Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№23 дан: 04.06.2015

Ҳаёт - ибрат мактаби

ҲАЁТ СИНОВИ

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИБ ЎТГАН НОГИРОН ҚИЗНИНГ ДИЛ СЎЗЛАРИ

Ёшлигимда ўжар, гап уқмайдиган шаддод қизча бўлиб, баъзан катталар айтган гапларнинг аксини қилардим. Етти ёшарлигимда ўрикдан йиқилиб, юролмай қолдим. Уйдагилар кўп

қаратишди.

Шифокорлар оёғимни гипс қилиб, сўнгра шинага солишди. Уларнинг ёрдами билан оёққа турдим. Ўн олтига тўлганимда яна юролмай қолдим. Кўп йиғладим. Онам бечора ишга боради, уй юмушларини бажаради, менга қарайди. Икки йил аравачага михландим. Кейин аста-секин қўлтиқтаёққа ўтдим.

Бир йили ёзда дугоналарим билан тўйиб суҳбатлашиш илинжида уларни меҳмонга чақирдим. Улар кўнглимни кўтариб рақс тушишди, қўшиқ айтишди. Мен бахтиёр эдим. Бир дугонам: " Энди сен сира юра олмайсанми? Бу аҳволда сени ким келин қилади?" деди. Унинг гапидан танам музлади. Қизлар кетишгач, роса йиғладим. Ўйга толдим. Охири ҳали қараб тур, кўзлари тим қора, келишган, забардаст йигитга сендан аввал турмушга чиқаман, дедим. Шундай аҳд билан қўлтиқтаёқсиз юришга уриндим. Лекин, йиқилиб тушавердим. Қўлларим тилиниб, баданим кўкариб, юзларим шилинди. Хўрлигим кеди. Амаллаб кўчага чиқиб, ўтган-кетган билан озгина суҳбатлашиб ўзимни овутаман. Баъзи ёш болалар мазах қилишарди. Бора-бора кўчага ҳам чиқмай қўйдим. Дугонам тўғри айтибди шекилли, дедим.

Умрим шу зайлда ўтаётган эди. Кунларнинг бирида мени ногиронлар учун ёзилган байрам дастурхонига таклиф этишди. Айтилган жойга йўловчи машинада бордим-у, иккиланиб қолдим. Ҳамма мени бармоғи билан кўрсатаётганга ўхшади. "Келмасам бўлар экан" дейман ўзимга-ўзим. Ташкилотчиларнинг ёрдами билан ичкарига кириб, қўлтиқтаёғимни бир четга қўйдим-да, стол четидан жой олдим. Атрофимда ўтирган шерикларимга секин разм солдим. Уларнинг оёқ-қўли бутун. Қўлтиқтаёқлари йўқ. Яна ўзимдан хафа бўлдим. Пастроқ овозда саломлашдим. Улар алик олиб бош қимирлатиб қўйишди. Тузукроқ қарасам, ёнимда ўтирган уч аёлнинг бари кўрмас экан! Ғалати бўлиб кетдим. Ёнларидаги ҳамроҳлари уларга кимлар келгани, атрофдаги вазият, дастурхонда нима борлигини айтиб турибди. Гоҳида "Мана бундан еб кўринг" деб пишириқ ёки ширинлик тутади. Ёнимдаги аёлнинг чамаси икки яшар қизчаси ҳам бор экан. Танишдим. Қўшни тумандан бўлиб, ўқитувчи экан! Мактабда тарих фанидан дарс бераркан. Кўзи ожиз бўлишига қарамай институтда ўқибди! "Синфга қандай кириб- чиқасиз?" десам, "Қайинсинглим қарашади" дейди. Ҳатто, ўқувчилари орасида фан олимпиадаларининг ғолиблари бор экан.

- Қизимнинг пайпоқчасини кўряпсизми, чиройли эканми? - сўради ўша аёл кулимсираб.

- Ҳа, - дедим. Пайпоқ ҳақиқатдан ҳам бежирим эди.

- Ўзим тўқиганман. Бўш пайтларимда шунақа нарсалар тўқийман. Қайинсинглим бозорда сотиб келади. Ўз қишлоғимизда ҳам харидорлар талайгина.

Бу гапни эшитиб қотиб қолдим. Бир пайт даврани олиб борувчилар навбатни кўзи ожиз икки йигитга беришди. Улар мумтоз қўшиқларимиздан куйлашди. Кейин билсам, улар катта кўрик-танловларда қатнашишган экан. Буларни кўриб, ўзимда ўзгариш сездим. Улардаги ҳаётга меҳр, интилиш, шижоат мени руҳлантирди! "Қара, - дедим ўзимга-ўзим, - айримлари рангларни тасаввур эта олмаса ҳам, бошқалари ёқимли мусиқа, қушлар овози, инсон мақтовларини эшитишдан маҳрум бўлса ҳам, дунёни кўриш бахтидан мосуво бўлса ҳам олдинга интиляпти. Мен эса оёғимни тўғри босолмайман холос. Шу ишлар менинг ҳам қўлимдан келмайдими?".

Хуллас, байрамдан янги аҳд, янги ғайрат билан қайтдим. Уйга келгач, қўлтиқтаёқни улоқтириб, хассада юришни ўргана бошладим.

- Хассада - я? - деди онам коллежда ўқиш ниятимни эшитгач.

- Нима қилибди, бораверсин, - деди дадам. Шундан кейин ўқишга кирдим.

Коллежни битириб, тикувчи мутахассислигига эга бўлдим. Бу орада хасса билан хайрлашдим. Бироз оқсоқлансам ҳам энди ўзим юра оламан. Маҳалламиздаги катта чевар шогирдликка олди. Ўқиб ўрганганларимни амалда синашга ўтдим. Дангасалигим тутганда ўша тадбирни эсласам, яна ғайратим жўш уради. Коллежда олган билимим амалиётда жуда асқотди. Баъзида чевар хола ҳунарнинг сир-асрорларини тўлиқ ўргатишни хоҳламаётганини сезиб қоламан. Эҳтимол, мендан барибир чевар чиқмайди, деб ўйдагандир. Мен эса, уйимда ҳам жиддий шуғилландим. Газета-журналларни кузатдим, телевизор кўрдим - тажрибамни ошириб бордим. Бир йилдан сўнг устозим: "Энди ўзинг мустақил тикиб кўр" деб рухсат берди. Шундан кейин маҳоратимни ишга солиб устозга совға сифатида кўйлак тикдим. Чевар хола аввал ишонқирамай, чоклари, газлама гуллари бир-бирига мос келишини, ўлчовини узоқ вақт синчиклаб кўздан кечирди-да, мени маҳкам бағрига босди.

- Шогирдларимнинг ичида энг зуккоси экансан, - деди қувониб. - Мураккаб усуллардан фойдаланиб чиройли тикибсан. Баракалла!

Шундан кейин янада кўпроқ изландим. Бора-бора машҳур бўла бошладим. Қўшни маҳаллалардан ҳам буюртмалар тушди. Топишим яхши бўлиб қолди. Шунда ҳамма нарса инсоннинг ўз хоҳиш-иродасига, ғайратига, интилишига боғлиқ эканлигини англаб етдим. Инсон ожиз кўрингани билан астойдил бўлса, орзуси албатта ушалар экан.

Шуни ўйлаб янги кўйлак тикиб ўтиргандим, кўчада кимдир чақиргандай бўлди. Чиқсам, икки нотиниш аёл: қўлларида тугунлари бор, "Чевар қизнинг уйи шуми?" дейишди. Кўринишидан буюртма берадиганга ўхшашмади. Балки совчилардир? Хаёлимда шу савол уйғонди-ю, вужудимни хаяжон қоплади. Меҳмонларни онамга рўбарў қилгач, хонамга кириб ҳаяжонимни боса олмай йиғлаб юбордим...

Оққа кўчирувчи Ғуломжон ВОСИЛОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди