Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№40 дан: 01.10.2015

МУЛОҲАЗА

ТОПГАНИНГИЗДА БАРАКА БЎЛИШИНИ ИСТАСАНГИЗ,

ФЕЪЛИНГИЗНИ ИСЛОҲ ҚИЛИНГ

Бугун орамиздаги айрим кишилар "Нега топганимиздан барака арияпти?" деган иддао билан яшаётганлиги бор гап. Минг афсуски, уларнинг аксарияти машаққат чекиб топаётган пулида барака бўлмаётганлигини таҳлил қилиб кўрмайдилар. Қуйида айни саволга жавобни фақат ўзимиздан, феълимиздан ва қалбимиздан топишимиз ҳақида мулоҳаза юритамиз.

НЕГА ТОПГАНИМИЗДА БАРАКА ЙЎҚ?

Хуллас, нега топиш-тутишимизнинг баракаси йўқ? Тиним билмай ишласак-да, биримиз икки бўлиши, харажатларимиздан орттириб бир бурчакка тўрт-беш сўм ташлаб қўйгани имконимиз бўлмаяпти? Нима учун? Бозордаги нарх-наволар кун сайин ошиши, орзу-ҳавасларимиз дақиқа сайин ўсиб, кўпайиб бораётгани, бир томонда болалар катта бўлиб, улар билан боғлиқ харажатлар ҳам каттариб бораётгани -- ҳолатнинг оддий сабаби. Бироқ асосий сабаблар ҳам борки, улар важидан ризқимизни ўзимиз қийиб, бараканинг аришига ўзимиз сабабчи бўляпмиз. Қандай дейсизми?

Сизга эслатишга уринганларим, аслида жуда оддий ва жўн сабаблар бўлиши мумкин, аммо шу майда-чуйдалар бизга катта зарар етказаётганини мушоҳада қилганда, қалбингизни хавотир эгаллаши аниқ.

ШУНДАЙ ҚИЛИБ...

Баҳор-ёз фаслида аксариятимиз уй қурамиз, тўй қиламиз ёки қаергадир саёҳат уюштирамиз. Аммо айримларимиз оиламиз эҳтиёжига сарфланган электр энергияси, табиий газ, иссиқ ва совуқ сув ва бошқа коммуннал тўловлардан қарзга ботганмиз. Соҳа мутахассислари уйимизга келиб, қарзни тўлашимизни талаб қилса, иддаоимиз тайёр: "Тўлайман-да! Битта менми қарзи бор?!"

Бошқа томондан данғиллама, дабдабаси етти маҳаллага етадиган тўйлар ўтказамиз, ойда бир ёки икки "гап"га борамиз. Бу каби юришу, ҳавойи орзу-истакларимиз шу қадар кўпайганки, тўй-томоша, кўнгилхушликлар билан боғлиқ тадбирларимиз сони ва номи кундан кунга ошиб боряпти. Бирига бўлмаса бирига қарз оляпмиз. Бунинг устига қарздорликдан қўрқмасак, уялмасак, қандай қилиб топганимизда барака бўлсин!..

ҚАРЗ -- РИЗҚНИ ҚИЯДИ

Арабчадан тилимизга ўгирганда, "қирқиш, қийиш" маъноларини англатувчи қарз, нафақат ризқни, балки хотиржамликни, осудалик, осойишталикни ҳам қирқади. Коммунал ва солиқ тўловини қарз сифатида кўрмаймиз. Ўйлаймизки, иссиқ ва совуқ сув, электр ва табиий газ, солиқ ва ҳоказолар каби тўловларни истаган пайтимизда тўлайверсак бўлади. Олдимизда турган асосий харажат эса тўйимизни овозадор қилиб ўтказиш. Ҳатто, бунинг учун бировлардан қарз кўтариш ҳам ор эмас бизга. Аммо қарз олишнинг ҳам ўзига хос одоблари борлигини кўпчилигимиз билмаймиз ҳам.

ҚАРЗ ЎЛИМДАН САҚЛАНИШ УЧУН СЎРАЛАДИ

Қарздорликнинг, қарз олиш ва беришнинг ҳам ўзига хос шартлари, одоблари мавжуд. Унга кўра, қарз фақат муҳтожликда сўралади. Унда ҳам эҳтиёжга яраша, тез фурсатда қайтариш, қарз берганни ҳам, ўзини ҳам оғринтирмайдиган ҳолатнинг ҳисобини қилиб сўралади. Чақалоқни туғруқхонадан "Лимузин"да олиб чиқиш, ўтказаётган тўйимизга таниқли ашулачиларни таклиф қилиш, шахсий автомашина сотиб олиш, туғилган кунни нишонлаш ёки қимматбаҳо либос ёхуд тақинчоқ сотиб олиш учун қарз олиш жоиз эмас.

Сизда "бу гапларнинг барака кўтарилишига нима алоқаси бор экан?" деган савол туғилган бўлиши мумкин. Лекин танангизга ўйлаб кўринг, шунча қарз устида яшаб юрганингизнинг ўзи ризқингизни, баракани ва хотиржамлигингизни қирқмаяптими? Ахир қарз бўлсангиз, қандай барака бўлсин? Кўнгил хотиржам бўлмаса, эшикнинг ҳар тақиллаганини ҳадик ва хавотир билан қарши олсангиз, кун бўйи ишхонада ҳамкасбингиз берган қарзини сўраб қолишидан чўчиб, игнанинг устида ўтиргандек ўтирсангиз, ишингиз унадими, кунингиз кун бўладими?..

Вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова мавзу доирасидаги мулоҳазалари эса барчамизни янада ҳушёр яшашга ундайди.

- Ислом таълимотида ризқдан барака аришига қуйидагилар сабаб бўлиши айтилади:

Гуноҳ ишлардан тийилмаслик. Яъни, Аллоҳ маън этган ишларни қилиш, ота-онага оқ бўлиш, яқин қавм-қариндошлар, туғишган жигарлар билан муносабатларни узиш каби гуноҳ ишлардан тийилмайдиганларнинг ризқида барака бўлмайди.

Зино қилиш. Зино энг ёмон фаҳш ишдир. Табиийки, унинг зарари ҳам катта. Аввало, зино киши соғлиги, жисмоний ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилади. Зино ва унга олиб борувчи ишлар ризқ-насибанинг камайиши, бунинг акси ўлароқ зинодан тийилиш ва номаҳрамларга қарашдан сақланиш унинг баракали бўлишига сабаб бўлади.

Ёлғончилик. Ёлғон сўзлаш тил офатларининг энг каттасидир. Ёлғончилик мўминга мутлақо ёт нарса, балки мунофиқнинг сифатидир. Ёлғон сўзлаш, каззоблик банданинг охиратини барбод қилувчи иллатдир.

Ҳаётда ёлғончилик билан ишини битириб, ошиғи "олчи" бўлиб юрган одамларни кўп учратамиз. Улар кўзимизга бой-бадавлат, фаровон ва мазмунли ҳаёт кечираётгандек бўлиб кўринади. Аслида эса ҳаётларида барака, тинчлик-хотиржамлик йўқ.

Кибр, ғурур ва неъматларга куфр келтириш. Яъни, Аллоҳ тақдир қилган бойлигидан хайрли мақсадларда, тежамкорлик билан фойдаланмай манманликка, кибр-ҳавога берилиб ортиқча сарф-харажат, дабдабаларга берилиш ҳам ризқнинг торайиши ва барака аришига сабаб бўлади. Бойлиги билан ғурурланиш, манманлик қилиш, одамларни писанд қилмай, ўзидан кетиш ўша неъматнинг завол топиб, неъмат эгасининг аламли азобга мубтало қилади.

Бахиллик ва закотни адо этмаслик. Инсон бир нарсани ҳеч қачон унутмаслиги керак - хайр-эҳсон, садақа ва закот билан ҳеч қачон мол-дунё озаймайди! Аксинча, очкўзлик, қизғанчиқлик мол-дунёнинг баракаси аришига сабаб бўлади.

Тарозидан уриш. Тарозидан уриб қолиш, бировга ўлчаб ёки тортиб бераётганда кам қилиб бериш каби ҳолатлар ёмон оқибатларга олиб келади. Бировнинг ҳаққини ейиш, ҳаром йўллар билан бошқалар молини ўзлаштириш ризқнинг камайиши, бараканинг кўтарилишига олиб келади.

Шунингдек, ризқнинг кенг бўлишига ҳам асос бўлгувчи омиллар бор. Улар қуйидагилар:

Омонатдорлик. Омонатдорлик деганда аҳдига вафо қилиш, берган ваъдасининг устидан чиқиш ва тўғрисўзлик каби фазилатлар назарда тутилади. Жумладан, омонатга хиёнат қилмаслик, бировнинг ишониб берган бирор нарсасини эҳтиёт қилиш, ундан сўроқсиз фойдаланмаслик ҳам омонатдорлик одобига мансубдир. Ишончли ва омонатдор бўлиш бандага фақат фойда-манфаат, яхшилик, бойлик ва хайр-барака олиб келади.

Толиби илмларга ёрдам кўрсатиш. Илм толиблари, муаллим, инсонларга зиё улашувчи кишиларга ёрдам кўрсатиш ризқнинг янада кўпайишига сабаб бўлади. Чунки илм учун хизмат қилаётганлар ўзларига яхшилик қилаётган кишиларнинг мол-дунёлари янада кўпайишини сўраб, дуо қиладилар. Уларнинг дуолари ижобат бўлишига Аллоҳнинг ваъдаси бор.

Заиф ва бечораҳол кишиларга яхшилик қилиш. Аҳли солиҳлар инсонларга ёрдам бериш, заифларни қўллаб-қувватлаш ва уларни қаровсиз қолдирмасликка доимий тарзда даъват қилиб келганлар. Динимизда заиф ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам кўрсатиш, яхшилик қилиш тарғиб қилинади. Бу эса ўша жамиятнинг тинч-тотув бўлиши ва гуллаб-яшнаши, яхшилик қилган бандаларнинг эса мартабалари юксалишига сабаб бўлади.

Бойлик ва кенг ризқ сўраб дуо қилиш. Бу ерда "бойлик" деганда ўзгаларга муҳтож ва қарам бўлиб қолмаслик назарда тутилади. "Кенг ризқ" эса фаровон ва осойишта ҳаётни англатади.

Силаи раҳм қилиш. Кимки дунёда ризқи кенг ва баракали, ҳаёти фаровон ва осуда, умри савобли ишларга тўла бўлиши, ортидан солиҳ ва солиҳа фарзандлар қолиши, вафотидан кейин ҳам кишилар томонидан яхши хотиралар билан эсланиши ва номаи аъмолига солиҳ амаллар ёзилиб турилишини хоҳласа, бас, қариндош-уруғлари билан яхши муомалада бўлсин. Уларнинг ҳолларидан хабар олиб турсин. Хоҳ моддий, хоҳ маънавий томондан бўлсин, қариндошларига ёрдам қўлини чўзсин.

ХУЛОСА ҚИЛИШ СИЗДАН

Мулоҳазаларим аввалида айтганимиздек, ҳаётдан нолиманг, ношукрлик қилманг. Тўғри юриб, тўғри турсангиз, ҳалол-пок бўлсангиз ҳеч қачон нолишга ўрин қолмайди. Аввало, ниятингизни яхши қилиб, чиройли яшашга интилинг. Одамларни асло алдаманг, бемаъни орзу- ҳавасларга интилманг.

Демак, ҳаётимизни мазмунли, топаётган пулимизнинг баракали ва ризқимизнинг кенг бўлиши кўп ҳолларда ўзимиз, феълимиз билан боғлиқ экан. Феълимизни ислоҳ қилсак, ўз-ўзимизни тузатсак, шубҳасиз, топганларимизда файз-барака зиёда бўлади.

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди