Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 04.06.2015

Қадриятларимиз

ДЎППИ КИЙГАН ҚИЗЛАРГА ҲАММА ҲАВАС ҚИЛАДИ

МИЛЛИЙ ЛИБОС - ИНСОННИНГ ЎЗЛИГИНИ АНГЛАШГА, ҚАЛБИДА ВАТАНГА МУҲАББАТ ВА САДОҚАТ ТУЙҒУЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА

ЁРДАМ БЕРАДИ.

Шиддат билан ривожланаётган давримиз кишилари фикрлаш, кийиниш, яшаш тарзи баробарида замонга мослашиб бораётгани сир эмас. Бу жараён юртимизда ҳам қайсидир даражада давом этмоқда.

Тўғри, замон билан ҳамқадам бўлиш кераклигини ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ кийинишда миллийлигимизни унутмаслигимиз, хориж аёлларидай ўта замонавий, очиқ-сочиқ кийиниш миллатимизга хос эмаслигини асло ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Миллий либос қиз-аёлларимизга ўзгача кўрк бағишлайди, қолаверса, маънавиятимизни, миллий қадриятларимизни улуғлашга хизмат қилади. Шу ўринда миллий бош кийимимиз - дўппига бўлган бугунги муносабат ҳақида фикр юритмоқчиман. Назаримда бугун дўппининг қадри бироз тушиб кетгандай, айрим опа-сингилларимиз унга паст назар билан қараётгандай. Ҳатто, айрим қизлар уни кийишдан ор қилишади. Мана шундай қараш тобора оммалашиб бораётгани турли миллат, чет эллик ёшлар кийинишига кўр-кўрона эргашишнинг оқибати эмасмикан деб ўйлайман. Баъзида ўзим ҳам ана шундай қараш таъсиридан чиқиб кетолмай қоламан.

Лекин тан олиб айтишим керакки, онам ва бувижонимнинг с очларини майда ўриб, оқпар дўппида тушган суратларини кўрганимда, кўнглим ширин туйғуларга тўлади, кўзларим қувнаб кетади. Мен ана шу суратларда ўзбек қиз-аёлининг ҳақиқий сиймосини кўргандай бўламан.

Тенгдошларимнинг, қизларнинг дўппи кийиш ҳақидаги фикрларини билиш мақсадида уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлдим.

Диёра АБДУРАУФОВА, Асака тиббиёт коллежи ўқувчиси:

- Ҳозир мактаб ва коллежларда кўп қизлар дўппи кийишади. Очиғи, дўппи кийиб юрган қизларга ҳавас қиламан. Улардаги одоб, ҳаё ва ибо гўё дўппи билан янада гўзаллашгандай бўлади. Атлас, адрасдан либос, сочларини майда ўриб, бошига дўппи кийиб олган қизга ҳамма бирдек ҳавас қилиши аниқ.

Ойдиной МУҲАММАДЖОНОВА, АДУ қошидаги Асака академик лицей ўқувчиси: - Баъзи қизлар миллий либос, дўппи кийган қизларни замондан ортда қолиб кетган дея масхара қилишади. Аслида уларнинг ўзлари маънавияти қашшоқ, миллийлигимиздан узоқлашиб бораётганлардир. Уларга айтар гапим: дўппи киймасангиз, майли, фақат тенгдошларингизни замондан ортда қолган деб кўпчиликнинг орасида изза қилишга уринманг.

Бугун ёшлар орасида дўппи кийиш ҳақида фикрлар жуда кўп ва хилма-хилдир. Нима бўлганда ҳам, дўппи халқимизнинг миллий бош кийими, қадим қадриятимиз ҳисобланади. Унга ҳурмат билан қарашимиз лозим.

Инсоннинг кийими унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатиб туради. Хусусан, дўппи ҳам нафақат миллий кийимиз, балки бошқа турли вазифаларни бажариши билан ҳам аҳамиятлидир. Дўппидўз ҳунарманд момоларимизнинг айтишларича, "Дўппи бошни иссиқ-совуқдан, шамоллашдан, чанглардан сақлайди. Ўзбек қизларининг дастурхон атрофида, таом тайёрлаётганда ялангбош юриши одобсизлик саналади. Бундан ташқари, дўппи бошнинг давлати ҳисобланади. Уни авайлаб-асраш, оёқости бўлишига йўл қўймаслик керак. Ўз дўпписини йўқотиб қўйган кишида кўнгилсизлик юз беради".

Дўппига тикилган гуллар ҳам ўзига хос маъноларни англатар экан. Ўз пайтида дўппидўз сифатида элга танилган раҳматли бувим Тўхтахон Юнусова дўппи гуллари ҳақида гапириб берганди: "Дўппининг тепа қисмидаги тўртта гул эркаклар саломатлигини тўрт томондан ҳимоялаб туради. Четларидаги ўн олти гул эса бош кийим соҳиби болали ва оиласининг аҳил бўлиши тилагини англатади. Хотин-қизлар дўппиларидаги пат боғлами, қушлар тасвири оқилалик рамзи саналади. "Бодом" безаги эса ҳаёт ва унумдорликни тиловчи тимсолдир. "Илон изи" нақши эса турли балолардан асровчи тумор сифатида эъзозланади.

Ҳаётимизга "оммавий маданият" деб аталаётган ғарб урф-одатлари, ғарбона кийиниш кўринишлари кириб келаётган бир даврда миллий бош кийимимизни эъзозлаб, бошимиздан қўймай кийсак, бу миллийлигимиз, қадим қадриятларимизга бўлган ҳурматимизни кўрсатади. Ана шу қадриятни онгимизга чуқурроқ сингдириб борсак, ўзлигимизнинг чуқур илдиз отишига ҳисса қўшган бўламиз.

Нигора ЮНУСОВА, Асака шаҳри.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди