Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№38 дан: 17.09.2015

КЕЧИНМА

"БИРОВНИНГ ҲАЁТИДА ЯШАЯПМАН"

Кўпчилигимиз эркак кишининг кўнгил очиш, дардини бўлишиш истаги ҳақида эшитганимизда, истеҳзо билан куламиз: "Тавба, эркаклар ҳам дардини дийдиё қилиб юрса-я?!"

Аммо бир ҳақиқатни мулоҳаза қилмаймиз - эркак ҳам инсон. Унинг ҳам кўнгли, изтироблари, дардлари бор. Шунингдек, эркак ҳам кимгадир кўнгил очиб, дардларини бўлишгиси, кўнгил изтиробларини кимгадир айтгиси келади.

Исми-шарифи кўрсатилмасдан таҳририятга юборилган бир мактубни ўқиб, ўйга ботдим. Мактуб эгасига қандай маслаҳат беришни билмадим. Шунинг учун унинг илтимосини бажариб, хатини газета саҳифаларида чоп этишни маъқул кўрдим. Зора, унинг айтганлари ўз эгаларига етиб бориб, жамиятимиздаги бир иллат барҳам топишига ёрдам берса.

* * *

"Ёшим ўттиз иккида. Рисоладагидек оиланинг фарзандиман. Олий маълумотлиман. Давлат ташкилотида, нуфузли лавозимда ишлайман. Оилали, уч фарзанднинг отасиман. Четдан қараганда кўпчилик менга ҳавас қилади. Ҳақиқатдан ҳам оилам, ота-онам, мен туғилиб, тарбия топган муҳит ҳавас қилса арзигулик. Моддий-маънавий жиҳатдан тўкис гўшада улғайдим. Беш нафар қиздан кейин ота-онам тилаб олган ўғил фарзандман. Болалигимда бундан фахрланардим. Чунки ҳамма нарсанинг яхшиси менга аталарди. Опаларим бири қўйиб бири менга ғамхўрлик қилар, эркатой, арзанда ўғил эдим. Йиллар ўтиб, улғайганим сари эркатойлигим мени инсонга, эркакка хос ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум эта бошлади. Онам хоҳлаган кийимни киярдим, онам хоҳлаган таомни ейишга мажбур эдим. Ҳатто қайси китобни ўқиб, қайси касбга қизиқишим кераклигини ҳам онам белгилаб берганлар. Отам бир неча бор:

- Болани ўз ҳолига қўй. Бунақада сенинг этагингдан айрилмайдиган онасининг ўғли бўлиб қолади-ку! - дея танбеҳ берсалар, ҳам онам қулоқ солмасдилар. Қайтанга:

- Дадажониси, сиз қизларингизни ўз билганича иш тутишга ўргатиб қўйгансиз. Мана, катта қизингиз ўқишга бориб, севиб қолдим, деб узоқ жойга турмушга чиқиб кетди. Болани ўз ихтиёрига қўйиб бўлмайди. Болада булар, нимани ҳам биларди?- деб эътироз билдирардилар. Дадам опаларимни яхши кўрар, "менинг қизларим жуда ақлли, уларга ишонаман", деб уларни тергамасди ҳам. Катта опамнинг қайнотаси амалдор эди. Кичик опаларим ҳам турмуш ўртоғини ўзлари танлаб, обрў-эътиборли хонадонларга келин бўлишди. Ўзлари хоҳлаган мутахассисликни эгаллаб, ўз соҳаларида ишлашяпти. Онам менга, ҳатто касб танлашимда ҳам эркинлик бермади.

- Спортчилик ҳам касб бўлибдими? Болалигинг қолмабди-да, ўғлим! Энг яхши касб - иқтисодчилик! Эркак кишига ярашадиган, касбинг нима деганда айтишга арзигулик иш, - дедилар жисмоний тарбия институтига ўқишга кирмоқчилигимни айтганимда.

Онам хоҳлаганлари учун иқтисодчи бўлдим, онам истаган ташкилотга ишга жойлашдим. Табиийки, уйланадиган ёшимда қиз танлашни ҳам онамнинг ўзлари қойиллатдилар.

Институтда ўқиб юрган кезларимда онам бу масалада қайта-қайта:

- Кўчадаги қизларга илакишма, ўғлим. Худо хоҳласа, сенга ойпаридек қизни ўзим топиб бераман, - деб уқтиришлари сабабли бирорта қизга кўнгил очиб, муҳаббат изҳор қилмаганман. Онам танлаган қиз узоқроқ қариндошимиз - онамнинг амакиваччасининг қизи бўлди. Университетда ўқиган, ўқитувчи эди. Тўйгача бир-биримизни икки марта кўрдик. Ўн беш кунда тўй бўлди. Яшаяпмиз, уч фарзандимиз бор. Оилали бўлсам-да, ҳанузгача онамнинг чизган чизиқларидан юришга мажбурман. Отам ҳам онамга қаршилик қилавериб чарчадилар. Менга ачинадилару, аммо қўлларидан ҳеч нарса келмади. Гапирсалар онам:

- Вой, мен нима, ўз боламга душманманми?! Болам қийналмасин дейман, ёлғизгина ўғлим ҳаётда адашмасин дейман-да, - деб кўз ёши қиладилар. Мен ҳам тақдиримга қўл силтаб қўйганман. Лекин... тўғриси бундай ҳаётдан, тафаккурсиз яшашдан чарчадим. Хотинимга хўжайинлик қилолмайман. У ҳам ҳеч қачон менинг фикрим билан қизиқмаган. Ҳамма нарсага онам аралашаверганлари учун нима иш қилса ҳам, онамдан рухсат олади, овқат тайёрлаш керак бўлса, ҳам онамнинг изнига қарайди. Хотиним мени ҳурмат қилмаслиги, эркак сифатида уйда ўрним йўқлиги аниқ. Чунки бундай бўлишига онам йўл қўйиб берган. Ишхонада ҳамкасбларимга, ўртоқларимга хотини қўнғироқ қилиб, бирор нимага рухсат беришини сўрашса, ич-ичимдан эзилиб кетаман. Мен онамнинг ҳаётида яшаяпман. Ўз ҳаётим, мустақил фикрим, қарорим йўқ. Бу кетишда эртага болаларим ҳам мени ҳурмат қилмай қўяди, деб қўрқаман.

Тўғриси, бошқа одамнинг ҳаётида яшаётгандекман. Гўё мен роботману, бошқарув пульти онамнинг қўлларида. Баъзан онамнинг қўлидан ўша қуриб кетгур пультни олиб, ҳаётимни орқага қайтаргим, ҳаммасини ўзим хоҳлагандек йўналишга солгим келади. Бироқ бунга журъатим етмаслигини ҳам биламан. Мен гўё ўлиб бўлган одамман. Фақат жисмимни онам бошқаради. Онамга Аллоҳ умр берсину, болаларим улғайиб, ҳаётда ўрнини топгунича ўзлари бош бўлсинлар. Бўлмаса, мустақил фикри йўқ, онасининг этагидан айрилолмайдиган, отасини менсимайдиган болаларимнинг келажаги яхши бўлмаслиги аниқ. Мен фақат шундан хавотирдаман.

Бу гапларни онамга зинҳор айта олмайман. Хафа бўлиб қоладилар, деб қўрқаман. Улар "Мен ўғлимга яхшилик қиляпман. Ўз фарзандимга ёмонлик истармидим?" деб ўйлайдилар. Лекин билмайдиларки, болани ҳаддан ортиқ яхши кўриш, унга фақат яхши нарсаларни раво кўриш мақсадида авайлаш билан ота-она ўзи истамаган ҳолатда фарзандига душманлик қилади. Мен ўз онамнинг "душман"лигидан азият чекяпман, афсус, қарши курашишга имконим ҳам йўқ! Биламан, ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмайди.

Энди нима бўлса, тақдиримдан, пешонамдан кўраман. Фақат газетада болага имкон қадар мустақиллик бериш, ҳеч бўлмаса, ўз фикрини, қарорини айта олишига имкон яратиш ҳақида мақолалар чоп этсангиз, ҳаётда менга ўхшаган "катта бола"лар кўпаймасмиди, деган илинж билан мактуб йўллаяпман.

Эркак киши оиласининг ори, керак бўлганда, халқнинг, Ватаннинг ҳимоячиси бўлади. Бунинг учун эса у, албатта, мустақил, қатъиятли ва мард бўлиши лозим. Бошқаларга бу масалада сўз айтиш мен учун оғир бўлса-да, айтишим мумкин. Фарзанд ўстираётган ота-она, энг аввало, ана шу жиҳатларга эътибор берсин, токи уларнинг фарзандлари мен каби бировнинг ҳаётида яшаб юрмасин".

Мактубни ФАРЗОНА оққа кўчирди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди