Холидахон Зокирова мактабнинг 7- синфини тамомлаган эди. Ўшанда у Тошкентдаги тўққиз ойлик ўқитувчилар тайёрлаш курсига ўқишга кирди. Курсни тамомлагач, шаҳардаги 4- умумтаълим мактабида болаларга дарс бера бошлади. Ўқувчилар учун ҳар куни битта синфга 2 тадан буханка нон бериларди. Холидахон Зокирова ўша нонни бутун синфига бўлиб, ҳатто ушоқларигача боларга улашарди. Ана шу нон учун ҳам ўқувчилар дарсдан қолмасдилар. Айни уруш авж олган паллаларда бу жонсарак ёш мутахассис астойдил меҳнат қилди, болаларнинг аъло ўқишлари, покиза ва озода бўлишлари учун зарур барча ишларни қилди. Ҳатто, ўқувчиларининг сочларини ҳам ўзи тартибга келтирар, зарур бўлганда, уйидаги устарани олиб келиб, уларнинг сочларини олиб қўярди.

Бир воқеа Холидахон момонинг сира ёдидан чиқмайди. Сочлари ўсиб кетган ўқувчиларининг сочларини олиб қўяётганда, мактаб директори кириб қолади. Директорнинг ҳайронлигига жавобан куюнчак ўқитувчи: "Буларнинг оталари, акалари урушда бўлса, оналари дала, рўзғор юмушларидан ортиниб, болаларига вақти етмаётгани учун ҳам ғамхўрлик қиламан", деганди...

Уруш тугагач, Холидахон Зокирова Убайдулла Зуфаровга турмушга чиқади. Турмуш ўртоғининг суд тизимидаги фаолияти сабаб тўйдан сўнг янги оила Қашқадарёга кўчадилар. Холидахон момо ўша ерда ҳам ўқитувчилик фаолиятини давом эттиради. Ниҳоят, 1958 йилда турмуш ўртоғининг хизмати туфайли Андижон шаҳрига кўчиб келадилар. Шаҳардаги 10- , 15- , 47- умумтаълим мактабларида ўқитувчилик фаолиятини давом эттирган Холидахон момо ўзининг касбига фидойилиги, жонкуярлиги, талабчанлиги билан ҳамкабларининг, андижонликларнинг ҳурматини қозона олди.

Холидахон момо Убайдулла ота билан 51 йил ҳаётнинг паст-баланд сўқмоқларини бирга босиб ўтдилар. Уч қиз, беш ўғилни тарбиялаб, зиёли инсонлар қилиб, элга қўшдилар. Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг момо фарзандларига суяниб қолди. Бироқ оғир хасталик туфайли эрта вафот этган қизидан сўнг момонинг қадди анча чўкиб қолди:

- Инсон ҳамма нарсага чидаркан. Лекин она учун фарзанд доғидан ортиқ дард бўлмас экан, - дейди кўз ёшларини енги билан артаркан момо.

- Момо, ёнингиздаги қандай дафтар? - деб онахонни сўроққа тутаман.

- Бу кундалик. Шуни ёзиб, таскин топаман, қизим, - момонинг чеҳраси ёришади.

Кундаликни қўлимга олиб, ўқишга тутиндим. Момонинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, ўқитувчилик фаолияти, оиласи ва яна... бир қанча шеърларни ўз ичига олган дафтарда онахоннинг умр йўлларидаги айрим воқеалар, ҳикматлар баён этилганди. Холидахон момо шу ёшида ҳам қоғоз қоралаб шеърлар ёзиши, газета ва журналларни кўзойнаксиз бемалол ўқий олиши бизни ҳайрон қолдирди. Юртимизда ва дунёда бўлаётган янгиликлар ҳақида биз билан астойдил суҳбатлашди. Холидахон момо билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатимиз давомида у бугунги фаровон ҳаётнинг қадрига етишликни, тинчликни қадрлаш зарурлигини кўп таъкидладилар.

Ҳалол меҳнат рағбатсиз қолмайди. Холидахон момонинг меҳнатлари ҳам эътиборсиз қолмади. Давлатимиз томонидан момо "Шуҳрат" медали, қатор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланганлиги фикримизнинг исботидир.

Орамизда мана шундай табаррук нуронийларимизнинг яшаётгани, уларнинг ҳаёт йўллари бизларга ибрат, уларнинг борлиги - бахтимиз эканлигини унутмайлик.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2020 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди