Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№31 дан: 30.07.2015

ТАРИХИМИЗ ЗАРВАРАҚЛАРИДАН

ҚОЗИ ОНА

Андижон вилояти ўлкашунослик музейининг Шаҳрихон филиали илмий бисотида шаҳрихонлик Баҳрихон биби мулла Абдулло ҳожи қизининг ҳижрий 1335 йилда суд мажлисини муҳокама қилганлиги ҳақида тарихий маълумотнома сақланмоқда.

Ушбу маьлумотнома билан танишиб чиққач, 1997 йилдан бошлаб, Баҳрихон биби мулла ҳожи қизи ким эди, у қандай ишлар билан шуғулланган, деган савол туғилади. Унинг авлод-аждодларини излаб топиш мақсадида изланишлар олиб борилди. Ана шу изланишлар зое кетмади.

Тарихий манбаалар, қолаверса, кексаларнинг таъкидлашларича, ўтган асрларда Шаҳрихонда қозилик қилган қатор уламолар ҳақида маьлумотлар тўпланди. Улар Эшон Тўра қози, мулла Ғозиохунд қози, Саид Ғози қози, Мулла Муҳаммаджон қози, Мулла Салоҳиддин қози, Катта Эшон қози, Имин ҳожи Эшон ўғли, мулла Абдурасул қози ва Баҳрихон биби мулла Абдулло қизидир.

Баҳрихон биби мулла Абдулло қизи она томонидан Қўқон хони Худоёрхонга яқин қариндош эди. У шаҳрихонлик Ғозиохунд қозининг турмуш ўртоғи бўлган. Улар бирга умргузаронлик қилиб, 8 нафар фарзандли бўлишиб, уларни ўқимишли, одоб-аҳлоқли қилиб тарбиялаганлар. Фарзандларнинг барчаси олий маълумотли кишилар бўлган, самарали фаолият олиб борганлар. Шаҳрихондагина эмас, бутун республикамизда таниқли кишилар бўлиб етишишган. Улардан Отахон мақсум таниқли архитектор, Нўьмонжон ва Иброҳимжон мақсумлар савдогар, Жаҳонгир мақсум, Оқилахон, Ибодашхонлар олий маьлумотли ўқитувчи, Набижон мақсум шифокор-профессор, Хусанжон Ғозиев эса ўзбек тили грамматикаси китобини ёзган олим бўлиб етишган. Барча фарзандларининг зиёли бўлишида Баҳрихон бибининг улкан ҳиссаси бўлган, албатта.

Баҳрихон бибининг турмуш ўртоғи Ғозиохунд қози Қосимохунд ўғли 53 йил давомида қозилик лавозимида ишлаган.

Сир эмаски, ўтмишда қозилик мансабини эгалламоқчи бўлган киши, энг аввало, мусулмон, ақли расо, муомалага лаёқатли, фикҳ илмидан яхши хабардор, шунингдек, фуқороларнинг ҳақли талабини қондирадиган қарорлар қабул қила оладиган, адолат ва эзгулик тарафдори бўлиши талаб этилган. Турмуш ўртоғи Ғозиохунд қозилик лавозимида ишлаган Баҳрихон бибида ҳам ана шу жиҳатлар бор эди. У эридан қозилик фаолияти билан боғлиқ кўп жараёнларни ўрганган.

Ўша даврлар, яъни XIX- асрнинг охирларига қадар қозининг ишларини осонлаштириш ва уларга зарур маълумотларни топиб беришга ёрдамлашадиган, шариат аҳкомларини яхши биладиган муфтийлар фаолият олиб борган. Муфтий шариатдаги турли ҳуқуқ соҳаларини тушунтириш билан шуғулланса, қози шу ҳуқуқ меъёрлари асосида аниқ қарор ва ҳукмлар қабул қилган.

ХХ аср бошларида қозилик, яъни суд соҳасида мустабидлик сиёсати очиқ - ойдин кўринарди. Маҳаллий қозилар Ҳоким Тўра (пристав) томонидан айтилган "кичик" ишларнигина кўрганлар. Улар 6 ойгача бўлган муддатга жазо белгилай олганлар, холос.

Ўша даврларда шикоят тушгач, жавобгар шариат бўйрасига (қамишдан тўкилган тўшама) устига макка дони сепилиб, жавобгар унинг устида тиззалатиб юргизиларди, қўлларига муқаддас Қуръон китоби тутқазилиб, фақат рост сўзлашга онт ичтирилган. Ҳақиқат аниқлангач, муфтийлар билан маслаҳат қилиниб, тегишли хулоса чиқарилган.

Баҳрихон биби ислом ҳуқуқи соҳасида чуқур билимга эга бўлган. У 1925 йилларгача қозилик лавозимида одилона иш юритган. Ҳар қандай масалани ҳал этишга йўл топа олган. Шу боис ҳам у халқ ичида "Қози она" деган ном олган эди.

Ўз даврида Ғозохунд қози билан Баҳрихон қози она халқни зиёли бўлишга чақирган, ёшларни мадрасаларда илм олишга чорлаганлар.

Айниқса, Баҳрихон биби қиз ва аёлларга, энг аввало, оиласини мустаҳкамлаш, фарзандларини яхши тарбиялаш, ўқитиш бўйича йўл-йўриқ, маслаҳатлар берган. Хусусан, Шаҳрихонда отинча ва отинбибиларнинг сафини кўпайтиришга ҳаракат қилган.

Баҳрихон биби Тожибиби отин, Мужганой отин, Мунисхон отин, Қурвонбиби отин, Майрамхон отин, Шодмонбиби отин, Ойимсоч отин, Аълохон отин, Лобархон отин, Ҳабибахон отинбибиларни ўқитган. Уларга ҳар жиҳатдан кўмак берган. Ана шу зиёли аёллар шаҳрихонлик аёл-қизларнинг илмли, зиёли бўлишларида, шубҳасиз, катта ҳисса қўшганлар.

Баҳрихон қози она ҳам уйида мактаб очиб, аёл ва қизларни ўқитган. Баҳрихон қози она ҳақида унинг чевараси Шаҳзода опа Орипова шундай ҳикоя қилади:

- Қози онамиз меҳр-оқибатли, беозор, элу юрт ташвишида яшаб ўтган аёл эди. У кишининг ҳаёт йўли биз учун ибрат мактаби бўлган. Бу одамийлик, одоб-аҳлоқ мактаби эди.

Дарҳақиқат, тарихда ўзбек аёллари орасида ўқимишли, тадбирли опа-сингилларимиз жуда кўп бўлган. Шаҳрихонлик Баҳрихон қози она фаолияти ва ҳаёти бунга ёрқин бир мисолдир.

Тўлқинжон ҚЎЛДОШЕВ, Андижон вилояти адабиёт ва санъат музейи

директори.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди