Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№36 дан: 03.09.2015

САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК

ЭЗГУЛИКНИНГ ОЙДИН ЙЎЛЛАРИ

Ушбу саҳифада Избоскан туманидаги Боқижон Маҳмудов номидаги хусусий корхонага қарашли "Диагностика ва даволаш" шифохонаси фаолияти хусусида сўз юритилади.

СЎЗИДА СОБИТ ШИФОКОР

Инсон бирор бир ишни бошлашга ахд килдими, у йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга, бошлаган ишининг охирига етишга ўзида куч топа олади. Бунинг учун кишида истак, интилиш, мақсад йўлида қатъийлик бўлса бас. Ахир муқаддас китобимизда ҳам "сендан ҳаракат, мендан баракат" деб бежиз битилмаган.

Боқижон Маҳмудов. Бу инсон бугун нафақат вилоят тиббиёт ходимлари орасида, балки республика миқёсида ҳам алоҳида мавқега, ҳурмат-эътиборга эга шифокорлар қаторида эътироф этилади. Чунки тиббиёт фанлари номзоди, доцент Боқижон ака ўзининг эл-юрт равнақи, одамлар саломатлигини сақлаш йўлидаги кўплаб ҳайрли ва эзгу ишлари билан ана шундай эътирофга сазовор бўлган тажрибали шифокорлардандир.

Қарийб 30 йил Андижон давлат тиббиёт институтида бўлажак шифокорларга сабоқ берган домла нафақага чиқди-ю, ўзи туғилиб ўсган Избоскан туманида аҳолига қулайлик яратиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини янада юксалтириш ишига ҳисса қўшиш мақсадида хусусий шифохона очишни дилига тугди.

Бир неча йил аввал хизмат юзасидан Избоскан туманида бўлганимда домланинг ана шундай ҳайрли иш ҳаракатида эканлиги ҳақида эшитиб, у киши билан суҳбатда бўлгандим. Домла бино масаласидаги муаммолар ҳақида куюниб гапирганди. Кейинроқ газетамизда "Шифокор ўзи хомий…лекин ёрдамга муҳтож…" номли мақола чоп этилди. Шундан кўп ўтмай, қолаверса, домланинг елиб-югуришлари билан бино масаласи ҳал этилди. Ўша пайтдаги туман раҳбарлари, мутасаддилари ҳам домлани қўллаб-қувватлашди.

Туман ҳокимлиги томонидан туман марказида бўш, фойдаланилмай турган бино ажратиб берилди. Унинг ўрнида уч қаватли мухташам бино қурилди. Тиббиёт асбоб-анжомлари билан жиҳозланган, даволанувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган даволаш маскани ишга тушиб, аҳолига хизмат кўрсата бошлади. Албатта, бу ишлар ўз-ўзича, осонлик билан бўлгани йўқ. Тегишли ташкилотлардан рухсатномалар олиш, қурувчиларга қурилиш-таъмирлаш ашёлар етказиб бериш, электр, газ таъминотини йўлга қўйиш, буларнинг бари тинимсиз елиб-югуришлар туфайли амалга ошди. Боқижон ака ҳаммасининг уддасидан чиқди. Сўзида собит туриб, даволаш муассасасини ишга туширди. Айниқса, ўғли Абдумажиднинг ота касби - шифокорликни эгаллаганлиги, унинг ёнига кириб, яқиндан ёрдам берганлиги ишларнинг самарали бўлишида муҳим роль ўйнади.

САХИЙЛИК - БАРАКА КЕЛТИРАДИ

Дастлаб ўн ўринга мўлжалланган шифохонага юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар келтирилди. Зарур тиббий асбоблар, УЗИ ЭКГ аппаратлари ўрнатилди, лаборатория ва физиотерапия хоналар хам керакли ускуналар билан таъминланди. Хуллас, даволаш ишларини олиб бориш учун зарур барча ишлар бажарилди.

Боқижон аканинг раҳматли отаси "Ҳаётда сахий бўлсанг, ишингда қут-барака бўлади" деган ўгитни кўп такрорларди. Ана шу ўгитни шуурига сингдириб олган шифокор янги бошлаган ишида ҳам сахийлик йўлини тутди. Ўшанда домла аҳоли манфаатини ўйлаб, одамларга енгиллик бўлсин, деб пуллик хизматни 30-40 фоизга арзонлаштирди. Кексалар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар вакиллари эса бепул даволашни жорий этди. Ана шу сахийлик, мурувват ортидан кўплаб беморлар ўз саломатликларини тиклаб олдилар. Уларнинг дуолари, қолаверса, мана шундай хайрли ишлари ортидан одамлардан олган раҳматлар туфайли домланинг ишлари юришиб кетди.

Муассасага тажрибали, ширинсўз ходимлар ишга жалб этилди. Кейинроқ муассасада мижозларнинг шароитларига караб қатор имтиёз ва қулайликлар яратилди. Кўрсатилган хизмат учун энг арзон нархлар белгиланди. Аввал даволаниб чиққанлар учун кейинги текширишлар бепул ўтказиладиган бўлди.

ЗАМОНАВИЙ АППАРАТЛАР, АНИҚ ТАШҲИС ВА САМАРАЛИ ДАВО

Фаолиятнинг дастлабки йилларида "Ҳамкорбанк" томонидан 70 миллион сўм кредит олиниб, УЗИ 3 Д аппарати, физиотерапия аппаратуралари, биохимик анализатор ҳамда ИФА анализатор аппаратлари сотиб олинди.

Бугунги кунга келиб муассасанинг моддий-техника баъзаси мустаҳкамланиб, илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланган. Хусусан, эхокардиография, физиотерапия, биохимик анализатор аппаратлари, ИФА анализатори (қондаги бир қатор вирусли инфекцияларни аниқлаш имконига эга) ишлаб турибди. Бундан ташқари, янги УЗИ аппарати ёрдамида қорин бўшлиғи, юрак-кон томир касалликлари, қалқонсимон без, аёлларнинг касалликлари бўйича махсус текширувлар ўтказиш йўлга қўйилган. Шунингдек, бўғим касалликларини аниқлаш учун замонавий ультратовуш аппаратидан фойдаланилмоқда. Муассасада ишлатилаётган илғор жиҳоз ва аппаратлар аниқ ташҳис қўйиш имконини ҳамда даволаш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Яқинда муассасага "ИФА" русумидаги янги аппарат олиб келиб, ўрнатилди. Яқин кунларда мазкур аппарат ёрдамида қондаги гармонларни, ўсма касалликлари ҳамда бефарзандлик бўйича гармонал текширувлар ўтказиш ҳам йўлга қўйилади. Келгусида эса даволовчи сув ванналарини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Буларнинг бари албатта, шифохонада даволанувчиларнинг тўлақонли тиббий текширувдан ўтказиш, самарали даволаш имконини янада кенгайтиради.

ШИФОКОРЛАРГА МИНГ РАҲМАТ!

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган У-629-02 сонли лицензия асосида фаолият олиб бораётган мазкур шифохонада ўтган тўққиз йил ичида минглаб беморлар даволандилар. Хизмат кўрсатиш, кўлами, сифати ва савияси ҳам йилдан-йилга ортиб боримоқда. Мижозларнинг аксарияти шифохона фаолиятидан хурсанд бўлмоқда. Буни айрим даволанувчиларнинг гап-сўзларидан ҳам билиб олишимиз мумкин.

- Кўп йиллардан буён буйрак хасталиги билан азият чекаман,- дейди Бухоро вилоятидан келиб даволанаётган Робияхон ая Мамажонова. - Жуда кўп шифохоналарда даволандим, фойдасини унчалик билмадим. Боқижон Маҳмудов ташкил этган шифохона ҳақида эшитиб, шу ерга келдик. Даволандим, ўзимда ижобий ўзгаришларни сездим. Мана 7 йилдирки, ушбу шифохонага йилда бир марта келиб, саломатлигимни тиклаб кетаман. Каерга борсам, операция килдиришим кераклигини айтишарди. Бу ерда эса тиғ теккизмай даволашяпти. Уларга минг раҳмат!

Бугун 20 ўринга эга бўлган ушбу шифохонада беморларнинг ётиб даволанишлари учун барча шароитлар яратилган. Уч маҳал витаминларга бой иссиқ овқат тайёрлаб берилади. Шунингдек, фитобар ташкил этилган. Энг муҳими эса беморларнинг аксарияти шу ерда дардларига даво топмоқдалар. Даволанувчилардан шифохонанинг малакали шифокорлари Боқижон Маҳмудов, тиббиёт фанлари номзоди, доцент, кардиолог Кобилжон Турғунов, Абдумажид Маҳмудов ҳамда катта ҳамшира Дилрабо Йулдошева ўз ёрдамларини аяшмайди. Чиройли муомалага эга ширинсўз ана шу шифокорлардан барча бирдек мамнун.

ЯХШИ СЎЗ - ЭНГ БИРИНЧИ МУОЛАЖА

- Шифокорлик мураккаб ва масъулиятли касб, - дейди тажрибали шифокор Боқижон ака Маҳмудов. - Айниқса, ҳар куни, ҳар соат ўзингнинг кимгадир кераклигингни ҳис этиб яшаш менга янада катта масъулият юклайди. Дарддан фориғ бўлган беморнинг кўзлари нурга тўлиб, "Раҳмат, дўхтир!" деган сўзларини эшитганимда эса барча чарчоқларим унут бўлади.

Истардимки, ҳар бир шифокор беморни қалбдан тушунсин, дардига даво топиш учун бор имкони ва маҳоратини ишга солсин. Шунчаки ишламасин, дилдан, ёниб ишласин. Шундагина у яхши шифокор сифатида албатта, одамлар ҳурмат-эътиборини топа олади.

Шифокор беморга ўзининг борлигини англата олиши керак. Кўпинча қабулимизга келган беморларнинг кўзларида хавотирни кўраман. Шундай пайтда биринчи қиладиган ишим бемордаги кайфиятни ўзгартириш бўлади. Чунки бемордаги тушкун кайфият касалликка қарши муолажада самарани бермайди. Яхши сўз беморни даволашда энг биринчи муолажадир . Беморнинг қалбидан касаллиги ҳақидаги шубҳа-ю гумонни чиқариб ташлайман, сўнг амалий муолажалар орқали даволашни бошлайман. Беморда даволанишга қатъий ишонч ва тузалиб кетишга бўлган иштиёқни уйғотаман. Шундагина муолажалар ўз самарасини беради.

Ҳа, Боқижон ака Маҳмудовни билганлар ўз ҳаётий фалсафасига, ўзига хос даволаш услубига эга тажрибали шифокор деб эътироф этадилар. Домла буни нафақат сўзда, балки амалда ҳам намойиш этмоқда. Ўзи ташкил этиб, самарали фаолият олиб бораётган шифохона фаолияти, у кишининг одамларга кўрсатаётган кўпдан-кўп ёрдамлари, олиб бораётган ҳайрли ишлари фикримизга яққол мисолдир.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди