Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№31 дан: 30.07.2015

МАСЛАҲАТ

ЭРИМНИ ЙЎЛГА СОЛОЛМАЯПМАН…

"... Турмуш ўртоғим иккимиз ҳам олий маълумотлимиз. Икки нафар фарзандимиз бор. Оиламиз эҳтиёжларидан орттириб, оз-моз пул жамғарган эдим. Эримга оилавий корхона ташкил қилиб, тадбиркорлик ишини йўлга қўйишни маслаҳат солдим. Гапларимни диққат билан эшитадилару, аммо ҳеч олдинга қадам қўймайдилар. Бунақа ишларда эркак киши дадил бўлиши керак экан. Эрим ҳеч таваккалчиликка қўл уролмайдилар. Буёғи болаларимиз ҳам улғайиб келяпти. Улар ўқиши, жамиятда ўрнини топиши керак. Вақти-соати келиб болаларни уйли-жойли қилишимиз керак. Албатта, буларнинг ҳаммасига маблағ зарур бўлади. Имкониятимиз, билимимиз, куч-ғайратимиз бор экан, булардан фойдаланишимиз керак эмасми? Фақат ойлик маошга қараб ўтириш ҳам яхши эмас. Эримни қандай йўлга солишни билмайман. Илтимос, маслаҳат беринг...

Нодира, Асака тумани".

Таҳририятимизга келган ушбу мактубга вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Тадбиркор аёл" уюшмаси раиси Саидахон Муҳиддинова шундай муносабат билдиради:

- Фикрингиз тўғри, касбингиздан таш-қари қўшимча тадбиркорлик ишингиз бўлгани маъқул. Фақат бир нарсани унутманг - ўзингиз бажармоқчи бўлган ишингизни яхши тушунишингиз керак. Дейлик, тикувчилик цехи ташкил қилмоқчисиз. Бунинг учун сиз тикиш-бичиш ишларидан ўртамиёна чевардан кўра яхшироқ бохабар бўлишингиз керак. Савдо ва тижорат ишлари ҳам шундай. Ўз билганингизча ўзингизга бегона соҳага киришингизни маслаҳат бермаймиз. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйлаган режангиз ўринли. Турмуш ўртоғингиз билан яна бир бор гаплашиб кўринг. Сиз режа ва мақсадларингизни айтинг. У ҳам мулоҳазасини ўртага ташласин. Шунда турмуш ўртоғингиз нимадан чўчиётгани ёки нималарнидир ўйлаб бу ишни пайсалга солаётганини биласиз. Агар тадбиркорлик сари жиддий одим ташлашни ният қилган бўлсангиз, унда қуйидаги тавсияларимиз сизга асқотади, деган ниятдамиз.

ТАВСИЯЛАР

* Тадбиркорлик - шахсий даромад, фойда олишга қаратилган фуқароларнинг мустақил фаолияти. Бу фаолият ўз номидан, ўз мулкий масъулияти ва юридик шахснинг юридик масъулияти эвазига амалга оширилади. Тадбиркор қонун томонидан таъқиқланмаган барча хўжалик фаолияти, шу жумладан, воситачилик, сотиш, сотиб олиш, маслаҳат бериш, қимматбаҳо қоғозлар билан иш олиб бориш билан шуғулланиши мумкин.

* Тадбиркорлик ишини йўлга қўйиш учун имкон борича қарз олмаслигингизни тавсия қиламиз. Ҳар қандай ҳолатга тайёр туринг. Аввало, бошлаган ишингиз бароридан келсин. Бироқ ишингиз юришмай, кўнглингиздаги мўлжални ололмай қолсангиз, қарз дард устига чипқон бўлмасин.

* Ўзингиз тушунадиган, биладиган ва агар иложи бўлса, мутахассислигингизга яқин йўналишларда тадбиркорлик ишларини йўлга қўйганингиз маъқул. Масалан, ўқитувчи бўлсангиз, абитуриентларни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёрлов курслари ёки боғча ҳамда кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун ўқув марказлари ташкил қилишингиз мумкин. Айтмоқчимизки, ўзингиз тушунадиган, биладиган соҳада тадбиркорлик ишини бошласангиз, қийин вазиятлардан қандай чиқиш йўлини ҳам биласиз.

* Фаолиятингизнинг дастлабки кунлариданоқ ишчи муҳити ва меҳнат маданиятига эътибор қаратинг. Агар яқинларингиз ҳам ёнингизда ишлайдиган бўлса, уларга ишларини тақсимлаб беринг-да, ҳар бирининг вазифасини кузатиб боринг. Ишда қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўйиб бўлмайди. Айниқса, тадбиркорлик ишида. Ҳисобли дўст-айрилмас, деган нақлни унутманг.

* Тадбиркорликда оилавий тадбиркорлик тури энг фойдали ва баракали бизнес ҳисобланади. Дейлик, сизда пул бор, турмуш ўртоғингизда эса яхшигина бизнес лойиҳа. Маблағ ва пухта ўйланган лойиҳа бирлашса, ҳам сиз, ҳам оилангиз, ҳам жамият фойда кўради. Яқинларингиз билан маслаҳатлашинг, аммо ўзингизда узоқни кўра оладиган ўткир кўз бўлсин.

* Энг муҳими, сиз пул топаман, катта даромад оламан, бойиб кетаман, деб эмас, бошламоқчи бўлган ишингиз ўзингизга ёққани учун унга қўл уринг. Бажараётган ишингиздан завқланинг. Ишингизга ижодий ёндошинг. Тадбиркорлик- янгилик яратиш демакдир. Балки сиз қилмоқчи бўлган ишни аллақачон бошқалар қилган ва яхши натижаларга эришган бўлиши мумкин. Аммо сиз ўзига хос янгилик яратинг. Яъни, оддий озиқ-овқат дўкони очиб, тижорат ишларини йўлга қўймоқчимисиз? Унда дўконларни айланиб, кузатиб чиқинг-да, уларнинг ҳеч бирида бўлмаган сервис тури ёки бошқа бир жиҳатни ташкиллаштиринг. Ана шунда сиз ҳақиқий тадбиркор бўла оласиз!

УМИДАХОН ёзиб олди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди