Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№35 дан: 27.08.2015

БУГУННИНГ ГАПИ

ҚЎШИҚ - ТАРБИЯ ВОСИТАСИ

ёхуд бугунги қўшиқлар савияси ҳақида мулоҳазалар

Санъат, хусусан, яхши қўшиқ инсонга завқ бериш билан бирга, эстетик тарбия воситаси эканини ҳам унутмаслигимиз керак. Қўшиқчилик ҳақида гап кетганда, бугунги кун қўшиқларининг савияси, уларнинг тингловчига қай даражада маънавий озуқа бера олиши, қўшиқчининг кийиниш маданияти, саҳнада ўзини тутиш одоби хусусида турли фикрлар айтиш мумкин. Очиғи, ана шу саволларга ҳамиша ҳам ижобий жавоб айта олмаймиз.

Бугун қўшиқчилик санъати, хусусан, эстрада йўналишида самарали ижод қилаётган хонандалар оз эмас. Уларнинг хонишларини сизу биз ҳам берилиб тинглаймиз. Ойнаи жаҳонда ёки радиода қўшиқлари янграса, ҳатто бирга хиргойи қиламиз.

Кейинги пайтларда машҳур хонандаларнинг дилга яқин ашулаларини қайта куйлаш яхшигина урфга айлангани сир эмас. Ҳатто, бу борада аёл қўшиқчиларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланади. Бироқ уларнинг эркак хонандалар томонидан ижро этилган қўшиқларни қайта ижро этишларида номутаносиблик бордай назаримда. Ўз даврида жуда машҳур бўлган, Камолиддин Раҳимов томонидан ижро этилган "Наргис" қўшиғини эсланг. Қўшиқнинг ёш хонанда Наргиз томонидан айтилган бугунги варианти ҳам ёмон эмас. Аммо қиз боланинг қизлар ҳақида "ёниб" куйлаши қулоғингизга "бошқача" эшитилиши табиий.

Яна бир мисол. Эл суйган, машҳур хонанда Насиба Абдуллаева ижоди мухлисларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Бироқ бу хонанда ҳам қайта куйлаш "санъати"да ўзини синаб кўришни маъқул топибди. Марҳум хонанда Муҳриддин Холиқовнинг "Сени Лайлим..." дея бошланувчи машҳур қўшиғини қайта халққа ҳавола этди. Хонанда ашуланинг айрим сатрларини ўзига (аёлларга хос қилиб) мослагану, лекин барибир қайсидир мисралари ўз ҳолида қолган.

Қўшиқчилик хусусида сўз кетар экан, ўз ўрнида санъаткорларнинг саҳнада ўзини тутиши, кийиниш маданияти тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Саҳна ва телевизор қаршисидаги томошабинлар хонанданинг хатти-ҳаракатини жуда тез ўзлаштиришга, уларга тақлид қилишга иштиёқи баланд бўлади. Бу борада, айниқса, қизларнинг устунлиги яққол кўринади.

Райҳон Ғаниеванинг охирга концертидаги бир ҳолатни олайлик. Унда хонанданинг таниқли эстрада юлдузи Лола билан куйлаган "Кўникмадим" номли дуэт таронасини кўрмаган одам бўлмаса керак. Айниқса, Лоланинг кийиниш услуби ҳеч кимни "бефарқ" қолдирмагандир?! Саҳнада алвон рангли ярим яланғоч либосда пайдо бўлган Лолани мухлислар олқишлашни ҳам, олқишламасликни ҳам билмай ҳайронликлари ошган бўлса не ажаб?!

Миллионлаб мухлислар қаршисида бундай кўринишда қўшиқ куйлаш миллий менталитетимизга тўғри келармикан? Ўсиб келаётган қизлар шунга ҳам тақлид қилиб кўрмайди, деб ким кафолат беради? Тўғри, интернет сайтидан олинган маълумотларга қараганда, Лола ўша концертдаги кўриниш учун мухлислардан кечирим сўраган. Аммо ана шу нарса аввалдан ўйланганда эди, хонандага нисбатан мухлислар ҳурмати янада баландроқ бўлар эди.

Шу ўринда айрим юртдошларимизнинг мавзу доирасидаги фикрлари билан қизиқдик.

Нафиса АБДУЛЛАЕВА, Андижон иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси:

- Бугун фарзандларимиз севиб тинглаётган аксар қўшиқлар аслида, умуман, эшитишга нолойиқ назаримда. Аллақандай мусиқий гуруҳлар томонидан ижро этилаётган айрим ашулаларни, ҳатто ашула деб айтишга ҳам ўйланасан киши. Қўшиқ сўзларида на маъно топа оласиз, на бир савия... Писта чақишни элга ўргатаётган "Манго" гуруҳи йигитлари, наҳотки, шу мавзуда қўшиқ айтишни ўзларига муносиб кўрган бўлсалар?! Ёки севган қизининг дугоналарига "эрга тегишни" маслаҳат бераётган Жасур Умировни олайлик. Уни кўпчилик ёшлар севиб тинглашади. Аммо айрим қўшиқларидаги бу каби маданият, одоб-аҳлоқ доирасидан четга чиқишлар маънавиятли тингловчига ёқмаслиги аниқ. Шу ўринда баъзи аёл хонандаларнинг саҳнада кийиниш маданиятига беэътибор бўлаётганликларини ҳам алоҳида таъкидлашни истардим. Ахир уларга қараб бизнинг ўқувчи қизларимиз, ўсиб келаётган ёш авлоднинг қўшиқчилар ҳақидаги дунёқараши шаклланади-ку? Улар кийган ярим яланғоч либос қайси ахлоқ мезонларига тўғри келади? Санъат кишилари халққа намуна бўлиши лозим. Улар томошабин маданияти, савияси билан ҳисоблашишлари керак. Яъни, саҳнага чиқиб, ўз истеъдодини намойиш этаётган ҳар битта санъаткор томошабинни ҳурмат қилиши, саҳна маданиятига риоя этиши керак.

Феруза МИРЗАОЛИМОВА, журналист:

- Ҳар бир ашула аслида халқ маънавиятига, киши маданиятининг юксалишига қайсидир даражада таъсир кўрсатади. Бугун ёшларимиз севиб эшитаётган айрим қўшиқлар Ғарб мамлакатларидан кириб келаётган "оммавий маданият" деб аталувчи қусурнинг кўринишларини ўзида мужассам этаётгандай назаримда. Бундай салбий ҳолатнинг олдини олиш учун, энг аввало, ана шу ашуланинг яратилиш жараёнида шеър матнига, мусиқага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шундай экан, қўшиқ тинглаётиб, унинг сўзларига ҳам диққатимизни қаратайлик. Ашулада, аввало мантиқ бўлсин. Мантиқсиз шеър, қўшиқ тузсиз таомдай гап. Уни тинглаб роҳат ололмайсиз. Шу ўринда ана шундай қўшиқларни элга, оммага тақдим қилаётган айрим хусусий телерадиоканаллар мутассаддилари ана шу мавзу ҳақида ўйлаб кўрсалар яхши бўларди.

Шоирахон АХМЕДОВА, ўқитувчи:

- Кейинги йилларда клипсиз қўшиқ деярли яратилмаяпти. Лекин айрим қўшиқларга ишланаётган клипларни кўриб, таажжубдан ёқа ушлайди киши. Шарқона тарбия мезонларидан йироқ, на мазмун, на мантиқ бўлмаган ана шундай клиплар халқимиз, айниқса, ёшлар тарбиясига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Умуман, клиплар, унинг мазмун-моҳияти масалалари мутасадди ва мутахассислар томонидан жиддий кўриб чиқилиши керак.

* * *

Юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, аввало, ҳар бир санъаткорнинг ижод маҳсули - қўшиқ сон жиҳатдан эмас, сифат жиҳатдан таҳсинга сазовор бўлсин, мухлис эътиборини торта олсин. Чунки қўшиқ - тарбия воситаси, халқимиз маънавиятининг юксалишига ёки савиясизликка олиб келишини ҳеч қачон унутмайлик. Санъаткорлар эса ҳамиша саҳна маданияти, миллий қадрият, халқимизга хос одоб-аҳлоқ, томошабин ҳурмати деган тушунчаларни қадрлашларини жуда-жуда истардик.

Мазкур мавзу юзасидан муштарийларимизнинг фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди