Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№42 дан: 15.10.2015

Фаол аёлларимиз

"ИПАК ҚУРТИ БОҚИШ - ҲАЁТИМНИНГ МАЗМУНИГА АЙЛАНГАН",

- дейди тажрибали пиллакор рўзихон абдуллаева.

Олтинкўл тумани, Маслаҳат кишлоқ фукаролар йиғинига қарашли Хўжа маҳалласида истиқомат қилувчи Рўзихон опа Абдуллаева қарийб 35 йилдирки, ипак қурти боқиб, "кумуш тола" етиштиради. Ўтган ана шу йиллар уни тажрибали ва моҳир пиллакор сифатида юртга танитди.

Рўзихон опа болалигидан онасига қарашиб юриб, пиллачиликка меҳри тушди. Беш опа-сингил тонг ёришар-ёришмас, тут барги кесиб келиш учун дала томон ошиқишарди. Мактабдан келиб яна ипак қурти парвариши билан банд бўлишарди.

Пиллачиликда бир ойлик меҳнат йилга татийди. Қизлар астойдил, сидқидилдан қилган меҳнатлари учун оналаридан ҳамиша мақтов эшитар, дуосини олишарди. Рўзихон опа мактабни тугатиб, ҳеч иккиланмасдан ҳужжатларини пиллачилик мутахассиси тайёрлашга ихтисослашган техникумга топширди. Соҳанинг етук мутахассиси бўлишга аҳд қилди.

Буни қарангки, келин бўлиб тушган хонадони ҳам пиллакорлар оиласи эди. Қайнонаси Турсунхон онага пилла қурти боқишда тенг келадигани йўқ эди. Келини Рўзихон эса унга энг яқин кўмакчига айланди. Қайнонаси нуқул: "Ипак қурти фақат барг билангина тўйинмасин, новдасини ҳам шимсин, шунда пилласи оғир босади", дерди. У онасидан ўрганганлари, қайнонасининг ўгитлари билан уста пиллакор даражасига етди.

- Аввало, ипак куртига меҳр қўйиш керак, - дейди Рўзихон опа. - У ҳам тирик жон. Шунинг учун курт боқилаётган хоналар озода, шинам, хонадаги иқлим мўътадил бўлиши лозим. Ҳар йили ипак қурти парваришида 1 квадрат метрга 1 грамм уруғ ёяман. Улар қанча сийрак бўлса, пилла шу қадар тўлиқ ва йирик бўлади.

Рўзихон опа қурт боқиш сирини пухта ўрганган бўлса-да, "Қари билганни пари билмас" деганларидай ҳозир ҳам катталардан маслаҳат олишни канда қилмайди. Бир ойлик меҳнат машаққатли эканини билса-да, ҳар йили ипак қурти боқаверади. Чунки пиллакорлик опанинг ҳаёти мазмунига айланган, бу ишни бажармасдан яшай олмайди.

Ўтган йили оила аъзолари билан 8 қути қурт уруғи парваришлаб, 550 килограмм пилла топширди, каттагина даромад олди. Бу йил ҳам режани биринчилардан бўлиб уддалади. Узоқ йиллар пиллачилик бригадасига етакчилик қилган бўлса-да, оилавий ипак қурти боқишни ташлагани йўқ. Мана, салкам 10 йилдирки, тумандаги Фозилжон Қўчқоров массивида аграном. Лекин севимли иши, яъни ипак қурти боқишдан сира чарчамайди.

- Жорий йилда массивимиздаги ўнта пахта-ғалла, бешта тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида 292 қути ипак қурти уруғи жонлантирилиб, 252 та хонадонда парваришланди, - дейди Рўзихон опа. - Натижа ёмон бўлмади. 18 тоннадан зиёд пилла етиштиришга эришдик. Биз ҳам оила аъзоларимиз билан 8 қути қурт уруғидан баракали ҳосил кўтардик.

Ҳа, узоқ йиллар давомида Рўзихон опанинг олиб борган меҳнатлари ўз рағбатини топди. Бу йил Мустақиллик байрами арафасида Рўзихон опа Абдуллаева кўп йиллик самарали меҳнатлари учун давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи" унвони билан тақдирланди.

- Пиллачиликка меҳр қўйиб адашмаган эканман, - дейди опа. - Мана шу касбнинг орқасидан юксак унвонга сазовор бўлдим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Камтарона меҳнатларимни қадрлаб, берилган мукофот учун Юртбошимизга раҳматлар айтаман. Ушбу унвоннинг берилиши нафақат менинг, балки юртимиздаги барча пиллакорлар меҳнатининг эътирофи, деб биламан.

Дарҳақиқат, оддий, меҳнаткаш қишлоқ аёли ҳалол ва самарали меҳнати орқасидан шу қадар эъзозланиши юртимизда инсон қадри сарбаланд эканлигининг бир намунасидир.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

Суратда: "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи" унвони соҳибаси Р. АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди