Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№31 дан: 30.07.2015

ФЕРМЕР АЁЛЛАРИМИЗ

МЕҲНАТ ҚИЛГАН ИНСОН КАМ БЎЛМАЙДИ,

- ДЕЙДИ ТАЖРИБАЛИ ФЕРМЕР СОҲИБАХОН ОПА АЗИЗОВА.

Бўз туманида Соҳибахон Азизовани кўпчилик нафақат фидойилик билан ишлаган муаллима, балки тажрибали фермер сифатида ҳам яхши билишади. Асли касби ўқитувчи бўлган Соҳибахон опа болалигиданоқ ерга меҳр қўйган. Ёшлигидан ота-онасига томорқа ишларида кўмаклашиб, мева ва сабзавотлар етиштириш билан боғлиқ ишларни ипидан игнасигача ўрганиб олган эди.

Келин бўлиб тушган хонадонда ҳам томорқа ишларинини бажаришни ташламади. Бундан, айниқса, миришкор деҳқон бўлган қайнотаси раҳматли Тўйчивой отанинг кўнгли кўтарилар, келинидаги деҳқончиликка бўлган қизиқишни кўриб қувонарди.

... Орадан йиллар ўтди. Соҳибахон Азизова кўп йиллар тумандаги 10- умумтаълим мактабида математика фанидан ёшларга сабоқ берди. 2000- йилларнинг бошларида жамоа хўжаликлари тугатилиб, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилган пайтлар эди. Ундаги ерга, деҳқончиликка бўлган меҳр ер олиб деҳқончилик қилишга, одамлар учун ризқ-насиба яратишга ундади.

Соҳиба опа оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, 2006 йилда ўзи яшаётган Деҳқонобод қишлоғида "Азизов Бегали" номли фермер хўжалигини ташкил этиб, 15 гектар ерда деҳқончилик қила бошлади. Бошиданоқ ишлар ёмон бўлмади. Тажрибали деҳқонларни ёнига олди, улар билан маслаҳатлашиб иш кўрди.

Соҳибахон опа ўтган йиллар давомида ер билан тиллашишни ўрганди, фермерлик соҳасида муайян тажриба тўплади, фаолияти кўламини кенгайтирди. Бугунги кунга келиб у раҳбарлик қилаётган хўжалик тасарруфида 44,5 гектар ер мавжуд. Фермер хўжалигида ҳар йили ғалла ва пахтадан мўл ҳосил олинади, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилади. Жумладан, жорий йилда ҳам 8 гектар ерга ғалла экилиб, гектаридан 60 центнердан ҳосил етиштирилди. Бу ишлар, албатта, ўз-ўзидан бўлмайди, унинг ортида тинимсиз меҳнат, катта ташкилотчилик, юқори ҳосил олишга бўлган интилиш ётади.

Айниқса, деҳқончиликда тажриба ва билим уйғунлашса, машаққатлар аста чекинаверар экан. Бундан ташқари, ҳар бир ишни тўғри ва ўз вақтида ташкил этиш ҳам самарали натижаларга олиб келишини Соҳибахон опа фаолияти давомида жуда кўп кузатган. Хўжалик аъзоларининг бошини бир ерга бирлаштира олган фермер уларнинг барчасини ўз оила аъзоларидек билди. Зарур пайтларда уларга моддий, маънавий кўмак беради. Шунинг учун ҳам фермер хўжалик аъзолари сидқидилдан меҳнат қиладилар. Бу эса эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.

- Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, - дейди фермер Соҳибахон опа ишонч билан. - Ерга эътибор берсангиз, у албатта, сизни боқади. Ернинг калити ҳақиқий деҳқоннинг қўлида. Чин дилдан ерга меҳр бериб ишлаган одамни ер алдамайди. Мен бунга ҳаёт йўлларим, фаолиятим мисолида кўп бор амин бўлганман.

Дарҳақиқат, Соҳибахон опа ҳар тонг дала айланишни канда қилмайди. Қаерга сув керак, қаерга ўғит керак, қайси пайкаллардаги ўсимликларни дорилаш зарур...- барчасини ўзи назорат қилади. Айниқса, об-ҳаво инжиқликларида ҳар бир ниҳол атрофида парвона бўлади. Яратиш, яшнатишдан куч олиб ишлаётган фермер аёл ер билан тиллашиб, диллашиб ишлайди. У ҳамиша "Ҳақиқий деҳқон шундай ишласинки, бундан давлат ҳам, жамият ҳам, ўзи ва яқинлари ҳам манфаатдор бўлсин" деган шиорга амал қилади.

Одамлар ишончи ва ҳурматини қозонган бу фермер аёл халқ депутатлари Бўз туман Кенгашига уч марта депутат этиб сайланган. Эл-юрт ишига фидойи, маҳалладошлари қайғу ва қувончига шерик бўлган Соҳибахон Азизова ўзини атрофидагилардан, халқидан айро тасаввур қила олмайди. Уларнинг ишончи ва қўллаб-қувватлашлари унга ҳамиша таскин беради.

Қаҳрамонимиз оилада ҳам бахтли, ҳавасга арзирли оила бекаси. Турмуш ўртоғи Иброҳимжон ака билан беш қиз, бир ўғилни тарбиялаб, элга қўшдилар. 17 набира, бир нафар чеваранинг қувончи бувию бобога бир олам завқ беради.

Самарали ва ҳалол меҳнат рағбатсиз қолмайди. Соҳибахон опанинг меҳнатлари ҳам эътироф этилган. У "Халқ таълими аълочиси" унвонига, "Шавкатли меҳнати учун" медали ва кўплаб фахрий ёрлиқларга сазовор бўлган.

Бугун орамизда Соҳибахон опа сингари фидойи ва меҳнаткаш аёлларимиз бор экан, қалбларимиз қувончга тўлади, уларнинг ўзига хос ҳаёти ва фаолиятлари бизга ҳамиша ибратдир.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди